Mutaxassis fikri

Сув ва барқарор тараққиёт муаммолари узвийдир

6/2020

     Сув – кимёвий формуласи бўйича жуда содда, рангсиз, таъмсиз мўъжизавий модда бўлиш билан бирга, ижтимоий ва иқтисодий фаровонликни белгилаб берувчи табиий ресурсдир. Айнан шунинг учун дунё ҳамжамия­тидан бугунги ортиб бораётган демографик ва иқлимий юкламалар шароитида сув ресурсларига ҳаёт-мамот масаласи сифатида қараши талаб этилмоқда.
     Дунёдаги мавжуд чекланган чучук сув ресурслари – уларнинг тақ­чиллиги ортиши ва сифати ёмонлашиб бориши билан ҳам характерланади. Ҳо­зирда Ер юзида чучук сув тақчил­лиги аллақачон жиддий глобал муаммога айланиб улгурди ва оқибатда бу табиий муҳит ҳолатининг ёмонлашуви, тирикчилик учун зарур воситаларнинг камайиши ва аҳоли касалланиши ҳолатлари ортишига сабаб бўл­моқда. БМТ маълумотига кўра сув тақ­чил­лигидан дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатларида истиқомат қилувчи 2 мил­лиарддан ортиқ киши азият чекаётир.
     Моҳиятан қараганда сув ресурс­ларини барқарор бошқариш ва улардан самарали фойдаланиш заруриятининг асосий сабаблари илмий-техник тараққиёт, халқ хўжалиги тармоқларининг интенсив ривожланиши, озиқ-овқат муаммоси ва сувдан фойдаланишдаги хатолар билан боғлиқ.
     Ўзбекистон 2007 йилда БМТнинг трансчегаравий сув оқимлари ва халқаро кўллардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш тўғрисидаги (Европа иқтисодий комиссияси томонидан 1992 йилда қабул қилинган ва халқаро мақомга эга бўлган) ҳамда Трансчегарвий сув оқимларидан нонавигацион мақсадларда фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги (1997 йил) конвенцияларига аъзо бўлди. Мазкур қадам билан мамлакатимиз ўзининг халқаро сув қонунчилиги тамойиллари минтақадаги сув муаммоларини ҳал этишда муҳим механизм эканлигига ишончини билдирди.
     Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев БМТнинг 72 Бош Ассамблеясидаги нутқида умумий сув ресурслари муаммоси Марказий Осиё хавфсизлиги ва барқарорлиги учун асосий муаммо эканлигини таъкидлаб, «Ўзбе­кистон конструктив ўзаро ҳам­корлик ва яхши қўшничиликни ривожлантириш тарафдори. Биз Марказий Осиё мамлакатлари билан барча масалаларда истисносиз оқи­лона муросага келишга тайёрмиз», деб баёнот берди. Бунда минтақадаги умумий сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш масалаларининг оқи­лона ечими Ўзбекистон ташқи сиёсатида устувор йўналишлардан бири бўлиши шубҳасиз, албатта.
     Шу нуқтаи назардан мамлакатимизда сўнгги йилларда сув хўжалиги соҳасида ҳам халқаро тамойилларга мувофиқ равишда ислоҳотлар­нинг амалга оширилаётгани, дунёда тез ўзгариб бораётган табиий-экологик, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ўзгаришлар шароитида айни со­ҳани тартибга солувчи миллий қонун­чилик асослари такомиллаштирилаётгани қувонарли. Жумладан, 1993 йилда қабул қилинган ва унга 1997-2017 йиллар оралиғида кўп сонли қўшимча ва ўзгартиришлар киритилган «Ўзбекистон Республикаси сув ва сувдан фойдаланиш қонуни» сув хўжалиги соҳасининг изчил ривожида ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қи­лаётир.
     Қонунчиликка кўра мамлакатда сувдан фойдаланиш соҳасида бош­қарув Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органлари ҳамда махсус ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилади. Улар:
     ● Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги (ер усти сув ресурсларини бошқариш ва улардан фойдаланишни ташкил этиш);
     ● Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси (ер ости сув ресурсларини бошқариш ва улардан фойдаланишни ташкил этиш);
     ● Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси (термал ва минерал сув­лардан фойдаланиш);
     ● Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Гидрометерология хизмати маркази (сув ресурслари мониторинги ва иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича миллий дастур мониторинги);
     ● Уй-жой ва коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги (ичимлик сув таъминоти ва санитария, миллий сув балансини умумлаштириш);
     ● Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (атроф-муҳит мониторинги ва сув ресурслари му­ҳофазаси, Барқарор тараққиёт – 2030 мақсадларига эришиш бўйича миллий мувофиқлаштирувчи);
     ● Олий Мажлис Қонунчилик палатаси (мамлакат иқтисодиётининг, хусусан, сув хўжалигининг ҳуқуқий таъминоти, республика фуқаролари­нинг сифатли сув хўжалиги хизматидан фойдаланиш ҳуқуқи муҳофазаси, халқаро парламентлараро ҳамкор­лик).
     2020 йилнинг 10 июлида давлатимиз раҳбари фармони билан Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган концепцияси тасдиқланди. Концепцияда Ўзбекистон Республикасида сув хўжалигини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди. Унга кўра белгиланган даврда қуйи­дагиларга алоҳида урғу берилади:
     ● сув хўжалигининг ҳуқуқий асослари ва норматив-ҳуқуқий ҳуж­жатларини такомиллаштириш;
     ● сув хўжалигини давлат томонидан бошқариш тизимини такомиллаштириш;
     ● сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш;
     ● сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ва энергия самарадор технологияларини кенг жорий этиш;
     ● замонавий сув тежовчи суғо­риш технологияларидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш;
     ● суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш;
     ● сув хўжалигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш;
     ● соҳада илмий-тадқиқот фаолиятини такомиллаштириш ва кадрлар салоҳиятини ошириш;
     ● барча ер усти, ер ости ва қай­тар сувларни интеграллашган ҳолда бошқариш тамойилларини кенг жорий қилиш ва бошқалар.
 
 
Ўктам УМУРЗАКОВ,
ТИКХММИ ректори, и.ф.д., профессор;
 
Абдухаким САЛОХИДДИНОВ,
ТИКХММИ проректори, т.ф.д., профессор
 
 
 
Сиз мақоланинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.