Ilmiy yondashuv

Oилавий тадбиркорликнинг аҳамияти

1/2023

 
     Оилавий тадбиркорлик соҳа­сида ўтказилган таҳлиллар хали соҳада кўплаб имкониятлар мавжуд экани ва бу йўналишда фойдаланилмаётган имкониятлардан фойдаланиш кераклигини кўрсатди. Шахсан Президентимиз бу муаммога эътибор қаратиб, имкониятлардан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида 2018 йил 7 июнда «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастурини амалга ошириш тўғрисида»ги ПҚ-3777-сонли қа­рор қабул қилдилар. Хусусан,
     «Ҳар бир оила – тадбиркор» дас­турининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
     1. Тадбиркорлик билан шуғулла­нишни ихтиёр этган аҳолини имтиёзли кредитлар билан таъминлаш амалиётини янада такомиллаштириш. Улар томонидан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда амалий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш. Бундай амалий ёрдам барча мутасадди ташкилотлар томонидан амал­га оширилади.
     2. Оилавий тадбиркорлик фао­лиятини амалга ошириш бўйича мас­лаҳатлар ташкил этиш. Кенг миқёсда тушунтириш ишларини олиб бориш. Бу мақсадда соҳага олий таълим муасссалари профессор-ўқитувчила­рини кенг жалб этиш.
     3.Микрофирмаларни, нисбатан озроқ миқдорда маҳсулот ишлаб чиқарувчи субъектлар ва касаначилик бўйича тадбирларни амалга ошириш учун молиявий ёрдам бериш. Аҳолига қўшимча даромад топиш имкониятини яратиш.
     4. Маҳаллаларда мини-кластерлар ташкил этиш. Бунда тадбиркорлик соҳасида ижобий натижаларга эришган тажрибали тадбиркорларга фаолиятини янгидан бошлаган, таж­рибаси кам оилаларни бириктириш.
     5. Оилавий тадбиркорларга кўрсатиладиган хизматлар кўламини кен­гайтириш. Улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар савдосини ташкил этувчи бозор инфратузилмаси объектлари, хизмат кўрсатиш ва савдо шохобчаларини барпо этиш.
     6. Давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият олиб бораётган тадбиркорларни аниқлаш ва улар фаолиятини қонунийлаштиришда ёрдам кўрсатиш.
     Оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш, иқтисодиёт ривожланишидаги аҳамияти ва ролини орттириб бориш учун маркетинг ишларини тўғри ташкил этиш, унинг мавжуд қонун-қоидалари, услублари ҳамда стратегияларидан самарали фойдаланиш лозим.
     Бугунги кунда мамлакатимизда оилавий тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш масаласига таъсир кўрсатувчи қатор муаммолар мавжуд бўлиб, уларни аниқлаш ва самарали ҳал қилиш оилавий тадбиркорликнинг янада тараққий этишига олиб келади. Улар қаторида қуйида­гиларни киритиш мумкин:
     ● оила чегарасини аниқлаш;
     ● иш ва оила ўртасидаги балансни аниқлаш;
     ● бошқаришда мулк эгасининг ўрнини белгилаш;
     ● бошқаришда оила аъзоларининг ўрни ва даражасини белгилаш;
     ● оилавий тадбиркорликда қа­рор қабул қилиш тартибини мақсад­ли ташкил этишни таъминлаш;
     ● меросхўрларни тайёрлаш ва бошқарувни уларга топшириш.
     Оилавий тадбиркорликда иш билан боғлиқ ва оилавий муносабатлар ўртасидаги чегарани аниқлаш муҳим. Агар оила аъзоларининг кўпчилиги бир бизнес фаолиятида қатнашсалар, оила ҳамда иш жараёнида фаолият билан боғлиқ турли муаммоларни биргаликда ҳал қилиш эҳтимоллари юқори. Оилавий муносабатлар ва иш билан боғлиқ бўлган муносабатлар ўртасида, табиийки, муайян фарқ мавжуд. Оилавий муносабатлар эмоционал бўлиб, улар оила аъзоларининг эҳтиёжларига, ҳаққонийликка ва тенгликка асосланган бўлади. Иш билан боғлиқ муносабатлар эса рационал бўлиб, натижадорликка, ҳис­сани баҳолашга, ўсишга ва кенгайтиришга асослангандир. Бу муносабатлар ўртасига чегара қўйиш жуда мураккаб бўлиб, унда келишмовчиликлар ва низолар юз бериш эҳти­моли юқори. Келишмовчилик ва низолар турмуш ўртоқлар, ота-оналар ва фарзандлар, ака-ука, опа-сингиллар билан юз бериши мумкин. Аниқ чегараларнинг йўқлиги оилавий муносабатлар ҳамда иш билан боғлиқ муносабатларнинг бузилишига сабаб бўлади ва бу ҳолат салбий оқибат­ларга олиб келади.
     Оилавий тадбиркорликни бош­қаришда оила аъзоларининг ўрни масаласи ҳам муҳим муаммодан бири. Баъзан оила аъзолари расмий даражага эга бўлмасдан туриб ҳам бошқарув фаолиятига аралашадилар. Бу самарадорлик пасайишига ҳамда бизнеснинг бошқа аъзоларида иш фаолиятидан қониқиш даражасининг пасайишига сабаб бўлади.
     Оила тадбиркорлигида стратегик қарорларни қабул қилишда оила раҳбари ва унинг турмуш ўртоғи ёки фарзандлари (ўғли ёки қизи) қатна­шиши мумкин. Оиланинг ҳар бир аъзоси билан стратегик режа келишилмайди. Барча аъзоларнинг фикр­ларини инобатга олмаслик оила тад­биркорлигида хўжалик юритишда ва унинг иқтисодиётини ташкил этишда тушунарсиз ҳолатларга олиб келади.Оила аъзолари ўртасида фойдани тақсимлаш ва уларга иш ҳақини белгилаш масаласи ҳам муҳим. Кўп ҳол­ларда барча фойда бизнес эгаси томонидан аниқланади ва бошқалар ўртасида норасмий ҳолда тақсимла­нади. Биринчи даража авлодда бу масала муаммо туғдирмайди. Кейинги босқичларда, яъни тадбиркорлик авлодларга ўтганда, ака-укалар ва уларнинг оилалари фаолиятда қатна­шишлари даврида келишмовчилик юзага келиши мумкин.
     Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш истиқболлари жуда кенг кўламли. Шулардан бири – ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришдир. Ёшлар тадбиркорлиги қўшимча иш ўринлари яратиш, ишсизлик даражасини пасайтириш, инновацион соҳада тадбиркорликни ривожлантириш, ишлаб чиқарилган маҳсулот­лар ва хизматларни сотиш жараёнларида энг устувор йўналишлардан ҳисоб­ланади. Ёш тадбиркорларни аниқлаш, имкониятларини кенгайтириш учун қулай шароитларни яратиш, уларни рағбатлантириш ва бу имкониятлардан самарали равишда фойдаланиш зарур. Бунинг учун биринчи навбатда, ёшларнинг бу йўна­лишдаги фикрларини ўрганиш, инобатга олиш ва кенгайтириш талаб этилади.
     Оилавий тадбиркорликни тузилиши ва ҳажми бўйича иккита йирик гуруҳга ажратиш мумкин. Биринчиси – фақатгина оила аъзолари ва улар­нинг қариндошлари фаолият юри­тадиган кичик ҳажмли корхоналардир. Уларда 10-15 кишигача ишчилар фаолият (1-чизма) олиб бо­ради.
     Бундай корхоналарда оила аъзолари – ака-укалар, ота-онаси ва ўғил-қизлари фаолият олиб борадилар. Кичик ҳажм­ли бундай корхоналар Канада, АҚШ ва Россияда ҳам ривожланган. Улар кўп холларда юридик шахсни ташкил этмасдан туриб фаолият юритадилар. Бу корхоналарда ваколатлар тўла-тўкис тақсимланма­ган бўлади, бўйсуниш бўйича тизим тугалланмаган бўлади. Иерархик бос­қичлар деярли йўқ бўлади. Оила бош­лиғи етак­чи ҳисобланади, қол­ганлар эса унга ўз тушунишлари доирасида бўйсунишади. Дўконлар, савдо нуқта­лари, консалтинг хизматлари кўрсатувчи фирма, ходимлик агентликлари, кичик нашриётлар ва шу кабилар бундай корхоналарга мисол бўла олади. Ўз оиласининг кичик фаолиятини сақлаб қолиш учун барча оила аъзолари барча ишларни бажарадилар.
     Оилавий корхоналарнинг иккинчи тури бир неча оилалар иштирокида тузилиши мумкин бўлган корхоналардир. Уларда оилавий муносабатлар иш бўйича муносабатларга айланади, ваколат бериш жараёни мавжуд, меҳнат тақсимоти амал қилади. Уларнинг бир муҳим муаммоси – бир оила аъзоси мартабасининг оширилиши бошқа оила аъзосининг норозилигига сабаб бўлиши ва корхонада келишмовчиликлар юз бериши мумкин. Ғарб мамлакатларида бу каби корхоналарда бир-бирини тушуниш учун қатор ишлар амалга оширилган. Ички келишмовчиликлар юз бермаслиги учун фаолият рейтинги аниқланади ва мартабага кўтариш-тушириш фақатгина шу рейтинг асосида амалга оширилади. Корхонада фаолият олиб боришнинг мақ­сади ва вазифалари тўла тушунилиши учун функциялар ва вазифалар барча аъзолар ўртасида аниқ тақ­симланган. Оилавий тадбиркорликнинг бир неча оила иштирокида ташкил этиладиган корхоналари ривожланган мамлакатларда тобора кўпаймоқда. Улар йирик оилалар ҳамкорлигида ташкил этилмоқда. Улар фаолиятида ҳалқаро оилалар ҳам қатнашмоқдалар ва халқаро корпорацияларни ташкил этишмоқ­да. Бунда компания устидан назорат қилиш акцияларнинг назорат пакети ҳисобига бир оилага тегишли бўлади.
     Юртимизда фаолият юритаётган ва янгидан ташкил этилаётган оилавий корхоналарнинг иш юритишида юқоридаги жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиш, тадбиркорликнинг ҳуқуқий-иқтисодий асосларини мус­таҳкамлаш ва аҳоли ўртасида тарғи­бот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш муҳим. Бу оилавий бизнес самарасини ошириб, оила тадбиркорлигига қаратилган ташаббус на­фақат бандликни таъминлаш, балки даромадларни текис тақсимлаш, шу билан бирга ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг барқарор омиллари сифатини оширишда юксак аҳа­миятга эга.
 
 
Илёс ҲАСАНОВ, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори, Фарғона жамоат саломатлиги
тиббиёт институти

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.