Qishloq xo‘jaligini rivojlantirish

Миллий иқтисодиётимизнинг муҳим таянчи

6/2020

     Она сайёрамизда аҳоли сони тобора ўсиб бораётган бугунги кунда истеъмол товарлари, жумладан, озиқ-овқат маҳсу­лотлари етиштиришни кўпайтириш, муболаға бўлмаса, ҳаёт-мамот масалалари қаторида турибди. Ҳар бир давлат учун аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш устувор вазифа ҳисобланмоқда. Қолаверса, кейинги йилларда Ер юзида рўй бераётган глобал иқлим ўзгаришлари туфайли ёғингарчилик, қурғоқчилик ва бошқа табиий офатлар содир бўлиши кучайиб, қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилдорлигига путур етмоқда. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ташкилоти (FАО) маълумотларига кўра, бугунги кунда дунёдаги 86 давлат ўз аҳолисини озиқ-овқат маҳсу­лотлари билан таъминлай олмайди. Яъни дунёнинг 1 ­млрд. нафарга яқин аҳолиси очликда кун кечирмоқда. Айниқса, ўтган йили бутун инсоният учун ниҳоятда синовли келди. Коронавирус пандемияси жаҳон иқти­содиётини издан чиқарди. Глобал инқи­роздан қишлоқ хўжалиги соҳаси ҳам четда қолгани йўқ.
     Маълумки, мамлакатимизда иқтисодиётнинг ҳақиқий «драйвери» сифатида тан олинган қишлоқ хўжалиги соҳасида мавжуд ишчи кучининг чорак қисмидан кўп­роғи фаолият юритади ва ялпи ички маҳсулотнинг учдан бир қисми айнан ушбу сектор ҳиссасига тўғри келади.
     Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда қишлоқ хўжалиги базаси юқори қийматли экинларни кўпайтириш ор­қали диверсификация қилинмоқда. Сўнгги ҳисоб-ки­тоблар шуни кўрсатмоқдаки, мева-сабзавот етиштириш ўсимлик маҳсулоти қийматининг 50 фоизини ва мамлакат қишлоқ хўжалиги товарлари экспорт қийма­тининг 35 фоизини ташкил этади. Ушбу экинлар анъанавий даромадларга қараганда кўпроқ фойда келтириши билан бирга яхши ҳақ бериладиган мавсумий иш манбаи ҳамдир.
     Шу нуқтаи назардан 2020 йил баҳор ойларида фермер хўжаликларимиз ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан 321 минг гектар асосий майдонга, 110,2 минг гектар боғ-ток қатор ораларига ва 763,8 минг гектар такрорий майдонларга озиқ-овқат экинлари экилди. 20 минг гектар янги интенсив боғлар ва 17,7 минг гектар токзорлар барпо этилди. Қибрай ва Денов туманларида инновацион технология асосида инвитро лабораториялари ташкил этилди. Хуллас, озиқ-овқат саноатини ривожлантириш бўйича қиймати 1 трлн. 272 млрд. сўмлик 265 та лойиҳа амалга оширилиб, 3,3 мингга яқин янги иш ўринлари яратилди. Мева-сабзавотларни, гўшт ва сутни қайта ишлаш қувватларида ҳам сезиларли ўсиш кузатилди. Озиқ-овқат саноати корхоналарида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 33,2 трлн. сўм (прогнозга нисбатан 108,8 фоиз)га тенг бўлди. 2020 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 249,8 трлн. сўмни ташкил этди (2019 йилга нисбатан 102,8%).
     Бу рақамлар, шубҳасиз, Ўзбекистоннинг табиий ресурсларга бой стратегик-географик мавқеи ва қарийб 35 миллион кишилик улкан ички бозори қишлоқ хўжалиги ривожида кенг имкониятларни тақдим этишини яна бир карра исботлайди.
     Лекин айни дамда қишлоқ хўжалигида таълим, илм-фан, инновацион фаолият ва ишлаб чиқаришнинг чуқур интеграциясини таъминлаш ҳамда ушбу тизимнинг самарали бошқарув бўғинларини шакллантириш зарурати пайдо бўлмоқда. Қишлоқ хўжалигини трансформация қилиш асосида хизмат кўрсатиш тармоғини ривожлантириш ҳамда илм, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш мақсадида хорижий тажрибалардан келиб чиққан ҳолда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизими (AKIS) жорий этилмоқда. Бу йилдан бошлаб барча вилоятларда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар марказлари фаолияти йўлга қўйилиб, уларда 500 дан ортиқ турдаги агрохизматлар кўрсатилади. Ушбу марказларда қишлоқ хўжалиги, ветеринария, чорвачилик, ўрмон, карантин, агроинспекция ва бошқа хизматлар битта жойга жамланиб, «ягона дарча» тизимида аҳолига хизмат кўрсатади.
     Юқорида айтиб ўтилганидек, глобал пандемия жаҳон иқтисодиёти, хусусан, қишлоқ хўжалиги ривожига сезиларли зарба берди. Бироқ бу ва юртимизнинг айрим ҳудудларида айни баҳор кунлари юз берган табиий ва техноген офатлар аграр соҳадаги ишларда жиддий узилишларга олиб келмагани рост. Кўкламги экин мавсуми муваффақиятли ўтиши, мева-сабзавотчилик маҳсулот­ларининг янги ҳосили истеъмолчиларга тўсиқларсиз етиб бориши, соҳа ходимларига хавфсиз меҳнат кафолати яратилиши учун ҳукуматимиз барча зарур чораларни кўрди. Мисол учун, Сардоба сув омборидаги техноген офат туфайли ўша ҳудудда 19 минг гектардан зиёд майдондаги пахта, ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини қайта экишга тўғри келди. Бухоро вилоятидаги кучли довул оқибатида 26 минг гектар майдонда пахта ва ғалла ниҳолларига зарар етди. Лекин миришкор деҳқонларимиз таслим бўлишмади. Қийинчи­ликларга қарамай, жорий йилда юртимизда 7566,6 минг т ғалла, 3 млн. т дан зиёд пахта, 21 минг т пилла, 10459,5 минг т сабзавот, 2864,0 минг т мева ва резаворлар, 2526,2 минг т гўшт, 11009,9 минг т сут, 7825 млн. дона тухум, 35,7 минг т жун, 144,1 минг т балиқ маҳ­сулотлари етиштирилди.
     Тўғри, пандемия фонида дастлаб маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари маълум даражада кўтарилди. Аммо асосий озиқ-овқат турларининг нарх-навоси осмонга кўтарилиб кетгани йўқ. Шукрки, йил давомида дўконлар пештахталари ва бозорлар расталари маҳсулотларга тўла турди. Президентимиз раҳбарлигида инқирозга қарши кўрилган манзилли чора-тадбирлар ички бозорда маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тақчиллигини юзага келтирмади. Шунга урғу беришни истардикки, бугунги кунда Ўзбекистон шакар, ун ва ўсимлик ёғидан ташқари озиқ-овқат импортига боғланиб қолмаган. Айнан шу омил қишлоқ хўжалигини пандемиянинг оғир оқибатларидан асраб қолди, назаримизда.
     Шу билан бирга коронавирус пандемияси аграр соҳада давлатнинг тартибга солувчи вазифасини камайтириб, бозор механизмларини жорий этиш, уни янада диверсификация ва модернизация қилиш ҳамда ма­ҳаллий ва хорижий инвестицияларнинг кўламини ошириш борасидаги ишларни ҳеч иккиланмай давом эттириш зарурлигини кўрсатди.
     МДҲ давлатлари билан савдо-сотиқда юртимиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти етакчи ўринни эгаллайди ва бу борадаги кўрсаткич кўп йиллар давомида жадал суръатда ўсиб келмоқда. Айнан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 70-80 фоизга яқини Ҳам­дўстлик давлатларига йўналтирилади. Ўзбекистонда етиштириладиган 37 турдаги мева-сабзавот учун МДҲ давлатлари асосий харидор ҳисобланади.
 
 
 
Сиз мақоланинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.