Tarmoq rivojlanishi

Туманлар туризмининг турфа тармоқлари

5-6/2022

     Ўзбекистон хилма-хил географик жойлашувчи, адир ва қирлари бой флорага эга, чўл ҳудудларида ўзига хос ажо­йиб фаунали минтақаларга бой диёр. Бу каби гўзал ва қулай сайёҳлик инфратузилмасига эга жойларни ўлкамзнинг қарийб ҳар бир туманидан топиш мумкин. Минтақаларимизга сайёҳлар оқимини кўпайтириш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, аҳоли даромадларини ошириш мақсадида туманларда зарур инфратузилма барпо этилмоқда. Ҳар бир туман ўз сайёҳлик маҳсулотини ишлаб чиқиши ва шу орқали туризмнинг турли йўналишларини ривожлантириши мумкин. Масалан, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида «Чарвоқ» эркин сайёҳлик зонаси, Угам-Чатқол миллий боғи, «Чорвоқ» сув омбори мавжуд.
 
     Хусусан, Тошкент вилоятида туризмни жадал ривожлантириш учун барча шароитлар мавжуд. Паркент туманида сўлим, гўзал табиатли жойлар, зиёрат қилиш учун обидалар, агротуризм учун яхши салоҳият, кўплаб умумий овқат­ланиш шохобчалари мавжуд. Зангиота – тарихий жой, у ерда «Занги­ота» зиёрат туризми мажмуаси, шунингдек, ҳунармандчилик марказлари ва савдо марказлари бўлса, Оҳан­гарон тарихий диққатга сазовор жойлар ва маданий мерос объектларига ниҳо­ятда бой. Шунингдек, саноат туризми учун имкониятлар мавжуд. Бўка тумани гастрономик йўналишдаги ноёб сайёҳлик объектла­рига эга. Чиноз Тошкентни бошқа минтақалар билан боғловчи асосий автомагис­тралда жойлашган, туманда агротуризм, гастрономик туризмни ривожлантириш салоҳияти мавжуд. Ангрен тумани ўзига хос саноат сайёҳ­лик йўналиши сифатида танил­ган. Унинг ҳудудида жойлашган Янги­обод ва Лашкарак қишлоқлари ўзининг ­гўзал табиий манзаралари билан машҳур.
 
Лашкарак. Тоғ қишлоғи, Қурама тизмасининг ғарбий ёнбағирларидан бошланадиган Оҳангароннинг чап ирмоғи – Лашкарак сойининг дарасида жойлашган. Лашкарак қишлоғи Ангрендан 20 километр масофада, денгиз сатҳидан тахминан 1700 метр баландликда жойлашган.
     Лашкарак атрофи Тошкент воҳаси табиатининг энг гўзал бурчакларидан, атрофдаги тоғлар арчазор билан қопланган. Лашкараксойга оқиб тушадиган кўплаб сойлар бўйлаб боғ­лар ва ёнғоқзорлар ўсади. Сойлар турли хил баландликдаги кўплаб шаршараларни ҳосил қилади ва ба­ҳор ойларида тоғ ёнбағирларидан тушган сувнинг шовқини ёқимли куйдек эшитилиб туради.
     Лашкарак бир-бирига туташиб кетган боғлар ва атрофидаги арчазорлар соясида кўмилган. Табиати шунчалик гўзалки, бу ерга бир марта келган киши қайта келишни хоҳлайди.
     Туб аҳолининг сўзларига кўра қишлоқ номи «лашкар» – жангчи сўзидан келиб чиққан. Афсонага кўра қадимда бу жойларда энг чидамли ва кучли одамлар яшаган, шу туфайли уларнинг вакилларини армияга бажонидил олишган. Оқсоқоллар маҳаллий аҳолининг чидамлилигини маҳаллий сувнинг ўзига хос хусусиятлари билан изоҳлайдилар. Ҳатто маҳаллий Мойлибулоқ булоғи яқи­нидаги ўтлоқларда ўтлаётган сигир ва эчкиларнинг сути ҳам бошқа жойларда озиқланадиган сигир ва эчкиларга қараганда икки баравар ёғли. Булоқ суви нафақат мазали, балки шифобахш ҳамдир.
Кумушкон. Пойтахтдан 50 км узоқликдаги гўзал тоғли ҳудудда ажойиб қишлоқ – Кумушкон жой­лашган. Маҳаллий шифохона ва кўп­лаб сайёҳлар учун машҳур дам олиш маскани. Тоғнинг тоза ҳавоси, шаффоф кўл ва дарёлар, – тўлақонли дам олиш учун ҳамма нарса мавжуд: инфратузилма, меҳмонхона мажмуалари, меҳмон уйлари, маданият уйлари, миллий таомлар ресторанлари, халқ ва амалий санъат вакиллари учун ижод уйлари, агротуризм маж­муалари. Қулай инфратузилмани яратиш борасида ишлар аллақачон бошлаб юборилган: йўлларни асфальтлаш, ички кўчаларни текислаш ва шағал билан тўлдириш, йўл белгиларини ва тунги ёритгичларни ўрнатиш, гулзорлар ташкил этиш, электр узатиш линиялари ва газ қу­вурларини таъмирлаш, ахлат йи­ғиш пунктларини қуриш ва якка тартибдаги турар-жой биноларининг фасадларини пардозлаш ишлари шулар жумласига киради.
     «Кумушкон» МФЙда алоҳида йўналишлар бўйича – этноқишлоқ, миллий таомлар қишлоғи, ҳунар­мандлар қишлоғи, рассомлар қиш­лоғи ва агротуризм қишлоғини яратиш кўзда тутилган. Шунингдек, меҳ­мон уйлари, оммавий кутубхона, ёшлар ижод маркази, халқ ўйинлари ва спорт намойишлари майдончаси, ўтовлар шаҳарчаси, туризм ахборот маркази, сувенир ва ҳунармандчилик маҳсулотлари дўконлари, замонавий санитария-гигиена масканлари, сай­ёҳлар учун тиббий хизмат кўрсатиш шохобчалари, сунъий шаршаралар ҳамда 7 та мавсумий дам олиш маскани ва бошқа кўплаб янги объектлар ташкил этилади.
 
     Ғилон. Бу Помир-Олой тоғлари­нинг ғарбий ёнбағрида жойлашган Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманидаги қишлоқ. 1305 йилда ташкил этилган бу қишлоқ аҳолиси ҳануз­гача қадимий урф-одатлар ва турмуш тарзини сақлаб келаётгани таҳ­синга сазовор. Ҳудуд Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасида, Шаҳри­сабз­дан 80 километр узоқликда жойлашган бўлиб, 2018 йил ўрталарига қадар чет эллик сайёҳлар махсус че­гара режими туфайли ушбу қишлоқ­қа ташриф буюролмаганлар. Қишлоқ тўрт томондан баландлиги шарқда 4000 метрдан ошадиган баланд тоғ­лар билан ўралган. Бу Ўзбекистоннинг энг баланд тоғ қишлоқларидан бири ҳисобланади. У ерга кўп сонли айланма, илонизи йўллар орқали борилади. Қишлоқ атрофида замонавий қишлоқ хўжалиги техникасидан фойдаланиш мумкин бўлган нишаб ер участкалари деярли йўқ, қишлоқ аҳли, деҳқонлар 40 градусгача тик тоғ ёнбағирларида бир жуфт ҳўкиз ёки эшак қўшилган оддий омоч ёрдамида далаларга ишлов беришади. Боғлар ҳам тик қияликларда ва дарё дараларида ўстирилади. Ғилон қиш­лоғи орқали шу номдаги дарё оқиб ўтади. Аҳолисининг алоҳида ғурури – тоғлар ёнбағирлари бўйлаб ўнлаб километрларга ётқизилган сунъий каналларнинг сертармоқ ирригация тармоғи. Қишлоқда энг машҳур тоғ картошкаси ўсади. Эски уйлар ва тор кўчалардан иборат қишлоқнинг марказий қисми айниқса, экзотик қиё­фага эга. Шуниси эътиборга моликки, бу ерда уйнинг иккинчи қавати турар-жой бўлиб, биринчи қаватда молларни сақлаб туриш мақсадида фойдаланилади. Худди шундай архитектура Тибетда ва Непалнинг баланд тоғларида ҳам кузатилади. Ғилонликлар узоқ умр кўрувчилардир. Қишлоқда соғлиқ ва куч тимсоли бўлган 85 ёшдан ошган одамни тез-тез учратиш мумкин. Минглаб сайёҳлар зиёрат қилиш учун келадиган муқаддас «Ҳазрати Султон» тоғи ҳам шу ерда жойлашган. Ўзбекистоннинг энг гўзал ва сероб шаршараларидан бири – 40 метрли «Сув­тушар» шаршарасини ҳам бориб кўриш мумкин. Қишлоққа борувчи йўлда машҳур Ҳисор сув омбори ҳам бор.
 
 
Дарина АНДРЕЙЧУК, «O‘zIA» журнали мухбири
 
 
Сиз мақоланинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.