Ўзбекистонни Туркия билан азалдан маданият, анъаналар, урф-одатлар, савдо-иқтисодий муносабатлардаги муштараклик боғлаб туради. Ҳамкорликнинг турли даврларида мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар турли даражада ривожланган, аммо ҳеч қачон узилмаган. Сўнгги йилларда ҳамкорлик, айниқса, иқтисодиётнинг турли тармоқларида ривожланишнинг янги босқичига чиқди. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам ИКРАМОВ ушбу ҳамкорлик савдо ва инвестициялар соҳасида қандай жадаллашаётгани ҳақида «ЎзИА» журнали Бош муҳарририга сўзлаб берди.
– Адҳам Илҳамович, Туркия Ўзбекистон билан биринчилар қаторида дипломатик алоқаларни йўлга қўйган ва савдо, инвестициялар соҳасидаги энг муҳим ҳамкорлардан бири ҳисобланади. Даставвал, давлатларимиз ўртасида турли йўналишлар бўйича ўрнатилган алоқалар ҳақида фикрингиз билан ўртоқлашсангиз.
– Аввало, шуни алоҳида қайд этишни истардимки, Ўзбекистон Туркия Республикаси билан стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорликни доимо юксак даражада қадрлайди. Бунга Туркия 1991 йил 16 декабрда жаҳонда биринчи бўлиб Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини тан олганлиги ҳамда 1996 йилда мамлакатларимиз Абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзолаганлиги муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Олий даражадаги мунтазам мулоқотлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил февралида Туркияга қилган давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасида барча соҳалардаги ҳамкорликни янги поғонага олиб чиқиш учун мустаҳкам замин яратди ва ташриф доирасида қатор қўшма ҳужжатларнинг имзоланиши бунинг ёрқин далилидир.
Халқларимизни чуқур тарихий илдизлар, умумий дин ва тил, қадриятлар ва урф-одатларнинг ўхшашлиги узвий боғлаб туради. Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги ўзаро ишончга асосланган дўстона муносабатлар бугунги кунда фаол мустаҳкамланмоқда. Иккала томон ҳам бу суръатдаги ҳамкорликдан манфаатдор. Иқтисодиётнинг чуқур эркинлаштирилиши, қулай инвестициявий муҳит ва мамлакатимизнинг бой бозори Туркияда катта қизиқиш уйғотади. Шу билан бирга Туркиянинг ривожланган саноати, транспорт коммуникациялари, денгиз йўллари, қишлоқ хўжалиги ва сайёҳлик салоҳияти Ўзбекистон учун манфаатлидир. Бинобарин, Туркия Россия, Хитой ва Қозоғистондан кейин тўртинчи ўринни эгаллаб турган энг йирик савдо ҳамкорларимиздан саналади.
Мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия тузилган ва фаолият кўрсатмоқда.
2019 йилнинг 10 майидан бошлаб Анқара ўзбек автоташувчилари учун мамлакатга кириш визаларини 30 кунлик муддатга бекор қилди. Таъкидлаш керакки, Ўзбекистонга Туркиянинг ишбилармон доиралари мунтазам равишда ташриф буюриб туради, турли қўшма тадбирлар ташкил этилиб, савдо ва саноат кооперацияси соҳасида икки томонлама муносабатлар йўлга қўйилмоқда. Чунончи, 2019-2020 йилларда палатамиз томонидан икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокида ўттиздан ортиқ қўшма тадбирлар ўтказилди. Мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик ривожланмоқда, бу икки мамлакат ишбилармон доиралари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, инвестициявий муҳитни яхшилаш, қўшма кооперацион лойиҳалар ва маданий-гуманитар алмашувларни амалга ошириш каби қатор соҳаларда ўз ифодасини топмоқда.
Юқорида қайд этилганларнинг барчаси мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли дўстона муносабатлар жуда жадал ривожланаётганидан далолат беради. Индаллоси, барча даражадаги мулоқотлар сезиларли даражада фаоллашди. Ўзбекистон ва Туркия халқаро ташкилотлар доирасида бир-бирини доимо қўллаб-қувватлайди.
– Икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги инвестициявий ҳамкорлик доирасида савол: Ўзбекистонда Туркия капитали иштирокидаги жами нечта корхона рўйхатга олинган?
– Юқори қўшилган қийматли оммабоп маҳсулотларни етказиб бериш орқали ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва диверсификация қилиш, узоқ муддатли инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболли ҳисобланади.
Ўзбекистонда Туркиянинг етакчи компаниялари иштирокида, биринчи навбатда, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарида минерал ва хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш асосида юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги ишлар йил сайин рағбатлантирилмоқда. Масалан, юртимизда турк капитали иштирокида фаолият кўрсатаётган корхоналар сони 2019 йилда 1271 тани ташкил этган бўлса, 2020 йил 1 июль ҳолатига кўра уларнинг сони 1406 тага етди, шундан 801 таси юз фоиз турк капитали иштирокидаги ишлаб чиқариш қувватларидир.
– Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси мамлакатдаги тадбиркорларнинг энг йирик бирлашмаси ҳисобланади. Палатанинг Туркиядаги турдош ташкилотлар билан ҳамкорлиги ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.
– Бугунги кунда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Туркия савдо палаталари ва товар биржалари уюшмаси, Туркия мустақил саноатчилар ва тадбиркорлар уюшмаси ва Туркия Иқтисодиёт вазирлиги ҳузуридаги Ташқи иқтисодий алоқалар кенгаши билан фаол ҳамкорлик қилмоқда. Бундан ташқари Туркия савдо палаталари ва товар биржалари уюшмаси билан Турк ишбилармонлик кенгаши ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг Савдо-саноат палатаси линияси бўйича ҳам ишлайди.
Шу йил 19 февралда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга расмий ташрифи чоғида Анқарада Олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик Кенгашининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди. Унинг якунларига кўра Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Туркия савдо палаталари ва товар биржалари уюшмаси билан Тошкентда Туркия Иқтисодиёт ва технологиялар университетининг филиалини очиш тўғрисидаги меморандумни имзолади. Жорий йилнинг 29 август куни дуал таълим тизими асосида бизнес ва тадбиркорлик йўналиши бўйича мутахассислар тайёрлайдиган ушбу университетга кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди.
Мунтазамлик касб этган амалий мулоқотлар натижасида ҳам, ҳамкорлик жараёнида ҳам Туркия томонининг Ўзбекистон билан яқин алоқаларни ривожлантиришга бўлган қизиқиши ортиб бораётгани кузатилмоқда.
– Турк компаниялари иштирокида бизнес-форумларни ташкил этиш ҳамкорликни ривожлантиришнинг асосий устувор вазифаси ҳисобланади. Ўтган даврда Савдо-саноат палатаси томонидан қандай бизнес-форумлар ва учрашувлар ўтказилди? Бундай тадбирларнинг мақсадлари ҳақида икки оғиз фикрлашсак.