Agrosanoat kompleksi

Qishloq xo‘jaligi yerlarini baholash asosida ularning samaradorligini oshirish

1/2017

     Мамлакатимиз иқтисо­диётининг барча тизимлари самарали ис­лоҳ қилиниши кўп жи­ҳатдан қишлоқ хўжалигида мавжуд ер ресурсларидан унумли фойдаланиш билан ҳам боғ­лиқ, чунки ер ресурслари жамият манфаатларига хизмат қилувчи моддий неъматларни яратишда бевосита иштирок этади. Демак, ер ресурс­ларини талаблар даражасида баҳо­лаш асосида ҳудудлар имкониятларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш муайян илмий ва амалий аҳамиятга эга.
     Ўзбекистон Республикасида ер давлат мулки ҳисобланади ва у жисмоний, юридик шахсларга қонун ҳуж­жатларида белгиланган тартибда ме­рос қилиб қолдириладиган умр­бод эгалик қилиш, фойдаланиш, ижарага олиш ва мулк ҳуқуқи асосида бе­рилади. Мулк шакллари ва ерга бўл­ган ҳуқуқларнинг хилма-хиллиги Ўз­бе­кистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасида таъкидланишича: «Ер ва бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқи­лона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир». Би­роқ, мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотлар­нинг чуқурлашуви объектив тарзда ер муносабатларини тубдан ислоҳ қи­лиш заруратини келтириб чиқарди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 24 июлда­ги ПФ-3780-сонли фармонига му­во­фиқ, рес­публикамизда ишлаб чи­қа­риш объектлари ва якка тартибда уй-жой қу­риш учун ажратилган ер участкаларининг хусусийлаштирили­ши назарда тутилган. Мазкур тадбир ерларни баҳолаш ишлари ўтказилишини ва ушбу тадбирлар материалининг қўл­ла­нилишини талаб қи­лади.
     Барчамизга маълумки, жамиятда ер ресурслари кўп мақсадли функцияларни бажаради. Охирги 25 йилда ер ресурсларининг Ўзбекистон Рес­публикаси ер фонди майдонларининг тоифалари ва динамикаси бўйи­ча тақсимланиши ушбу ресурсларнинг кўп функцияли эканлигини яна бир бор намоён этди.
     Қайд этилганидек, республикамизда барча турдаги ер майдонларидан фойдаланиш жамият ижтимо­ий-иқтисодий ривожланишида ўзига хос тарзда объектив сабабларга кўра динамик хусусиятга эга. Хусусан, қишлоқ хўжалигида фойдаланилади­ган ер майдонлари учдан бир қисм­дан кўпга қисқарди. Бунга қора­мол­ларнинг тартибсиз равишда бо­қили­ши ва тупроқ қатламининг бузилиши оқибатида яйловлар сифатининг се­зиларли даражада пасайиши туфайли уларнинг кескин равишда қисқа­ришига асосий сабаб бўл­ди. Инқироз­га учраган қишлоқ хўжалиги ерлари­нинг бир қисми ўрмон фонди ер­лари тоифасига, яна бир қисми эса захира ерлар тоифасига ўтказилди. Аҳоли пунктлари ерларининг майдони ушбу даврда анча кенгайди. Бунга 1989 йил­да Юртбошимиз томонидан имзоланган «Қишлоқ жойларида томорқа улушларини кўпайтириш тўғрисида»­ги фар­моннинг амалга оширилиши натижасида қишлоқ аҳоли пунктларида томорқа участкалари ўлчамларининг кенгайтирилиши сабаб бўлди. Бу эса қишлоқ аҳолисининг ижтимо­ий-иқтисодий аҳволи тубдан яхшиланишида муҳим роль ўйнади.
     Айниқса, саноат, транспорт, ало­қа ва мудофаа тизимига қарашли ер майдонларининг нисбатан кўпайтирилишига алоҳида эътибор қаратили­ши, бу – бозор муносабатларига ўтиш шароитида мунтазам равишда ривожланиб бораётган иқтисодиётимиз эҳтиёжларини таъминлаш билан бевосита боғлиқ. Масалан, ўрмон фонди ерларида катта ўзгаришлар бўлди – инқирозга учраган яйлов ерларининг бир қисми унинг тасарруфига ўтказилиши ҳисобидан ўрмон фон­дининг ер майдони кўриб чиқилаёт­ган даврда 3,6 мартага ошиб, 8,8 млн гектарга етди. Ушбу даврда сув фонди ерларининг майдони қарийб 30 фо­изга ошди. Мазкур ерларнинг май­дони бир йилда мос равишда ўртача 1–4 минг гектарга ортган, бу асосан, қиш­лоқ хўжалиги ишлаб чиқариш эҳ­тиёжларининг ошганлиги билан изоҳ­ланади. Ва, ниҳоят, захира ерларининг майдони таҳлил қи­линаётган даврда инқирозга учраган яйлов ер­ларининг қайтарилиши ҳисобидан 90 фоизга кўпайган.
     Мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар даврида ерларнинг асосий тоифаларига тегишли майдонлар динамикаси ер муносабатларида юз бераётган чуқур ўзгаришлар, тақсимланишдаги мослашувчан жараёнлар ва жамиятнинг хилма-хил моддий неъматлар­га, ижтимоий, рекреация, соғломлаш­тириш ва табиатни муҳофаза қилиш хизматларига бўлган эҳтиёжлари би­лан боғлиқ ер ресурсларидан фойдаланиш хусусиятидан далолат бериб турибди. Шу билан бирга, у респуб­ликада ердан фойдаланиш таркибини мақбуллаштириш жараёнининг натижаси ҳисобланмайди, балки иқ­тисодий ислоҳотларнинг дастлабки босқичларида жамиятда юз бераётган ижтимоий-иқтисодий ўзгариш­ларнинг акс этишидир. Айниқса, ушбу жиҳат қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерларга тааллуқли.
     Қишлоқ хўжалиги мамлакатимиз иқтисодиётининг энг муҳим тармоғи ҳисобланиб, ердан фойдаланиш расмий маълумотларга кўра, 20,8 млн гектарни ташкил қилади, шунинг 4,2 млн гектари жуда қадрланадиган су­ғориладиган ерлардир. Барча қишлоқ хўжалигида етиштириладиган маҳсу­лотларнинг 95 фоизи мазкур ерлар улушига тўғри келади. Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги экин майдонлари улушининг бир мунча камайганлигига қарамай, ҳайдаладиган ва кўп йиллик дов-дарахтзорли ерлар катта ўзгаришларга дучор бўлмади, бу ўта ноёб ерлардан фойдаланишдаги ижобий ҳолат ҳисобланади.
     Кўриб турганимиздек, ҳайдалади­ган ерлар майдони бор-йўғи 1,2 фоизга, пичанзор ва яйловлар эса қа­рийб икки марта қисқарди. 2014 йил­да мамлакатимизда суғорма ҳайдов ерлари таркибида пахта майдони 48 фоизни, ғалла экин майдонлари 38 фоизни, сабзавот ва бошқа экин майдонлари 14 фоизни ташкил қилди. Пахта хомашёси тайёрлаш ва ғалла экинлари етиштириш бўйича тўпланган маълумотлар асосида суғорила­диган ерларнинг сифати, улардан фой­даланиш самарадорлиги тўғриси­да етарлича хулоса чиқариш мумкин. Республика Давлат статистика қўми­та­сининг маълумотларини таҳлил қи­лиш натижасида шу нарса маълум бўлдики, 1991 йилда пахта ҳосилдор­лиги 27 ц/ни, 2004 йилда 24,5 ц/ни, 2014 йилда эса 22,4 ц/га.ни ташкил қилган. Пахта ҳосилдорлигининг пасайиши унумдор ерларнинг камайганлигидан далолат беради, буни туп­роқ бонитети балли динамикаси ҳам тасдиқлаб турибди. Ерларни ба­ҳолаш натижаси шуни кўрсатдики, 1991 йилда республика бўйича ўртача бонитет 60 баллни, 2001 йилда 56 баллни, 2004 йилда эса 52 баллни ташкил қилди.
     Ерлар сифатининг пасайиши биринчи галда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати ёмонлашганлиги билан боғлиқ. 2014 йил ҳо­латига кўра, мамлакатимизда турли даражада шўрланган суғориладиган ерлар 58,4 фоизни, шу жумладан, кучли шўрланган ерлар 9,7 фоизни ташкил қилди. Эрозия жараёнлари зарар етказган ерлар майдони икки млн гектарга етди, катта майдонлар ботқоқланган (захкаш) ва сув босиб кетган, шунингдек ифлосланган. Рес­публикамизда сўнгги 40 йилда амалга оширилаётган ерларни баҳолаш ишлари натижалари ҳам ушбу хулосаларни тасдиқлайди. Агар респуб­ликада 1980 йилда 1204,6 минг га сифати яхши суғориладиган ерлар (61–100 балл) мавжуд бўлган бўлса, 2010 йилга келиб бундай ерлар улуши қарийб ўн бараварга камайиб кетди. Шу билан бирга, сифати ёмон суғориладиган ерлар майдони ҳам кескин ортди.
     Шу боисдан, республикамизда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини тубдан яхшилашга эътибор берила бошланди. Масалан, 2013 йил 19 апрелда Ўзбекистон Президентининг «2013–2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғриси­да»ги қарори қабул қилинди. Ерларни баҳолаш ишлари мазкур ҳужжатни ҳаётга татбиқ этиш йўналишларидан бири бўлиб, бу суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва ҳудудларда ер ресурсларидан фой­даланиш самарадорлигини оширишга хизмат қилувчи тадбирларни белгилаб олиш имконини берди.
     Юқорида қайд этилган таҳлил ва қишлоқ хўжалиги ерлари, айниқса, суғориладиган ерлардан фойдаланиш самарадорлиги муаммоларига бағишланган тадқиқотлар ерларни ба­ҳолаш ишларини қишлоқ хўжалиги ерларининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиш ва ердан фойдаланувчилар ҳамда ижарачиларнинг давлат билан ўзаро муносабатларини замонавий усуллар ёрдамида та­ба­қалаштириш имконини беради.
     Ер муносабатларининг ислоҳ қи­линиши ер ресурсларига солиқ солишнинг такомиллаштирилиши билан узвий боғлиқ. Ер учун ҳақ тўлаш ердан пулли фойдаланишнинг бир кў­риниши бўлиб, у ерларга эгалик қи­лиш, улардан фойдаланиш ва ерларни тасарруф этиш жараёнида юза­га ке­ладиган ташқи муносабатларни ифо­даловчи иқтисодий шаклни ўзида на­моён этади. Ўз навбатида, бозор иқти­содиёти шароитида қиш­лоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишда ерларнинг қий­матини баҳолаш ва уларнинг натижа­ларини жорий этиш катта ама­лий аҳа­миятга эга.
     «Иқтисодий назария ва бозор иқ­тисодиёти амалиётига мувофиқ ернинг нархи ижара тўлови ва ер соли­ғини аниқлашнинг асосини ташкил қилади; ижара тўлови ҳамда ер соли­ғининг миқдори ер участкасининг нархи ва жойлашган жойига бевосита боғлиқ». Бундан келиб чиқадики, бозор иқтисодиёти шароитида ер ре­сурслари ижара тўлови ва ер соли­ғини белгилаш мақсадида қийматни кадастр бўйича оммавий баҳолаш объектлари ҳисобланади. Таъкидлаш лозимки, қийматни кадастр бўйича баҳолаш, ердан сама­рали фойдаланувчиларни иқтисо­дий жиҳатдан рағ­батлантириш ва, аксинча, ердан самарасиз фойдаланувчиларга нисбатан жарима санкцияларини қўллаш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
     Шу билан бирга, ўз навбатида, баҳолаш ишларини тўғри ва сифатли ахборот базаси билан таъминламас­дан туриб, ерларни кадастр бўйича баҳолашни мутлақо амалга ошириб бўлмайди. Бундай базани тайёрлаш учун ушбу жиҳат умумий қабул қи­линган талабларга мос келиши лозим. Ана шундай талабларда стандартлаштириш, такрорланишларнинг олдини олиш, тайёрлаш даврийлигини мақ­бул­лаштириш, тайёрлаш муддатлари­ни қисқартириш ва тайёрлаш учун қай­тариш, шунингдек, фойдаланиш­даги қулайлик ва мазкур ахборотнинг си­фатини назорат қилиш кабилар му­ҳим аҳамият касб этади.
     Айни пайтда республикамизда амалга оширилаётган қишлоқ хўжалиги ер ресурслари қийматини кадастр бўйича баҳолашнинг ўзига хос­лиги унинг норматив-ҳи­соблаш хусу­сиятига эгалигидир. Ушбу ҳисоб-ки­тоблар тегишли идоралар (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳ­ка­маси, «Ергеодезкадастр» давлат қўми­таси, Адлия вазирлиги ва б.) томони­дан тасдиқланадиган методика ва нормативлар асосида амалга ошири­лади. Бунда нормативларнинг ягона шкалалари қўлланади. Одатда, норматив бўйича ҳисоблаб чи­қил­ган қиймат бозор қийматидан сезиларли даражада фарқ қилади. Би­роқ, нор­мативлар даврий равишда янгиланиб туради, бу ҳол ер ресурс­ларининг бозор қиймати учун база­вий асос сифатида уларнинг қийма­тини кадастр бўйича баҳолашнинг ролини сақлаб қолиш имконини беради.
     Қишлоқ хўжалиги ерларини норматив баҳолаш бўйича дастлабки ме­тодика Ўзбекистон Республикаси Қиш­лоқ ва сув хўжалиги вазирлиги то­монидан 1998 йилда қабул қили­ниб, 2015 йилга қадар амал қилди. Ушбу методикада 1 га суғориладиган ҳай­дов ерининг норматив қиймати қу­йидаги формула бўйича аниқла­нади:
 
12uz-1
     бу ерда:
     Цн – 1 га суғориладиган ҳайдов ерининг норматив қиймати, минг сўм;
     ЧДн – 1 га суғориладиган ҳайдов еридан олинадиган норматив соф даромад, минг сўм;
     П – банк ссудасининг капиталлашуви, фоиз;
     К – хўжалик юритиш ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг интенсивлиги даражаларини ҳисобга олувчи коэффициент.
     Бундан ташқари, суғориладиган ерларнинг норматив баҳосини ҳи­соб­лашда базавий баҳога нисбатан ер участкасининг жойлашган ўрни ва маҳаллий шароитларини ҳисобга олувчи жойлашган жой коэффициент­ларидан фойдаланилди.
     Суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерларини янада объектив баҳолаш учун 2014 йилда «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси томонидан «Қишлоқ хўжалиги экин майдонларининг норматив қийматини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом» ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинди (2014 йил 18 августдаги 235-сонли қарор). Ушбу низомга мувофиқ, 1 га суғориладиган ҳайдов ерининг норматив қиймати қуйидаги формула бўйича аниқланади:
 
12uz-2
 
бу ерда:
     Цн – 1 га суғориладиган ҳайдов ерининг норматив қиймати, минг сўм;
     ЧДн – 1 га суғориладиган ҳайдов еридан олинадиган норматив соф даромад, минг сўм;
     П – банк ссудасининг капиталлашуви, фоиз;
     К1 –хўжалик юритиш ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг интенсивлиги даражаларини ҳисобга олувчи коэффициент;
     К2 – участканинг сув билан таъминланганлигини ҳисобга олувчи ко­эффициент;
     К3 – ҳосилнинг нобуд бўлиш фоизини ҳисобга олувчи коэффициент.
     Мамлакатимизнинг турли минта­қалари қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив нархини аниқлаш юзасидан ўтказилган ерларни баҳолаш иш­ларининг натижалари шуни кўрсатиб турибдики, кадастр бўйича норматив нархни аниқлашга доир янги методика ҳудудларни ер ресурсларидан фойдаланишнинг табиий, ижтимоий-иқтисодий омилларини янада объектив ва тўлиқ ҳисобга олишга ёрдам беради.
     Демак, бундай баҳолаш маълумотлари қўлланилиши қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланганлик учун тўловнинг ёки ердан фойдаланиш­ни иқтисодий рағбатлантириш воситаларининг тўғрироқ белгиланишига хизмат қилади, бу пировардида, рес­публикамиз қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш имконини бериши муқаррар.
 
 
Зафар АБДУЛЛАЕВ,
физика-матем. ф/ номзоди

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.