Қашқадарё вилояти «БУНЁДКОР»лари

2-3/2023

 
     «Бунёдкор» жамияти 1999-йил Косон шаҳрида таниқли саноатчилар – Эрқуловлар оиласи томонидан ташкил этилган. Корхона ўз фаолиятини пахтани тозалаш ва қайта ишлашга ихтисослашдан бошлаган. Ўша пайтлар «Бунёдкор» ХК корхонасида атиги 50 нафар ишчи бўлиб, корхона ўз даврида пахта тозалаш технологиялари, жумладан, линтер, пахта тозалаш ва бошқа ишлаб чиқариш объектларини ривожлантиришга қўшган ҳисса ва саъй-ҳаракатлари билан турдош корхоналар ичида тан олинган.
 
     Корхона томонидан 2005- йилга келиб, янги технологияларни босқичма-босқич қўллаш ва халқаро мутахассисларни жалб этиш орқали пневматик йигириш усулида калава ишлаб чи­қариш йўлга қўйилди. Ке­йинчалик, 2009 йилда, ғўза чигитини тадқиқ этиш ва такомиллаштириш бўйича етакчи бўлиб, кимёвий ва биологик хусусиятларини йўқотмаган ҳолда тўғри сақлаш учун қадоқлаш­нинг ўзига хос усулини ишлаб чиқди.
     2016-йилга келиб эса корхонада жадал ўзгариб бораётган жаҳон бозори конъюнктураси, шунингдек, давлат раҳбари Ш.М. Мирзиёев томонидан яратилган қулай бизнес шароитларига асосланган янги ривожланиш стратегияси қабул қилин­ди ва бизнинг «Бунёдкор» МЧЖ негизида Ўзбекистон Республикаси Ва­зирлар Маҳкамасининг 2018-йил 19-сентябрдаги 744-сонли қарорига асосан Косон туманида пахта-тўқи­мачилик кластери ташкил этилди.
     Пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилиши соҳанинг кескин ўсишига, шунингдек тўқимачилик со­ҳасининг ядроси бўлган пахта хом ашёсини етиштиришдан то тайёр махсулотгача бўлган занжирни ташкил қилишлик билан янги Ўзбекистонда янги тўқимачилик саноати ташкил бўлди десак муболаға эмас.
     Тўқимачилик саноатида кластер тизимини жорий килинишининг аф­залликларини албатта, ташкилотнинг экиладиган уруғдан бошлаб уни тайёр маҳсулотгача сифат назоратини килиш имкониятини бериши, қай­та ишлаш учун хом ашё захирасининг кафолатланганлигидир. Корхонамизнинг бошка кластерлардан фарқли жиҳати биздаги ишлаб чикаришларнинг бир жойда, катта комплекс сифатида ташкил этилганидир. Бу ўз урнида хом ашё ва махсулотларнинг сифатини тўлиқ назорат килиш имконини бериб, хом ашёни ўз вақтида кайта ишлаш билан бирга, логистика харажатларини ҳам камайтиради, бир жойда комплекс жойлашганлик кейинги кайта ишлаш бос­қичининг сифатини назорат килиш имконини беради.
     2018 йили кластер корхонаси ташкил этилганда 88 нафар ишчи ходим ишларди, бугунгa келиб улар сони 1500 нафарни ташкил этмоқда. Асосий мақсадимиз – ишлаб чиқа­риш занжирини яратиш, маҳсулот сифатини жаҳон даражасига етказиш, экспорт салоҳиятини ошириш, муқим иш ўринларини кўпайтириш. Жамиятимиз ривожида инвестицияларнинг роли алоҳида эканини таъ­кидлаб ўтишни истардим. Хусусан, 2018 йилда жамиятимизга 4 млн. 700 минг Евро миқдорида инвестиция киритилиши натижасида кунлик қув­вати 7 тоннани ташкил киладиган, очиқ энд усулида йигириладиган калава ип ишлаб чикариш фабрикаси ишга тушган бўлса, 2020 йили суммаси 50 млн. еврони ташкил этувчи янги лойиҳа ишга туширилди. Лойиҳа ўз ичига 38 млн евролик, кунлик 15 тонна қувватга эга ҳалка усулида йигириладиган калава ип ишлаб чиқа­рувчи фабрика, йиллик 2000 тонна қувватга эга трикотаж ва 4 млн. 800 минг пагонаметр тўқув мато ишлаб чиқарувчи фабрика, йил­лик 8 млн. дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқарув­чи фабрика, 3 млн. 700 минг евролик кунлик 100 тонна чигитни кайта ишлайдиган қувватга эга ёғ ишлаб чиқа­рувчи корхона ва 8 млн. 300 минг евролик пахта завод модернизацияси ва ҳо­зирги кунда жаҳонда қўл­ланилаётган сўнгги технологиялар ёрдамида уруғ­лик чигитни қайта ишлаш технологияларини жорий қилиб, янги уруғлик цехини ишга туширишни ўз ичига олади.
     Муҳтарам Президентимиз пахта ва тўқимачилик саноатини кластер тизимига ўтказишга оид ташаббуслари юртимизда соҳага бўлган эътиборни тубдан ошишига, маҳсулот сифати жадал ўсишига катта туртки бўлди. Бунга далил қилиб корхонамиз ҳозирги кунда Польша, Италия, Швецария, Туркия, Россия, Покистон ва бошка давлатларга маҳсулотла­римизни экспорт қилаётганлик билан айта оламан. 2021 йили 6 млн. 100 минг долларлик, 2022 йили 10 млн. доллардан зиёд қийматга эга маҳсу­лотларимиз сотилган бўлса, 2023 йил­га келиб 15 млн. долларлик экспорт режалаштирганмиз, бу ишлаб чиқа­рилаётган маҳсулотнинг 85%ини ташкил этади.
     Жамиятимиз ҳозирда қиймати 55 млн. еврони ташкил этувчи нав­батдаги лойиҳани амалга ошириш ишларини олиб бормокда. Лойиҳа маб­лағлари мавжуд тўқимачилик ва трикотаж матолар тўқиш цехларини кенгайтириш, матоларни пардозлаш, бўяш ва гул босиш ва тайёр тикув цехларини кенгайтиришга йўналтирилади. Мазкур ишларни амалга ошириш натижасида туманимизнинг яна 720 нафар ахолисини янги иш ўрни билан таъминлаш, экспорт миқ­дорини камида 20 млн. долларга етказиш имкони яратилади. Лойиҳани шу йилнинг ўзида молиялаштириб, 2024 йилда тўлиқ ишга туширишни режалаштирганмиз.
     Жаҳонда маҳсулот сифатига талаб ва рақобатнинг ошиши натижасида, соҳага инновацион ечимлар ва рақамлаштириш изчиллик билан кириб келмоқда.
     Ишлаб чиқаришда рақамлашти­риш қанчалик муҳим бўлса, қишлоқ хўжалигида ҳам шунчалик муҳим. Мавжуд «Planado» дастури орқали пахта етиштиришни шудгордан бошлаб, теримгача бўлган барча босқич­ларни назорат қилиш имконини беради. Бу, ўз ўрнида жуда кўп вақт иқтисод қилинишига,самарали иш юритишга имкон беради. Иш жараёнига рақамлашган дастур татбиқ этганмиз, натижада нафақат фермер ва агрономлар ишлари енгиллашиши, балки иш самарадорлиги ошишига олиб келди. Фермерлар далада бирор муаммога дуч келса, яратил­ган умумий платформага ёзиши ва пахта ҳолати бўйича расм ва ҳисо­ботлар жўнатиш имконига эга. Платформага келиб тушган муаммоли дала зудлик билан тегишли агрономга йўналтирилиб, камчиликлар бартараф этилади. «Osoft» дастури ор­қали пахта пунктга кириб келишидан бошлаб тайёр маҳсулотгача бўлган жараённи нафақат қиймат ёки ҳажм жиҳатидан, балки сифати ҳам назорат қилинади. Бир мижоздан буюртмага асосан дастур ҳар бир жараённи назорат килиб боради, агар инсон омили билан хатолик юз берса, дастур тезда огоҳ­лантириб хатони тузаттиради, шу ор­қали ҳам сифат, ҳам вақт сақланиб қолинади. Қулайлик йилдан-йилга ҳо­силдор­ликни ошишига ҳисса қў­шаётгани қувонарли.
     Ишлаб чиқариш сифати ва унумдорликни ошириш учун ишчиларга ишлаш шароитини, дам олиш ва соғ­лиғини яхшилаш – доимий диққат марказимизда. Янги Ўзбекистони­мизда гендер масаласи, ишчиларнинг меҳнат шароитлари ва ижтимоий ҳимоясининг яхшиланишига катта эътибор берилмоқда. Энг аввало, биз корхонада ходимлари устидан масъул эканлигимизни ҳис қи­ламиз. Агар ходим ўзини хавфсизликда ва ҳур­матда ҳис этса, у ўзини бахтли ҳис килади, ходимлар бахти менинг ҳам бахтим. Чунки бахтли жамиятда, сифат ҳам, самарадорлик ҳам, барака ҳам бўлади.
     Жамиятда карийб 70% аёллар ишлашини инобатга олиб, корхонамиз томонидан ишчилар ишга ва иш­дан уйга хавфсиз келиб кетиши учун бепул транспорт, бепул овкатланиш ошхоналари, қулай шароитларда дам олишлари учун барча ша­роитлар яратилган. Муҳими, улар меҳнатла­рига яраша муносиб маош ва рағ­батни сезиб меҳнат қилишади. Бу эса ишлаб чиқариш, сифатни оширишда асосий механизмдир.
 
Ғолиб ЭРҚУЛОВ

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.