Кон-металлургия саноатидаги йирик инвестицион лойиҳалар юртимиз равнақи ва келажагига хизмат қилмоқда

3/2022

 
     Шу кунларда юртимизда айём шукуҳи кезмоқда. Юртдошларимиз «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз» деган ғояни ўзида мужассам этган кенг қамровли тадбирларни ташкил этиб, мустақиллигимизнинг 31 йиллигини муносиб нишонлади. Навоий кон-металлургия комбинатининг кўп минг кишилик жамоаси ҳам ушбу қадрли байрамни шоду хуррамликда, ажойиб меҳнат зафарлари билан кутиб олди.
 
     Дарҳақиқат, мустақиллик биз­га тинч-осуда ҳаёт, бах­тиёр яшаш, орзу-мақ­садларимизга эришиш имконини берди. Муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолигида халқи­миз бахту саодати, фаровонлиги, соҳалар ривожи йўлида барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқдаки, сўнгги олти йилда амалга оширилган ишлар, ютуқлар, ўзгаришлар бунинг исботидир. Бу эса халқимизга чексиз шукроналик, қувонч улашмоқда. Ис­лоҳотлар руҳи ҳар бир юртдошимиз ҳаётини обод, кўнглини шод этиб, янги марраларга руҳлантир­моқда, ҳар бири соҳани тараққиётга бош­ламоқда.
     Ривожланиш одимларини бугун Навоий кон-металлургия комбинати мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Кейинги йиллардаги ўзгаришлар комбинат тарихида янги саҳифа оч­ди. Олиб борилган саъй-ҳаракат­лар натижасида НКМК дунёдаги энг йирик олтин ишлаб чиқарувчилари билан бемалол рақобатлаша оладиган замонавий корхонага айланди. Шунга яраша фаолият кўлами кенгайди. Қўлга киритилган натижалар, юқори иқтисодий ва ишлаб чиқариш самарадорлиги ортди.
     Бугун ҳар бир соҳа эътиборда. Бунинг натижасида ислоҳотлар кириб бормаган соҳанинг ўзи қолмади.
     Очиғи, ҳеч бир соҳа ҳозиргидек сифат жиҳатдан янги босқичга чиқ­маган эди. Буни қурилиш соҳаси мисолида ҳам айтиш мумкин. Сир эмас, кўплаб қурилиш ташкилотлари турли сабаблар билан фаолиятини тўхтатиб қўйган эди. Шукурки, кунлар келиб барчаси жойига тушди. Эътибор ва рағбат ортидан бу соҳа мамлакатимиз индустриясида етакчи тар­моққа айланди. Бир сўз билан айтганда, қурилишда туб бурилиш даври бошланди.
     Ўзгаришлар НКМК қурилиш соҳа­сига ҳам ижобий таъсир кўрсатиб, унинг моддий-техника базаси тубдан мустаҳкамланди. Бу имкониятлар муҳим инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан, янгидан 5- ва 7-гидрометаллургия заводлари, 3-гидрометаллургия заводида дунё­да муқобили бўлмаган янги ишлаб чиқариш мажмуаси, 2-гидрометаллургия заводида «Б» блоки ва бошқа тармоқларни қуришга катта туртки бўлди. Дастурга киритилган йирик инвестицион лойиҳаларни рўёбга чи­қариш энг биринчи навбатда қу­рилиш соҳаси ходимларига катта масъулият юклади ва вақт ўтиб бу ўз натижасини берди. Шундан буён катта ишонч билан кенг кўламдаги қу­рилиш-бунёдкорлик ишларида йирик лойи­ҳаларни амалга оширишда иш­тирок этиб келяпмиз. Биз қурган заводлар, бинолар, йўллар, турли объектлар корхонамиз рав­нақи, ҳамкасбларимиз манфаати, ёшлар келажагига хизмат қилаётга­нидан мамнунмиз.
 
ТИНИМСИЗ МЕҲНАТ, ИЗЛАНИШ ВА ИНТИЛИШ ЗАРУР
 
     Бугун комбинат ишлаб чиқариш географияси Навоийдан бошлаб, Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод, Мар­жонбулоғу Зармитан, буёғи Термиз, Тахиатош, Нурота, Тупроққалъагача етган. Бу ҳудудлардаги гидрометаллургия заводлари, ерости ва ерусти конлари ҳамда бошқа объектларимизда кўп минг кишилик жамоамиз бир жону бир тан бўлиб, корхонани гуллаб-яшнатиш йўлида ҳормай-толмай меҳнат қилиб келяпти. Бугун улар қалб қўри, қадоқ қўл­лари билан яратилаётган қимматбаҳо металлар янги Ўзбекистон иқтисо­диётини, халқимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
     Аслида дунёда шиддат билан кечаётган кескин рақобат шароитида жаҳон олтин ишлаб чиқарувчилари орасида етакчи бўлиш энг қийин жараён. Айниқса, ҳозирги глобал иқтисодий инқироз даврида бу ниҳоятда мураккаб ва мушкул масаладир. Бунинг учун тинимсиз меҳнат, изланиш, интилиш талаб этилади. Бунда, шак-шубҳасиз, жамоа бирдамлиги, фидокорона меҳнати, аниқ мақсад ва албатта инвестицион лойиҳаларнинг аҳамияти беқиёс.
     Бунга эътибор қаратган давлатимиз раҳбари 2017 йилда яқин ўн йилликка мўлжалланган стратегиямизни белгилаб берди. Қабул қи­линган НКМКни 2026 йилгача ривожлантириш дастури комбинат ҳаётида муҳим ҳужжат бўлди. Унда назарда тутилган 27 та йирик лойи­ҳаларни амалга ошириш жамоамиз учун улкан масъулият, жуда катта синов эди. Буни чуқур ҳис этган қу­рувчилар бутун куч ва сало­ҳиятини Қизилқум саҳросидаги бу­нёдкорлик ишларига сафарбар этди.
     Албатта, мураккаб шароитда бу лойиҳаларни амалиётга татбиқ қи­лиш, замонавий корхоналар қуриш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш осон эмас. Бу ҳар жиҳатдан бунёдкорлар иродаси, салоҳияти ва тажрибасига боғлиқ. Соҳада бой таж­риба тўплаган вакилларимиз ҳар қандай қийинчиликлардан чекинмасдан, матонат билан меҳнат қилди ва амалда қандай ишларга қодир­лигини намоён этди.
     Бунда, муҳтарам Президентимизнинг «Энг муҳими, мураккаб ва оғир, чуқур билим ва тажрибани талаб қиладиган шароитларда, кечани кеча, кундузни кундуз демасдан, мана шундай катта лойиҳаларни ким амалга оширяпти, ким бу ишларни қиляпти? Ўзимизнинг одамлар, ўзимизнинг йигит-қизларимиз. Ана шу қора кўзларнинг меҳнати ва жасорати, Ватанга фидойилиги ҳар қандай эътироф ва таҳсинга лойиқ эмасми?» деган даъвати барчамизга куч-ғай­рат бағишлади.
     Дарвоқе, кончилик саноати, бугунгидек улкан бунёдкорликка гувоҳ бўлмаган. Бор бўлса ҳам, ҳозиргидек кенг кўламли эмас эди. Чунки у пайт­лар барча қурилиш материаллари, жиҳозлар четдан олиб келинган. Таъминотдаги узилишлар қурилиш объектини ўз муддатида топширишга салбий таъсир кўрсатган. Бугун эса вазият тамоман бошқача. Соҳада ўзига хос мукаммал тизим яратилди. Бу ҳар қандай қурилиш ишларини тўлақонли, сифатли бажаришимизга катта замин яратди.
     Бунинг асосий сабаби комбинат томонидан Зарафшон қурилиш бош­қармаси, унинг 3 та қурилиш-монтаж бошқармаси ва «Саноатэлектромонтаж» трести моддий-техника базаси тубдан мустаҳкамлангани билан боғ­лиқ. Транспорт парклари замонавий қурилиш техникалари билан янгиланди. Моҳир қурувчи кадрлар тай­ёрланди.
     Бу саъй-ҳаракатлар самарасини бугун 3,5 минг нафарга яқин қурув­чилар олиб бораётган улкан бунёдкорлик ишлари, қўлга киритаётган ютуқлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Аҳил жамоа меҳнати қадр топаётгани, меҳнатига яраша ҳақ ола­ётгани ва мана шундай дориломон кунларга етказгани учун давлати­миздан миннатдор. Улар зиммасига олган барча вазифаларни ўз кучи, мингдан зиёд турли русумдаги қу­рилиш техникалари ва махсус механизмлар ёрдамида уддалашмоқда.
     Шу ўринда мамлакатимиз қури­лиш соҳасида етакчи ўринга эга ­Зарафшон қурилиш бошқармаси ютуқ­ларига тўхталишни жоиз, деб биламиз.
     Турли миллат ва элат вакилларидан таркиб топган 3,1 минг нафарга яқин ишчи-ходим ишлаётган мазкур бошқарма бугун катта-катта лойиҳа­ларни амалга оширишда ўрнак бўлиб келяпти. Улар қурган иншоотлар ҳа­қиқий бунёдкорлик намунаси бўлиб, кўзни яшнатмоқда. Бунда турли русумдаги 550 дан ортиқ қурилиш техникалари уларга қанот бўлмоқда. Ваҳоланки, ўн йиллар олдин бундай имкониятлар мавжуд эмасди. Техникалар маънан эскирган, замонавий қури­лиш техникалари йўқ эди ҳи­соби. Комбинат маъмурияти бунинг учун бошқармани замонавий корхонага айлантиришга қарор қилди. Бу мақсадлар учун миллардлаб маб­лағ ажратилди. Бошқарма транспорт парки замонавий техниклар билан тўлдирилди.
     Ютуқларимиз иккинчи омили – бу қурилиш материалларини ўзимиз­да ишлаб чиқариш йўлга қўйилга­нидир. Натижада маҳсулотлар таннархи арзонлашиб, инвестицион ло­йиҳаларда кўзда тутилган маблағ­ларни иқтисод қилиш имконияти юзага келди. Айни пайтда комбинатда 24 турдан ортиқ стандарт талабларига тўла жавоб берадиган қу­рилиш маҳсулотлари, жумладан, темир-бетон, металл конструкциялар, ғишт, қум, оҳак, ша­ғал, замонавий эшик-дера­залар, полиэтилен қу­вурлар ва бош­қа бинокорлик ашёлари ишлаб чи­қарилаётгани ишимизни янада осон­лаштирмоқда.
     Мисол учун, 2018 йилда 322 млрд. сўмлик қурилиш материаллари ишлаб чиқарилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 563 млрд. сўм­ни ташкил эт­ди. Жорий йилги кўрсаткичлар бундан ҳам ошиши кутилмоқда. Бу корхонада қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳаж­ми йилдан-йилга ошиб бораётганидан далолат ­беради.
     Яна шуни мамнуният билан ало­ҳида таъкидлаш керакки, яратиб берилган имкониятлар туфайли қури­лиш ташкилотларимиз инвестицон лойиҳаларни амалга оширишнинг барчасида бош пудратчи сифатида қатнашиб келмоқда. Шу билан бирга ижтимоий объектлар, турар-жойлар, йўл қурилишида ҳам ўзига хос тажрибага эга бўлди. Жиззах вилоятининг Зомин туманида «НКМК» санаторийси, Зарафшон шаҳрида имконияти чекланган болалар учун мактабгача таълим ташкилоти ва Болалар шаҳарчаси, бошқа ўнлаб ижтимоий объектлар, кончилар масканларида турар-жойлар қургани фикримиз исботидир. Албатта, ушбу ютуқлар замирида улкан матонат, жуда катта меҳнат ва ма­шаққат ётибди. Зеро, бепоён Қизил­қумнинг табиат инжиқликлари, чўл синовларига чидаб, ишлашнинг ўзи ҳақиқий қаҳрамонликдир.
     Комбинатимизда ҳар бир ишчи-ходим эътиборда. Қурувчиларимиз самарали меҳнати ўз рағбатини топ­моқда. Муста­қиллик йилларида кўп­лаб ҳамкасб­ларимиз давлатимизнинг турли орден ва медаллари билан тақдир­ланди.
 
КАТТА ИШОНЧ ВА ЗАЛВОРЛИ ҚАДАМЛАР БИЛАН
 
     Бугунги кунда Навоий кон-металлургия комбинати ҳаётида Инвестиция дастурлари муҳим ўрин тутади. Ўтган давр мобайнида ушбу дастурлар асосида 18 та объект ишга туширилди. Ҳозирда инвестицион лойиҳалар саноат кластери бўлган комбинатга юқори иқтисодий самарадорлик келтириш билан бирга, ишлаб чиқаришни ва кўрсаткичларининг из­чил ошиб боришини таъмин­ламоқ­да. Бунинг ҳисобидан ўтган даврда минг­лаб янги иш ўринлари яратилди. Албатта, бу ёшларимиз учун катта имконият, қувонарли натижадир.
     Олдимизда яна қатор муҳим инвестицион лойиҳаларни амалга оширишдек улкан, масъулиятли вазифалар турибди. Уларнинг ижросини таъминлаш учун бизда куч ва сало­ҳият ҳам, имкониятлар ҳам етарли. Насиб бўлса, ҳар бир лойиҳани белгиланган муддатидан олдин фойдаланишга топширишни мўлжалла­ганмиз.
     Бир сўз билан айтганда, комбинатда айнан қурилиш соҳасида эришилаётган натижалар ҳақида яна узоқ гапириш мумкин. Буни кеча-ю кундуз фидойилик кўрсатиб келаётган ҳамкасбларимиз яхши билади. Бугун биз мамлакатимиз кончилик саноати ва олтинимиз довруғини бутун дунёга кўз-кўз қилмоқчи, бор куч-ғайрати­мизни комбинатимиз ривожига сафарбар этмоқчи эканмиз, кўзлаган мақсадларимиз йўлида катта ишонч, залворли қадамлар билан дадил давом этаверамиз.
 
Фарҳод БАҲРОНОВ,
«НКМК» АЖ Лойиҳаларни бошқариш ва капитал қурилиш бўйича директори

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.