Ўзса­ноатқурилишбанк

Уста кулоллар юртида яна бир муаззам маскан

5/2020

     Жаннатмонанд заминимиз гавҳарига қиёс қил­гулик гўшаси – Фарғона водийсига йўлингиз тушса, уста-ҳунармандлар юрти – Риштонга бирров бўйламай кетишнинг иложи йўқ. Зеро, Риштон фусункор табиати, очиқ чеҳрали одамлари, анъанавий зироатчилиги билан бир қаторда ўзига хос ҳунарманд­чилик мактабига ҳам эгаки, унинг шуҳрати аллақачон етти иқлимга тарқалган. Айниқса, Риштон кулолчилиги асрлар оша, авлодлар оша бардавом ривожланиб келмоқда.
     Айни кунларда бу ерга ташриф буюрсангиз, яна бир хайрли ишнинг устидан чиқасиз. Гап шундаки, Риш­тонда мамлакатимизда ҳозирча ягона бўлган йирик кулолчилик мажмуа­си қад ростлаб, энг сўнгги пардозлаш ишлари якунига етмоқда. Уста кулоллар учун барча шарт-шароитга эга устахона ҳамда тураржойлардан иборат мажмуа келгусида юртимиз ва хорижлик сайёҳларни ҳам ўзига ошуфта этадиган муаззам масканга айланиши кутиляпти.
     Президентимизнинг 2019 йил 28 ноябрдаги «Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунарманд­ларни қўллаб-қувватлаш бўйича қў­шимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида ушбу кулолчилик марказини барпо этиш иш­ларига Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умур­зақов бошчилигида «Ўзсаноатқури­лиш­банк» қошидаги «SQB Capital» компанияси сафарбар қи­линган.
     1,1 гектар ер майдонни эгаллаган, миллий ва замонавий меъморчилик анъаналари уйғунлашган қўш қаватли Риштон кулолчилик мажмуаси 20 нафар ҳунарманд учун шинам хонадонларни, устахона ва савдо дўкони, музей-галерея ва банк хизматлари марказини ўз ичига олади.
     Дарвоқе, мажмуа фаолият бошлаши билан 230 га яқин иш ўрни яратилади. Шу билан бирга моҳир қўллар соҳиблари яратган нодир кулолчилик маҳсулотларини хорижга экспорт қилиш ишлари ҳам қатъий изга тушади. Мажмуага ёндош Хўжа Рушноий тарихий ёдгорлиги ҳам «Ўзса­ноатқурилишбанк» ҳомийлигида капитал таъмирланиб, ободонлаштирилаётгани янада қувонарлидир.
 
 
Банк Ахборот хизмати

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.