Standartlashtirish

Халқаро стандартлар тизими жорий этилиши саноатнинг барқарор ривожланиш асоси

2-3/2023

 
     Стандартлар – иннова­цияларни амалга оширишга ва унумдорликни юксалтиришга қодир самарали воситалардир. Улар компанияларни янада муваффақиятли қилиши, соддалаштириши, хавфсиз қилиши ва одамларнинг кундалик ҳаётини соғломлаштириши мумкин. Шунингдек, стандартлар ёрдамида тўқима­чилик маҳсулотларини ишлаб чиқа­ришда Европа Иттифоқи ва АҚШ бозорларига чиқишнинг асосий талабига айланган экологик барқа­рорлик ва ижтимоий масъулият таъминланади.
     Тўқимачилик соҳасида халқаро стандартлар аҳамияти беқиёс. Улар нафақат маҳсулот сифатини ошириш ва жаҳон бозорига чиқиш, балки унумдорликни ошириш борасида муҳим ўрин тутади. Мамлакатимиз тўқимачилик соҳасида «Ўзтўқима­чиликсаноат» уюшмаси кўмагида халқаро стандартларни жорий этиш устида фаол ишлар олиб борилмоқ­да, шу жумладан, миллий тўқимачи­лик корхоналари ва улар ишлаб чи­қарган маҳсулотларнинг жаҳон стандартларига мослигини таъминлаш бўйича етакчи халқаро ташкилот ва компаниялар билан ҳамкорлик қилинмоқда.
     Таъкидлаш лозимки, республикада халқаро стандартлар тизимини изчил жорий этиш шарофати билан Cotton Campaign коалицияси томонидан ўзбек пахтасига қўйилган бойкот бекор қилинди, бу эса 2022 йилда эришилган энг катта ютуқдир.
     Статистикага кўра бугун халқаро стандартлар тизимларидан ISO 9001/14001/18001/45001/50001 стандартлари 1200 дан ортиқ корхона, OEKO TEX – 100, SEDEX – 30, BSCI – 25, GOTS ва Organic EU – 8, OCS – 4, CE маркировкаси – 3, GRS – бир корхона томонидан жорий этилди.
     Тармоқ корхоналари ISO сифат менежменти стандартлари қаторида ESG тамойилларига ҳам амал қил­моқда. Кенг маънода бу тижорат фаолиятининг барқарор ривожланиши бўлиб, атроф-муҳитга масъулиятли муносабат (E – environment); юқори ижтимоий масъулият (S – social); корпоратив бошқарувнинг юқори сифати (G – governance) каби тамойилларга асосланади. Замонавий кўринишда ESG-тамойиллари БМТнинг собиқ Бош котиби Кофи Аннан томонидан ифодаланган. У жаҳоннинг йирик компаниялари менежерларига бу тамойилларни биринчи галда иқлим ўзгариши билан курашиш учун ўз стратегияларига киритишни таклиф этди. Экология тамойиллари компания атроф-муҳит ҳақида қан­чалик ғамхўрлик қилишини ва экологияга етказаётган зарарини қандай қисқартиришга уринаётганини кўрсатади. Ижтимоий тамойиллар компаниянинг ходимлар, етказиб берувчилар, мижозлар, ҳамкорлар ва и­теъмолчиларга муносабатини ифода этади. Стандартларга мос келиш учун бизнес меҳнат шароитлари сифати устида ишлаши, гендер мувозанатини кузатиши ва ижтимоий ло­йиҳаларга инвестиция киритиши керак. Бошқарув тамойиллари корхоналарни бошқариш сифатига тааллуқли: ҳисобот ва менежмент маошлари шаффофлиги, ишхоналардаги соғлом муҳит, акциядорлар билан муносабатлар, коррупцияга қарши чоралар шулар жумласига киради. ESG тамойилларига амал қилган компания инвесторлар ва молия-кредит муассасалари томонидан янада юқо­ри жозибадорлик ва молиявий кўрсаткичлар, яхши меҳнат унумдорлиги каби қатор афзалликларни қўл­га киритади. Узоқ муддатли истиқ­болда эса ESG тамойилларига амал қилиш ишбилармонлик обрўсини оширади ва компаниянинг ижобий имижини яратади, экология солиқ­ларига харажатларни камайтиради, бизнеснинг технологик ва инновацион са­лоҳиятини оширади.
     SEDEX – инглизча қисқартма бўлиб, «Етказиб берувчининг ахлоқий маълумотлари билан алмашиш» маъносини англатади. Оддийроқ айтганда, ушбу ташкилот жаҳон миқё­сида маҳсулотлар етказиб бериш занжирида бизнес юритишнинг масъулиятли ва ахлоқий усулларини қўллаб-қувватлайди. Бу ижтимоий меъёрларга риоя қилиш бўйича ташаббус бўлиб, Буюк Британиянинг ноҳукумат ташкилотлари, савдо уюшмалари ва аъзо фирмалар томонидан илгари сурилган. Умуман олганда, SEDEX меҳнат меъёрлари, соғлиқ ва хавфсизлик, ишбилармонлик ахлоқидан иборат тўрт устунга таянади. SEDEXнинг барча аъзолари бу асосий ёндашувлар доирасида етказиб бериш занжири унумдорлигини оширишга ҳаракат қилмоқда.
 
 
Муҳаммад МАХМУДОВ, халқаро стандартларни жорий этиш ва инновациялар бошқармаси бошлиғи
 
 
Сиз мақоланинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.