Япониянинг машҳур “Balсom Co., Ltd” хусусий холдинги Ўзбекистонда комплекс ўғитлар ишлаб чиқарувчи йирик корхона – “IFODA” компаниясига инвестиция киритадиган бўлди. Инвестиция доирасида бир қанча лойиҳалар амалга оширилади.
Тан олиш керак, хусусий компаниялар томонидан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳали кам учрайди. Умуман бошқа йўналишларда ном қозонган, қишлоқ хўжалигига бегона бўлган “Balсom Co., Ltd” “IFODA” компаниясининг соҳада катта тажрибага эгалиги, унинг келгуси истиқболи ҳамда бозор муносабатлари шароитида жаҳон стандартлари талабига жавоб бергани, шунингдек, халқаро сертификатларга эгалиги, маркетинг ва менежмент йўналишида ривожланган давлатлардаги каби иш юритиб келаётгани боис ҳамкорликни йўлга қўйишга қарор қилди.
“IFODA” компаниясининг Наманган вилоятида жойлашган заводи умумий майдони 60 минг м2 ҳудудни қамраб олади. Бугун заводда йилига 10 миллион литргача пестицидлар ишлаб чиқариш имконияти мавжуд. Ва ушбу имкониятлар ҳосиласи ўлароқ, компания маҳсулотларининг сони 150 турдан ошиб кетди.
Завод маҳсулотларининг сифати махсус ихтисослашган лабораторияда назорат қилиб борилади. Ушбу лабораторияда маҳсулот намуналарининг кимёвий элементлари таркиби синчковлик билан таҳлил қилиниб, унинг белгиланган норма ва таркибга қанчалик мослиги, хусусан, модда ва компонентларнинг етарли миқдорда экани таҳлил қилинади.
2019 йилда ишга тушган ихтисослашган тадқиқот ва ривожланиш марказининг илмий даражага эга бўлган маҳаллий ва хорижий мутахассислари заводда тайёрланаётган препаратларнинг юқори сифатини таъминлаш мақсадида мунтазам тадқиқот ишларини олиб борадилар.
Компаниянинг асосий мақсади – хорижий инвестицияларни жалб қилиб, чет эллик ҳамкорлар билан икки томонлама манфаатли бўлган иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, экспорт салоҳиятини ошириб, дунё бозорига чиқиш ва албатта, юртимиз иқтисодига муносиб ҳисса қўшишдир.
“IFODA” компаниясининг стратегик режасидан ўрин олган муҳим бандларидан бири бу – кластерларни техникадан тортиб ўғитларгача тўлиқ таъминлашдан иборат.
Янги ҳамкорларни топиш, улар билан ўзаро манфаатли муносабатларни йўлга қўйиш ва ривожлантириш – замонавий талаблар ва жаҳон стандартлари асосида рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи “IFODA” компанияси ташқи иқтисодий фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Компания маҳаллий бозорда бундан буён ҳам етакчи бўлиб қолишга, “Аграр соҳанинг инновацион илғор иштирокчиси” деган мақомини янада мустаҳкамлашга, мамлакат миқёсида ва хорижда агрокимё маҳсулотларига тобора ўсиб бораётган талабни қаноатлантириш учун бор куч-ғайратини ишга солишга ҳаракат қилади.