Юртимизда анъанага айланган ҳар бир янги йилни ўзига хос, маълум бир йўналиш бўйича номлаш ва бу борада давлат дастурининг қабул қилиниши кўплаб самарали ишларнинг амалга оширилишида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Хусусан, «Соғлом она ва бола йили» давлат дастурининг халқ таълимига оид бўлимида соғлом болани шакллантиришда таълим тизимининг ролини кучайтириш, мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, бошланғич таълим сифатини таъминлаган ҳолда болаларни мактабга тайёрлаш даражасини тубдан ошириш, илғор педагогик ва ахборот-коммуникацион технологияларни амалиётга кенг жорий этиш, соғлом турмуш тарзини тарғибот қилиш бўйича тадбирларни амалга оширишга йўналтирилган қатор вазифалар белгиланган.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан 2016 йилга «Соғлом она ва бола йили» деб ном берилиши ҳам фуқароларимизни эзгу ғоя, эзгу интилишлар сари бирлаштириб, халқимиз фаровонлиги, юртимиз равнақи йўлидаги саъй-ҳаракатлар натижасини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Мазкур дастурдан ўрин олган кенг қамровли ижтимоий-иқтисодий масалаларни рўёбга чиқариш учун қарийб 7,5 трлн сўм ва 180 млн доллардан зиёд маблағ ўзлаштирилди.
Мамлакатимизда таълим соҳаси учун сарфланаётган харажатлар ЯИМнинг 10–12 фоизини ташкил этиши тизимда ижобий ўзгаришлар ясаб, бу жиҳат халқаро экспертлар томонидан юқори баҳоланмоқда. Тизимдаги муваффақиятлар мамлакатимиз ижтимоий тараққиётини таъминловчи устувор йўналиш – таълим сифати билан чамбарчас боғлиқ. Амалга оширилаётган оқилона сиёсатнинг ажралмас қисми – ёш авлодга сифатли таълим бериш, уларни комил инсон қилиб тарбиялаш, жамиятда ўз ўрнини топишдек муҳим босқичларга пойдевор қўйиш бизга ҳам шараф, ҳам залворли масъулият юклайди. Ёш авлодни келажакда етук мутахассис, мушоҳадали ва тўғри қарор қабул қила оладиган салоҳиятли кадрлар этиб тайёрлаш учун уларни Она юртга муҳаббат, ўқиш ва билим олиш руҳида тарбиялаш, мавжуд қобилиятини намоён этишда зарур шарт-шароитлар яратиб бериш муҳим аҳамият касб этади. Қолаверса, фарзандларимизни дармондориларга бой, тўйимли маҳсулотлар билан озиқлантиришга жиддий эътибор берилмоқда. Йил давомида дастурда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш учун вазирлик томонидан қуйидаги саъй-ҳаракатларни амалга оширишга муваффақ бўлинди:
Халқ таълими вазирлиги «Нестле Ўзбекистон» масъулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида имзоланган қарорга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси ва Бухоро вилоятидан 50 та мактаб танлаб олиниб, вазирлик ва таълим маркази мутахассислари биргаликда «Тўғри овқатланиш дарслари» таълим дастури яратилди. Белгиланган ҳудудларда дарсликнинг тақдимоти ўтказилди ва 5000 нафар ўқувчи иш дафтари, 170 га яқин ўқитувчи ўқув қўлланмалари билан таъминланди.
Дарҳақиқат, мустақилликка эришган илк йилларданоқ ёш авлодни ҳам руҳан, ҳам жисмонан, ҳам маънан баркамол этиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, келажак авлод мустақил ҳаёт остонасида ўз юрти, она Ватани олдидаги бурч ва масъулиятини тўлиқ англаса, ҳаётга теран нигоҳ, ақл кўзи билан боқсагина оилаларимиз янада мустаҳкам, демакки, мамлакатимиз тинч, аҳоли фаровонлиги ўсиб, жамиятимиз ривожланади.
Соғлом ва жисмонан бақувват бўлишда спортнинг ўрни ниҳоятда муҳим. Спортга ошнолик гўдакликдан бошланса самара янада юқори бўлади. Юртимизда болалар спортини ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида аҳамият берилиб, айниқса, «Болалар спортини ривожлантириш» жамғармаси тузилгани айни муддао бўлди. Вилоят ва туманларда жаҳон андозаларига мос келувчи спорт мактаблари, сузиш ҳавзалари ва футбол ўйингоҳлари қурилаётгани, энг муҳими, спортнинг барча турлари бўйича ўтказилаётган маҳаллий ва халқаро мусобақаларда ғолибликни қўлга киритаётган спортчиларимиз сони тобора кўпаяётгани олиб борилаётган ишлар ўз самарасини бераётганидан далолат беради. 2016 йилда 15 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, 5 та ихтисослаштирилган спорт мактаби, 217 та мактаб спорт зали, 12 та барча шарт-шароитларга эга сузиш ҳавзаси қурилди ва реконструкция қилинди. Манзилли дастурга мувофиқ 18 та болалар мусиқа ва санъат мактаби қурилиши ва реконструкцияси бўйича 40,2 млрд сўмлик қурилиш-монтаж ишлари якунланди.
«Болалар спортини ривожлантириш» жамғармаси ҳисобидан 24 та мамлакатда бўлиб ўтган 40 та халқаро спорт мусобақасида спортнинг 18 тури бўйича 378 нафар ўқувчи ёшлар иштирок этиб, жами 308 та медални қўлга киритишди.
Ўзбекистон «Ёшлик» жисмоний тарбия ва спорт жамияти Марказий кенгаши ҳамда «Sport» телерадиоканали ҳамкорлигида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида «Қувноқ стартлар» анъанавий телевизион спорт мусобақалари ўтказилмоқда. 2016 йилнинг 13–21 июнь кунлари «Имконияти чекланган болалар учун» ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари ўқувчилари ўртасида спортнинг сузиш ва шахмат турлари ҳамда «Қувноқ эстафеталар» мусобақасининг биринчи, Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги 2-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактабида республика босқичи бўлиб ўтди.
Мактабгача ёшдаги қизларда орасталик, саришталик, меҳнатсеварлик, тўғри сўзлик каби фазилатларни шакллантириш мақсадида «Зумрадойлар давраси» тўгараги йўриқномаси илмий методик кенгаш томонидан нашрга тавсия этилди.
Ўқувчилар, айниқса, қизлар соғлиғини мунтазам назорат қилиш, уларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, мустақил фикрлашни ўргатишда «Ораста қизлар» тўгараги фаолияти, тарғибот-ташвиқот ишлари яхши самара бермоқда. Тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича маҳалла ва таълим даргоҳи, тиббиёт маскани билан уч томонлама ҳамкорлик яхши йўлга қўйилгани боис, ўқувчилар давомати ҳам яхшиланмоқда.
Йил давомида ўқув ва таълим даргоҳларини зарур техника ва жиҳозлар билан таъминлаш вазирликнинг доимий диққат-эътиборида бўлиб, жумладан, биргина МТМлари учун ҳудудий ва тармоқ саноат ярмаркасида 25,5 млрд сўмлик жиҳозлар харид қилинди.
Болалар интеллектини мантиқий фикр ва эрта моторика ҳисобига ривожлантириш мақсадида 2016–2018 йилларда 3000 та мактабгача таълим муассасасини тўққиз номдаги кўргазмали қурол, дидактик материал, мантиқий ўйин ва ўйинчоқлар билан таъминлаш бўйича икки млрд сўмлик шартномалар имзоланди. Таълимда глобал ҳамкорлик лойиҳаси доирасида 1620 та МТМларда ташкил этиладиган кутубхоналар учун мўлжалланган 50 номдаги китоблар Илмий-методик кенгаш томонидан нашрга тавсия этилди. 1220 та МТМдаги тўлиқ ва қисқа муддатли гуруҳлар ўйин бурчаклари, ўқув-методик материал ва зарур мебеллар билан жиҳозланди.
2016 йил Инвестиция дастурига кўра, жами 371 та таълим объектларида қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланди, шунингдек, жорий йилда умумтаълим мактабларини мебель, ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, компьютер техникаси, спорт анжомлари билан жиҳозлаш учун жами 38,3 млрд сўм миқдоридаги маблағ йўналтирилди.
Мавжуд 301 та мусиқа ва санъат мактаблари 24 номдаги 39624 нусха ўқув қўлланмалари ва ноталар билан таъминланди. Китоб саводхонлигини ошириш мақсадида республикамизнинг 13 та ҳудудида фуқаролар йиғинлари маслаҳатчилари ва 1220 та МТМ мудиралари билан китоб ажратиладиган 200 мингта оиланинг рўйхати шакллантирилди.
2016–2017 ўқув йилига умумтаълим мактабларининг 4-cинф ўқувчилари учун янгидан жами 1 127 413 нусха чет тили учун дарслик ва машқ дафтарлари, ўқитувчилар учун 21159 нусха методик қўлланма ва мультимедиали ўқув ресурслари тайёрланди.
Шунингдек, 5–9-синфларга айрим фанларга ихтисослашган мактаблар учун олти номда, 33069 нусха дарсликлар ҳамда «Соғлом она ва бола йили» давлат дастури асосида 3-синф бошланғич синф ўқитувчилари учун 7 номда 125582 нусха услубий қўлланмалар чоп этилди, илова сифатида 41640 дона мультимедиали ўқув ресурслари тайёрланди.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳузуридаги Чет тилларини ўқитишнинг инновациявий методикаларини ривожлантириш Республика илмий-амалий маркази билан ҳамкорликда режага мувофиқ тадбирлар, хусусан, ЎзМТРКнинг каналларида болаларнинг чет тилини ўзлаштиришига кўмаклашувчи маданий-маърифий дастурлар мунтазам эфирга узатилмоқда. Март ойидан бошлаб 20345 нафар чет тили ўқитувчилари учун ҳафталик курслар, 686 та таянч мактабида 951 нафар етук мураббийлар томонидан ўқишлар ташкил этилгани ижобий самара бермоқда. «Энг яхши чет тили ўқитувчиси» номинацияси асосида бўлиб ўтган кўрик танлови ғолиблари бўлган 42 нафар чет тили ўқитувчиси ноябрь ойида Буюк Британияда бўлиб, ўз билим ва малакаларини янада ошириб қайтди.
Мурғак қалбларни ҳар тарафлама дунёқарашга эга шахс сифатида шакллантиришда бадиий адабиётдан фойдаланиш, мавжуд кутубхоналарни адабиётлар билан бойитиш, ўқувчиларни «Китоб олами» савдо мажмуаларига ташрифини уюштириш, таниқли шоир ва ёзувчилар билан учрашувлар ўтказиш, кутубхоналарга аъзо бўлишда имтиёзлар яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ишчи гуруҳ томонидан тавсия этилган 28 номдаги лотин графикаси асосида яратилган ўзбек ва чет эл ёзувчиларининг бадиий адабиётлари, энциклопедиялар ва ўрганиш китобларини харид қилиш белгиланди. «Uzconsultservice» қўшма корхонаси билан 2016 йил 12 июлда имзоланган шартномага мувофиқ китобларнинг максимал нархлари аниқланди ва Молия вазирлиги ҳузуридаги Мақсадли китоб жамғармаси томонидан 10,9 млрд сўм миқдорида маблағ ажратилди.
Халқ таълими вазирининг «Умумтаълим фанлари бўйича олимпиадаларнинг 3-босқичини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида»ги буйруғига асосан «Умумтаълим мактабларининг 9-синф ўқувчилари ўртасида умумтаълим фанлари бўйича олимпиадаларни ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди. Шунингдек, Республика ташкилий қўмитасининг «Умумтаълим фанлари бўйича Республика олимпиадасининг III (вилоят) босқичи учун баҳолаш мезонлари» тасдиқланиб, ижрога йўналтирилди. Халқаро олимпиадаларда иштирок этиш учун энг иқтидорли ўқувчиларни танлаб олиш механизмини такомиллаштириш, етакчи мутахассис-педагогларни жалб этган ҳолда талабгорларни махсус тайёрлашни ривожлантириш ва фан олимпиадаларида етакчи ўринларни эгаллаб келаётган давлатлар тажрибаларини ўрганиш йўлга қўйилди.
2016 йилнинг февраль ойида Таиланд Қироллигидан халқаро математика (IMC) мусобақасида иштирок этиш учун таклиф олинди. Икки босқичли саралаш орқали 4 нафар ўқувчидан иборат миллий терма жамоа шакллантирилиб, нуфузли мусобақада иштирок этиш учун ўқувчилар жамоаси 14–20 август кунлари Таиланд Қироллиги Чианг Маи шаҳрида халқаро математика мусобақасида қатнашиб, умумжамоа баҳсларида иккинчи ўринни, якка баҳсларда иккита бронза медали ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланишди. Бу каби ижобий мисолларни физика, кимё, адабиёт йўналишлари бўйича ҳам келтириш мумкин.
Илк бора мактабга қабул қилинган 1-синф ўқувчиларига 642109 та «Президент совғалари» тўплами ва кам таъминланган оилаларнинг 403,3 минг нафар фарзандларига қишки кийимлар, якка тартибда таълим олувчи болалар учун 10521 тўплам ва 233 млрд сўмлик ўқув қуроллари тўлиқ етказиб берилди.
Оилада соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, фарзандларимизнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида 50 дан зиёд «Баркамол авлод» ўқув марказлари, маҳаллалар қошида «Моҳир қўллар» ва турли хил спорт тўгараклари, юздан зиёд мусиқа ва санъат мактаблари фаолият юритмоқда. Барча саъй-ҳаракатларимиз аллақачон ўз мевасини бериб, иқтидорли ва салоҳиятли ўқувчиларимиз халқаро олимпиадаларда ҳамда спорт мусобақаларида, санъат фестивалларида пешқадамлар сафидан муносиб жой эгаллаб, юртимиз байроғини баландларга кўтаришяпти.
Халқ таълими вазирлигининг мутасадди ходимлари «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да ҳам ўзига юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажариш йўлида астойдил ҳаракат қилади.
Зотан, соғлом фарзанд, баркамол авлодни вояга етказиш йўлидаги эзгу вазифалар ҳеч қачон ҳудуд ва вақт нуқтаи назаридан чегара билмайди. Бу таълим ва тарбияга оид амалий ишларимиз мунтазамлик касб этиши, эртанги авлод – келажагимиз эгаларини ҳар тарафлама етук шахс сифатида шаклланишида муҳим аҳамият касб этади. Ёш авлод тарбияси, уларнинг жаҳон андозаларига мос равишда таълим олиши ҳукуматимиз сиёсатининг узвий бўлаги, нурафшон эртамизни таъминловчи асосий омилдир.
Баҳриддин ШАЙВАЛИЕВ,
Халқ таълими вазирлиги
матбуот котиби