Германия Федератив Республикаси 1991 йил 31 декабрда Европа Иттифоқи мамлакатлари орасида биринчилардан бўлиб Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини тан олди ва кейинги йилнинг март ойидаёқ мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди.
Жаҳоннинг улкан иқтисодий, илмий ва технологик салоҳиятга эга етакчи давлатларидан бири ҳисобланган Германия Ўзбекистоннинг асосий савдо-иқтисодий ҳамкорлари орасида муҳим ўрин тутади.
2019 йилнинг январь ва май ойларида юқори даражадаги ташрифлар алмашинуви мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларда янги босқичнинг бошланганини кўрсатди. Давлат раҳбарларининг музокаралари барча соҳадаги икки томонлама ҳамкорликка катта туртки берди, бу ҳақида статистик кўрсаткичлар ҳам далолат бериб турибди. Сўнгги 2-3 йил мобайнида Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги савдо айланмаси қарийб 60 фоизга ўсди. Ўзаро савдонинг ўсиш суръати бўйича бу Германиянинг Шарқий Европа ва МДҲ мамлакатлари билан савдо статистикасидаги энг юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.
Шу билан бирга сўнгги йилларда маҳаллий маҳсулотларни Германияга экспорт қилиш ҳажми ҳам сезиларли даражада ўсганини таъкидлаш зарур: 2020 йил якунларига кўра ушбу кўрсаткич карантин чекловларига қарамай 30 фоиздан ошди. Германияга республикамиздан тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, кимё ва металлургия тармоқлари маҳсулотлари экспорт қилинмоқда. Германиядан импортнинг асосини анъанавий тарзда маҳаллий саноатни қайта жиҳозлаш ва Ўзбекистон корхоналарини модернизация қилиш учун зарур бўлган илғор инновацион технологиялар ва ускуналар ташкил қилади.
Ўзбекистоннинг янги очиқлик сиёсати инвестиция фаолиятининг жонланишига, мамлакатларимиз ишбилармон доираларининг қўшма бизнес юритишини таъминлашга хизмат қилди. Марказий Осиё ҳамма вақт, ҳар доим Европанинг эътиборини ўзига тортиб келган. Сўнгги йилларда минтақанинг сиёсий-иқтисодий ҳаётида рўй бераётган улкан ўзгаришлар жаҳон ҳамжамияти томонидан кўтаринкилик билан қабул қилинди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан муваффақиятли амалга оширилаётган ушбу ўзгаришлар ва ислоҳотлар республиканинг нуфузини оширди, жаҳон иқтисодиёти ва сиёсатида муносиб ўрин эгаллашига замин яратди. Ўзбекистон билан бир қатор давлатлар ҳисоблаша бошладилар. Европа давлатлари Ўзбекистон етакчисининг ташаббусларини қўллаб-қувватлашди ва Германия бундан ўттиз йил аввал бўлгани каби янги Ўзбекистонга биринчилардан бўлиб қўл узатди.
Иқтисодиётнинг деярли барча соҳасида улкан салоҳиятни намоён этиб, қулай бизнес муҳитини яратиш баробарида хорижий инвестицияларни ҳимоя қилиш учун ишончли ҳуқуқий базани тайёрлаган мамлакат шу тариқа хорижий инвесторларга ўзаро манфаатли шериклик муносабатлари доирасида ўз иқтисодиётини ривожлантиришда фаол иштирок этиш имкониятини очди. Кеча Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган Германия инвестициялари бугун ғоятда ижобий натижаларни бермоқда. Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда германиялик сармоядорлар иштирокида тузилган 193 та корхона, шу жумладан, 100% хорижий капиталга эга бўлган 67 та корхона ва 31 та компаниянинг ваколатхоналари фаолият кўрсатиб турибди.
2020 йилда тахминан 110 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши доирасида ўзлаштирилган немис инвестицияларининг ҳажми, коронавируснинг тарқалиши натижасида юзага келган жаҳон иқтисодий инқирозига қарамай муваффақиятли 2019 йил билан солиштирилганда 25 фоизга ўсиб, 710 млн. АҚШ долларидан кўпни ташкил қилди. Шундай қилиб, 2020 йил якунларига кўра Германия Россия ва Хитойдан кейин Ўзбекистон иқтисодиётига маблағ киритган инвесторлар орасида етакчилардан бирига айланди – унинг улуши жалб этилган хорижий инвестициялар умумий ҳажмининг қарийб 14 фоизга яқинни ташкил этди. 2021 йилда тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва бошқа соҳалардаги қўшма лойиҳалар доирасида 879,1 млн. долларни ўзлаштириш режалаштирилган.
«МАN» компанияси билан замонавий юк машиналари, «Клаас» концерни ва «Лемкен» компанияси билан қишлоқ хўжалиги техникаси, «Кнауф» компанияси билан қурилиш материаллари, «Дойче Кабель» компанияси билан кабель-сим маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳалари инвестиция соҳасида муваффақиятли ҳамкорликка мисол бўлиши мумкин.
Ғайрат ФОЗИЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари