Аёнки, Навоий кон-металлургия комбинати Ўзбекистонда уран қазиб чиқариш ва ураннинг чала оксиди-оксиди кўринишидаги тайёр маҳсулотни экспорт қилиш билан шуғулланувчи ягона корхона ҳисобланади.
1994 йилдан бошлаб НКМКда барча уран қазиб чиқариш ишлари фақат ер юзасига ўрнатиладиган геотехнологик қудуқлар тизимлари орқали уранни ер остида танлаб эритиш усули билан амалга оширилиб келинмоқда. Ушбу технология илгари қайта ишланиши норентабел, деб ҳисобланган қумтош конларининг «камбағал» рудалари захираларини қайта ишлашга жалб қилиш орқали хомашё базасини кўпайтириш имконини берди.
Умуман олганда, НКМК замон талаблари асосида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг сифати ва миқдорини ошириш ҳамда харажатларни камайтиришга қаратилган техник қайта жиҳозлаш сиёсатини олиб бормоқда.
Ҳозирги вақтда табиий уранни қазиб чиқаришда 6 та уранни ер остида танлаб эритиш геотехнологик конидан фойдаланилмоқда. Уран ишлаб чиқаришнинг минерал-хомашё базасининг асосини 21 та кон ва 7 та истиқболли майдон ташкил этади. НКМК уран корхоналарининг ёрдамчи объектлари жумласига Шимолий кон бошқармасининг сульфат кислота заводи, шунингдек, НКМКнинг бўлинмаларини қувур маҳсулотлари билан таъминловчи Жанубий кон бошқармасининг ПВХ ва пластмасса қувурлари маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи киради.
Конлардан олинадиган таркибидан уран мавжуд бўлган маҳсулот 1-гидрометаллургия заводида тайёр маҳсулот (ураннинг чала оксиди-оксиди) ҳолатигача қайта ишланади ва экспортга жўнатилади.
УЧҚУДУҚ ИМКОНИЯТЛАРИНИНГ КАШФ ЭТИЛИШИ
ХХ асрда халқ хўжалигида атом электр станциялари учун хомашёга бўлган талабнинг ўсиши қайта ишлашнинг техник ва иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ анъанавий ер ости ва очиқ кон усуллари мавжуд эмаслиги туфайли саноат нуқтаи назаридан қизиқиш уйғотмаган «камбағал» ва оғир тоғ-геологик шароитдаги конларни жалб қилиш заруратини келтириб чиқарди.
Янгидан ташкил этилган комбинатнинг асосий вазифаси 1952 йилда очилган ва Марказий Қизилқумнинг оташ каби иссиқ қумларида, қадимий карвон йўлининг учта қудуғи яқинида жойлашган йирик уран конини ўзлаштиришдан иборат эди. Ўша йилларда ташкил этилган Шимолий кон бошқармаси негизида бундай конларни қазиб олишнинг уранни ер остида қудуқли танлаб эритиш усули номини олган янги, кам харажатли усулини ишлаб чиқиш ва ўзлаштиришга қаратилган кенг кўламли ишлар бошлаб юборилди.
1965-1967 йилларда мукаммал технологик ва техник-иқтисодий кўрсаткичлар билан ўтказилган тажриба-саноат ишлари Учқудуқ конининг уранни ер остида танлаб эритиш усули ёрдамида саноат йўли билан қайта ишлашга киришиш имконини берди.
Ўтган асрнинг 90-йилларида уран рудасини қазиб олиш бўйича кўплаб конлар ёпилгач, Шимолий кон бошқармасининг геотехнологик кони Учқудуқдан уран маҳсулотларини етказиб берувчи ягона кон бўлиб қолди.
Отабек РЎЗИЕВ,
НКМК Геотехнология бўлими бошлиғи