Investitsiya, innovatsiya

O‘zbekistonda investitsiya va pay fondlarini rivojlantirishning ustuvor yo‘nalishlari

1/2017

     Фаол инвестиция сиёсати юритилиши иқ­ти­содиётни таркибий ўзгартиришнинг энг самарали воситаси ҳи­собланади. Сўнгги йилларда қулай инвестиция шарт-шароитларини юзага келтиришга қа­ратилган давлат сиёсати туфайли, хо­рижий инвестициялар, биринчи навбатда, тўғридан-тўғри жалб этилаётган инвестициялар оқими мунтазам ўсиб борувчи тенденция шак­лига кирганлиги ҳамда иқтисодиёт­нинг деярли барча соҳаларига бирдек тақсимланиши уларни параллель ривожланишини таъминламоқда.
     Мамлакатимизда инвестиция муносабатларини ривожлантиришга қа­ратилган қулай муҳит сабабли, 2015 йилда 2014 йилга нисбатан 9,5 фоизга кўп, яъни 15,8 млрд долларга тенг миқдордаги инвестициялар ўзлаштирилди. Жами инвестициялар­нинг 67,1 фоизи янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этишга йўналтирилди. Бу эса, 2015 йилда умумий қиймати 7,4 млрд доллар бўлган 158 та йирик ишлаб чиқариш объектлари қурилишини якунлаш ва фойдаланишга топшириш имконини берди.
     Мамлакатимизда инвестиция муносабатларини такомиллаштириш бо­расидаги энг долзарб масалалардан бири – инвестиция фондлари фаолия­тини ривожлантиришдир. Айни пайт­да ҳукуматимиз томонидан бир қа­тор чора-тадбирлар амалга оши­рилмоқ­да, яъни, инвестиция фаолиятини тар­тибга солувчи қонун ва қо­нунос­ти ҳуж­жатлари қабул қилин­моқда. Хусу­сан, инвестиция фондла­рини ривож­лантириш борасида 2015 йил 25 августдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ЎРҚ-392-сонли қаро­ри билан «Инвестиция ва пай фонд­лари тўғри­сида»ги қонун қабул қи­линди.
     Ушбу қонундаги асосий қоидалар­ни ҳамда инвестиция ва пай фондлари фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга оид хусусиятларни кўриб чиқамиз. Бунда ўз мо­ҳиятига кўра, инвестиция фонди юри­дик шахс – акциядорлик жамияти ҳи­собланади. Бу каби фондлар жаҳон амалиётида кенг тарқалган.
     Улар инвесторларнинг пул маб­лағ­ларини жалб этиш ва инвестиция активларига қўйиш мақсадида акция­лар чиқаради. Бунда инвестиция ак­тивлари сифатида инвестиция порт­фелини ташкил этувчи қимматли қо­­ғозлар, улушлар, пул маблағлари (шу жумладан, валюталар), омонатлар ва кўчмас мулк бўлиши мумкин. Инвес­тиция фонди таъсисчилари (акциядорлари) юридик ва жисмоний шахс­лар бўлиши мумкин.
     Инвестиция фонди икки турда таш­кил этилиши мумкин: ўзи чиқар­ган акцияларни қайтариб сотиб олиш мажбуриятига эга ва қайтариб сотиб олиш мажбуриятига эга бўлмаган. Ин­вестиция фондининг тури фонд­нинг таъсис ҳужжатларида кўрсатилади.
     Инвестиция фонди ўз фаолиятини фақат лицензия асосида амалга оширади.
     Инвестиция фондининг бошқарув органлари акциядорларнинг умумий йиғилиши, кузатув кенгаши ва ижроия органи ҳисобланади. Ижроия орган ваколатларини ишончли бошқа­рувчи амалга оширади.
     Ишончли бошқарувчи – бу, инвестиция фондларини ишончли бош­қариш шартномаси асосида фаолиятни амалга оширувчи юридик шахс, қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчисидир.
     Ишончли бошқарувчи ва инвес­тиция фонди ўртасида тузиладиган ишончли бошқариш шартномаси, бош­қариш чоғидаги чекловларни, ҳақ тў­лаш ва харажатларнинг ўрнини қоп­лаш тартибини, шартноманинг амал қилишини тугатиш асослари ва шарт­ларини, тарафларнинг жавобгарлигини ҳамда қонун ҳужжатларига му­вофиқ бошқа қоидаларни назарда тутади. Ишончли бошқариш шартномасида унинг ажралмас қисми бўл­ган ва инвестиция активларининг тарки­бига нисбатан талаблар қўяди­ган ин­вестиция декларацияси бўлиши керак.
     Ўз моҳиятига кўра, инвестиция декларацияси ИФ мақсади тўғрисида батафсил акс эттирилган қоидаларни назарда тутади. Ушбу ҳужжат инвес­торларга мавжуд ИФ орасидан аф­зал кўрганини танлаш, ўз маблағла­рини жойлаштиришга имкон беради. Инвестиция декларацияси қоидалари инвесторга у танлаган фонд ва ишонч­ли бошқарувчи томонидан таклиф этилаётган инвестиция объектини ўз­гартириб юбормаслик учун қўшим­ча кафолат беради.
     Инвестиция фонди фаолияти бўйи­ча бир қатор чекловлар қўйилган. ИФ фаолияти йўналишларига қатъий чек­лов Ўзбекистон Республикасининг «Қим­матли қоғозлар бозори тўғриси­да»ги қонунининг 25-моддасида ҳам кўрсатиб ўтилган: «Инвестиция фондининг фаолияти бошқа турдаги фаолият билан бирга қўшиб олиб борилиши мумкин эмас». Ушбу чеклов кўп жиҳатдан ИФ акциялари­ни сотиб олувчи инвесторлар ҳуқуқ­лари ва қо­нуний манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган.
     ИФ ташкил этишда унинг акциялари қийматини тўлаш пул маблағла­ри, қимматли қоғозлар, улушлар, шу­нингдек, кўчмас мулк ва бошқа мол-мулк, мулкий ҳуқуқлар билан амалга оширилади. Бунда унинг устав ка­питалининг камида 75 фоизи пул шак­лида тўланиши керак. ИФ акциялари­ни жойлаштириш фонд биржасида амалга оширилади.
     «Қимматли қоғозлар бозори тўғ­рисида»ги қонуннинг 3-моддасига асосан, акция – ўз эгасининг акциядорлик жамияти фойдасининг бир қис­мини дивидендлар тарзида олишга, акциядорлик жамиятини бошқариш­да иштирок этишга ва у ту­гатилгани­дан кейин қоладиган мол-мулкнинг бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқини тасдиқловчи, амал қилиш муддати бел­гиланмаган, эмиссиявий қиммат­ли қоғоздир. У акция эгасининг номи ёзилган қимматли қо­ғоз ҳисобланади.
     Инвестиция фондлари чиқарган ва уларга тегишли қимматли қоғоз­ларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш, шунингдек, уларни сақлаш Қим­матли қоғозлар марказий депозитарийси томонидан амалга оширилади.
     Ишончли бошқарувчи инвестиция фонди активларининг ало­ҳи­да ҳи­собини юритади, улар яхлитлигини ва бут сақланишини таъминлайди, шунингдек, инвестиция фондининг молия, солиқ ҳисоботлари ҳам­да бош­қа ҳисоботларининг тўғрилиги ва ишончлилиги учун жавобгар бў­лади.
     Пай инвестиция фонди республикамиздаги инвестиция фаолияти со­ҳа­сидаги янги ҳодиса ҳисобла­нади. «Инвестиция ва пай фондлари тўғри­сида»ги қонуннинг ушбу турдаги фонд­ларга доир қоидаларини 2017 йил 1 июлдан эътиборан амалга киритиш белгиланган.
     Кўриб чиқилаётган қонунга асосан, пай фонди (ПФ) Ўзбекистон Рес­публикасида инвестиция фаолиятини шундай ташкил этиш шаклики, унинг доирасида инвесторлар пул маб­лағларини инвестициялаш мақса­дида профессионал менежерларнинг ишончли бошқарувига топширади. Пай фонди юридик шахс бўлмайди.
     Ишончли бошқарувчи – қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси – пай фондини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилади, инвестор ишончли бошқарувчи билан тузиладиган шартнома асосида пай фондига пул маблағларини киритади, ишончли бошқарувчи инвес­торларнинг пул маблағларини умумий улушли мулк ҳуқуқи асосида пай фондига бирлаштиради ва ўзининг алоҳида банк ҳисоб-варағига инвес­торлар пул маблағларини киритгани­дан кейин икки иш куни ичида улар­га инвестиция пайларини беради.
     Пай фондини ишончли бошқариш шартномаси қўшилиш шартномасидир, ишончли бошқарувчининг раҳ­ба­ри томонидан шартномани имзолаш ва унга қўшилиш тартиби пай фондининг инвесторлари билан тузилади.
     Ишончли бошқариш шартномасида инвестиция фондига оид шарт­нома ёки инвестиция декларацияси бўлиши керак.
     Инвестиция фондидагидек, пай фондини ташкил этиш, инвестиция декларациясида уларнинг мақсади тўғрисидаги қоидалар бўлиши керак. Пай фондини ишончли бошқариш шартномаси қўшилиш шартномаси бўлса-да, унинг инвестиция деклара­цияси, пай фонди инвесторлари (инвестиция пай эгалари)нинг қарори билан тасдиқланади. Ушбу қоида айрим хорижий мамлакатлардаги, масалан, Россиядаги пай фондларидан фарқли ўлароқ, инвесторлар – пай эгаларига инвестиция қарорларини қабул қилишда иштирок этишга имкон беради.
     Ишончли бошқарувчи пай фонди Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсида ҳисобга қўйилганидан кейин инвесторларнинг пул маблағ­ларини тасарруф этади, уларни ишонч­ли бошқарувчининг раҳбари ва Қим­матли қоғозлар марказий депозитарийсининг ваколатли мансабдор шах­си томонидан имзоланадиган тўлов ҳужжати асосида сарфлайди.
     Инвестиция активлари бўйича олинган даромадлар пай фондининг инвестиция пайлари эгалари ўртасида йилда бир марта тақсимланади ёхуд инвестиция пайларининг барча эгалари розилигига кўра қайта инвестиция қилинади.
     Инвестиция пайи – бу, ўз эгаларининг пай фондидаги улушини тас­диқловчи ҳужжатсиз қимматли қоғоз­дир. Инвестиция пайига бўлган ҳу­қуқлар Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси томонидан инвестиция пайлари эгасининг депо ҳисоб-варағидан бериладиган кўчирма бил­ан тасдиқланади.
     Инвестиция пайининг муомаласи унинг фонд биржасидаги олди-сотдиси ва инвестиция пайининг эгаси алмашишига олиб келадиган бошқа ҳаракатларни бажариш орқали амалга оширилади.
     Инвестиция фондидагидек, ПФ ин­вестиция активлари сифатида инвес­тиция портфелини ташкил этувчи қим­матли қоғозлар, улушлар, пул маблағ­лари (шу жумладан, чет эл валютала­ри), омонатлар ва кўчмас мулк бўли­ши мумкин.
     ПФ инвестиция активларини тасарруф этишда ҳам бир қатор чек­ловлар қўйилган.
     Мазкур қонунда ИФ ва ПФ фаолияти тўғрисидаги ахборотни ошкор этиш борасида асосий қоидалар берилган. Хусусан, ахборотни ошкор этиш ишончли бошқарувчи томонидан инвестиция фондларининг, пай фондлари ишончли бошқарувчиси­нинг, қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг, шунингдек, фонд биржасининг расмий веб-сайтларида қонун ҳужжатларига мувофиқ эълон қилиш ҳамда ахборотни белгиланган тартибда сўровга кўра тақ­дим этиш орқали амалга оширилади.
     Ушбу қоидалар батафсил кўринишда Ўзбекистон Республикаси хусусийлаштириш, монополиядан чи­қа­риш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Қиммат­ли қоғозлар бозори фаолиятини му­вофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази бош директорининг 2012 йил 24 июлдаги 2012–13-сонли буй­ру­ғи билан тасдиқланган «Қим­мат­ли қоғозлар бозорида ахборот тақдим этиш ва эълон қилиш қоидалари» ном­ли ҳужжатда берилган.
     Умуман олганда, қонунчилик ишонч­ли бош­қарувчини ИФ ва ПФ тўғриси­даги кенг кў­ламли ахборотларни ош­кор этиб бо­ришни талаб этади.
     Шундай қилиб, бугунги кундаги мавжуд инвестиция ва пай фондлари фаолиятини тартибга солиш тизими шуни таъкидлашга имкон берадики, ушбу фондлар инвестиция фондлари мол-мулки ва пай фондлари инвестиция пайларини ташкил этувчи акцияларнинг максимал даражада ишончлилигига ва юқори ликвидлилигига нисбатан қаттиқ талабларга устунлик берадиган жиддий, пухта ишланган қонуний базага эга. Бу, бизнинг фикримизча, респуб­ликамизда инвестиция ва пай фонд­лари оммалашишига маълум даражада ҳисса қўшади.
     Ўзбекистонда инвестиция фонд­лари қарийб 20 йилдан буён фаолият юритмоқда. Инвестиция фондлари иқтисодиётга инвестиция киритиш мақсадида жисмоний шахслар маб­лағларини жалб қилиш учун ташкил этилган асосий молия институти ҳи­соб­ланишига қарамай, улар кичик инвестор – жисмоний шахслар фаолиятида ҳозиргача оммавий кўринишга эга бўлмаган.
     Хусусий инвесторларни паст фаоллик даражасининг асосий муаммолари сифатида ахборот етишмас­лиги, аҳолининг паст даражада молиявий саводхонлиги ва инвестиция фондлари моҳиятини тушуниши кабиларни қайд этиш мумкин. Шунинг учун инвестиция фондлари турлари ва фаолиятининг мақсадлари тўғри­си­даги ахборотни тартибга солиш, уларни таснифлаш, таққослаб таҳлил қилиш ва тавсифлаш, бизнинг фикримизча, хусусий инвесторларнинг уш­бу жамоавий инвестициялаш институтларига ва умуман, қимматли қо­ғозларга қизиқишини кескин кўтариш мумкин.
     Шу жиҳатдан республикамизда ИФ ва ПФ доирасида инвестиция фаолиятини рағбатлантиришда Европа Иттифоқи мамлакатлари ва АҚШ фонд бозорларини ҳуқуқий тартибга солиш тизимларида фундаментал ва фаол амалга оширилаётган тамо­йиллардан бири ҳисобланган ахборотни мунтазам равишда ошкор этиш тамойилини етарли даражада татбиқ қилиш муҳим аҳамият касб этади. Ах­боротни ошкор этиш тамойилининг моҳияти шундан иборатки, инвесторда жамоавий инвестициялаш воситаси активларининг жорий ҳола­ти тўғ­ри­сидаги ахборотни ўз вақтида ва тўла-тўкис олиш имкони мавжуд бўлади.
     Бу жиҳатдан республикамиз амалиёти мазкур камчиликлардан холи эмас. Масалан, 2016 йил август ҳола­тига айрим инвестиция фондларининг веб-сайтлари йўқ. Мавжуд веб-сайтлардаги ахборотлар ўз вақтида янгиланиб борилмаслиги фойдаланувчилар учун ўз долзарблигини йў­қотади. Мисол учун, «Daromad Plus» инвестиция фонди сайтининг «Ривожланиш стратегияси» бўлимида зарур ахборотлар тақдим этилмаган. «Бизнес-режа» бўлими ахбороти ўз вақтида янгилаб борилмайди: 2015 йилга мўлжалланган бизнес-режа бе­рилган, аммо 2016 йилга тегишли ҳуж­жат тақдим этилмаган.
     Ўзбекистон Республикасининг ин­вестиция ва пай фондлари фаолиятини тартибга солувчи қонун ёрдами­да аҳолининг кенг табақалари ҳамда тад­биркорларни профессионал бош­қа­ришга жалб этиш, хавф-хатарни ди­версификациялашга, харажатни ка­майтириш ва ишончли инвестиция киритишлари учун имкониятларга эга бўлишлари таъминланади. Ушбу қо­нуннинг ижобий жи­ҳатлари қуйи­да­гилар:
     ● кичик инвесторларнинг инвес­тицияларни профессионал бошқа­ришга киришиши;
     ● инвесторларнинг хавф-хатарлари диверсификацияланиши;
     ● операцияларнинг кўлами ҳисо­бига харажатлар камайиши;
     ● якка тартибдагига қараганда, жа­моавий инвестициялашнинг ишонч­лилиги.
     Умуман, қонун ҳужжати қабул қи­линганлиги қимматли қоғозлар бозори томонидан унинг асосий сафарбарлик вазифасини бажаришга яқин­дан ёрдам беради.
     Республикамизда инвестиция ва пай фондларини ўрта истиқболда барқарор ривожлантириш устувор йўналишлари сифатида қуйидагилар белгиланиши мақсадга мувофиқ:
     ● республика қимматли қоғозлар бозорини янада ривожлантириш, унинг капиталлашув даражасини ошириш ва инфратузилмасини такомиллаштириш чораларини кўриш;
     ● қимматли қоғозлардан олинадиган даромадларнинг йиллик инфляция даражасидан паст бўлмаслигини таъминлаш;
     ● инвестиция ва пай фондларининг инвестиция портфели таркибини диверсификациялаш, хусусан, ин­вестиция объектларини кўпайтириш;
     ● инвестиция ва пай фондлари ўртасидаги рақобат муҳитини яхшилаш чораларини кўриш;
     ● республикада инвестиция фаолиятини рағбатлантириш мақсадида инвестиция ва пай фондлари доирасида ахборотни ошкор этиш ва ўз вақ­тида янгилаб бориш тамойилини етарли даражада тўла амалга ошириш;
     ● инвестиция ва пай фондлари фаолиятини тартибга солишнинг ҳу­қу­қий базасини янада мустаҳкам­лаш.
     Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда инвестиция ва пай фондларини жаҳон тажрибалари асосида ривожлантириш жамоавий инвестиция­лашни фаоллаштиришга, шунингдек, фонд бозорининг иқтисодиёт тар­моқ­лари ўртасидаги капиталининг эркин оқимини таъминлашга, инвес­торлар ва аҳолининг кенг табақала­рига фонд бозорига кириш имконини бериш ва омонатларни шакллантириш, уларни иқтисодиётнинг ре­ал секторига киритилган инвестицияларга айлантириш учун муқобил имкониятларни яратиш учун хизмат қи­лади.
 
 
Мунира СУЛТОНБОЕВА,
катта илмий ходим-изланувчи

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.