Banklar va soliqlar hisobi

Tijorat banklari yalpi daromadini oqilona shakllantirish va undan samarali foydalanish

1/2017

     Бозор иқтисодиёти шароитида ҳар бир хўжалик юритувчи субъектнинг соғлом фаолият кўрсатиши кўп жи­ҳатдан мазкур субъект томонидан ишлаб чиқиладиган ва ўз фаолиятига тизимли тарзда татбиқ этиладиган ялпи даромадни оқилона шакллантириш ҳамда ундан самарали фойдаланиш сиёсати билан бевосита боғлиқ.
     Тижорат банклари ялпи даромадини оқилона шакллантириш ва ундан самарали фойдаланиш масалалари ҳақида гап кетар экан, аввало, уларнинг шаклланиш ва фойдаланиш йўналишлари билан боғлиқ бўлган масалаларга аниқлик киритиш керак. Мавҳумликка йўл қўймаслик учун биз ушбу масалаларни мамлакатимиз банк тизимида ўзига хос ўринга эга бўлган чет эл капитали иштирокида фаолият кўрсатаётган банк мисолида кўриб чи­қамиз.
     Бу ўринда, энг умумий тарзда, ти­жорат банклари ялпи даромадини шакллантириш ва ундан фойдаланишнинг асосий йўналишлари фоиз даромадлари, фоиз харажатлари, фо­изсиз даромадлар ва амалиёт харажатлари билан боғлиқ эканлигини таъкидлаб ўтиш лозим. Бунинг айнан шундай эканлигини чет эл капитали иштирокидаги «Савдогар» АТБ мисо­лида ҳам кўриш мумкин.
     Шунинг учун, бу банк ялпи даромадини оқи­лона шакллантириш ва ундан самарали фойдаланиш билан боғ­лиқ бўл­ган масалаларни ана шу кетма-кетликда кўриб чиқишга ва улар асосида юқоридаги мақсадларга хизмат қилувчи тегишли хулосаларни шакллантиришга ҳаракат қиламиз.
     Мантиқан фикрлашнинг тегишли қоидаларига қатъий риоя этиб ва юқорида қайд этилган ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда, дастлаб чет эл капитали иштирокидаги «Савдогар» АТБ фоизли даромадларининг таркиби, тузилмаси ва унинг ўзгаришини таҳлил қиламиз:
     Биринчидан, мазкур банкнинг фо­изли даромадлари таркибига тўхталамиз: а) кредитлар бўйича фоиз даромадлари; б) Марказий банк ва бошқа банклардаги ҳисоб-варақлари бўйича фоиз даромадлари ва в) бош­қа фоиз даромадларидан иборат. Кў­риниб турибдики, диверсификацияланиш нуқтаи-назаридан ва риск омилини ҳисобга олганда бундай таркибни етарли даражада оқилона, деб бўлмайди.
     Иккинчидан, бу банк фоиз даромадларининг тақдирини белгилашда кредитлар бўйича фоиз даромадлари ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Унинг роли сўнгги йилларда ҳам сира ўзгармасдан қолмоқда. Ҳатто, 2015 йилда 2014 йилга нисбатан унинг 664,5 млн сўмга камайганлиги ҳам бу нисбатнинг ўзгаришига ўз таъсирини кўрсата олмаган: жами фоиз даромадларида кредитлар бўйича фоиз даромадлари салмоғи ўзгармасдан 98,6 фоизлигича қолмоқда. Бу жараёнда инфляция омили ҳам инобатга олинадиган бўлса, бу борадаги вазиятнинг ниҳоятда нозиклиги янада яққол намоён бўлади.
     Учинчидан, Марказий банк ва бошқа банклардаги ҳисоб-варақлари бўйича фоиз даромадлари олдинги йилга нисбатан 2015 йилда бироз ортган бўлишига қарамасдан, бу жи­ҳат уларнинг салмоғи ўзгаришининг содир бўлишига ўз таъсирини кўрсата олмаган.
     Тўртинчидан, фоиз даромадлари таркибида бошқа фоиз даромадларининг умуман йўқлиги, ўз навбатида, улар таркибини кенгайтириш билан боғлиқ бўлган муаммоларнинг кун тартибига қўйилиши ва уларнинг оқилона ҳал этилишини тақозо ­этади.
     Бешинчидан, 2015 йилда жами фоиз даромадларининг 2014 йилга нисбатан 647,2 млн сўмга камайганлиги ва бунда кредитлар бўйича фоиз даромадлари ҳал қилувчи роль ўйнаганлиги айнан жараёнлар билан боғлиқ маълум бир муаммолар борлигидан далолат берадики, улар ҳам ҳал этилиши керак.
     Умуман олганда, юқоридаги 1–5- пунктларда акс эттирилган хулосалар асосида чет эл капитали иштирокидаги мазкур банк фоизли даромадла­рини оқилона шакллантиришга хиз­мат қилувчи қуйидаги умумий ху­лосани шакллантириш мумкин: фоизли даромадларни оқилона шакллантиришда етарли даражада фойдаланилмасдан келинаётган маълум бир захиралар мавжуд. Яъни, бу йўналишда кредитлар бўйича фоиз даромадлари камайишига йўл қўймас­лик чораларини кўриш, шунингдек, бошқа фоиз даромадларидан фойдаланиш ҳам вазиятни яхшиланишига муносиб ҳисса қўшиши мумкин.
     Тижорат банки ялпи даромадини оқилона шакллантириш ва ундан са­марали фойдаланиш билан боғлиқ бўлган масалалар фоиз даромадлари билан бир қаторда фоиз харажатларининг таркиби, тузилмаси ва унинг ўзгаришига ҳам бориб тақала­ди. Шу боис, энди муаммонинг ана шу жиҳа­тига эътибор берамиз ва таҳлилимиз­ни ушбу йўналишда давом эттирамиз.
     «Савдогар» банкда фоиз харажатлари таркиб жиҳатдан етарли даражада диверсификация қилинганли­гини кўрсатмоқда. Бироқ, уларнинг таркибий тузилмасини белгилаб беришда фоиз харажатларининг қуйи­да­ги икки йўналиши ҳал қилувчи аҳа­миятга эга: а) муддатли депозитлар бўйича фоиз харажатлари – 2014–215 йилларда, мос равишда 43,6 фоиз ва 25 фоиз; б) бошқа банкларга тўланадиган маблағлар бўйича фоиз харажатлари – 2014–2015 йилларда мос равишда 51,6 фоиз ва 71,5 фоиз. Кўриниб турибдики, сўнгги икки йилда ҳам банк фоиз харажатларида ана шу икки йўналишнинг ҳиссаси 95–97 фоизга тенг бўлмоқда.
     Мазкур банк фаолиятида фоизсиз даромадларни оширишнинг бошқа манбалари ҳам мавжуд. Хусусан, валю­та операциялари, қарам хўжалик­лар ва қўшма корхоналардан олинган фой­да ҳамда бошқа амалиёт даромадлари ана шундай даромад манбаларидан бўлиши мумкин. Бизнинг фикримизча, банк доирасида унинг да­ро­мадларини оқилона шакллантириш ва ундан самарали фойдаланиш масалалари кун тартибига қўйилаёт­ганда муаммонинг юқорида қайд этилган жиҳатлари ҳам эътибордан четда қолмаслиги керак.
     Банк харажатлари таркибий тузилмасида иш ҳақи ва ходимлар учун бошқа тўловлар ҳал қилувчи аҳами­ятга эга. Уларнинг салмоғи 2014 йилда 46,2 фоизни, 2015 йилда 51,5 фоизни ташкил этган ёки олдинги йилга нисбатан 5,3 фоизли пунктга орт­ган. Бундай шароитда банк ходимларининг меҳнат унумдорлигини оши­риш билан боғлиқ бўлган муаммоларни ҳал этишнинг олдинги ўринга чиқиши табиий ҳол.
     Бу ўринда «Савдогар» АТБ фаолиятида вужудга келган яна бир ҳолатнинг жуда муҳимлигини қайд этиб ўтиш мақсадга мувофиқ. Зеро, сўнгги икки йил давомида банк фоиз даромадлари ва фоиз харажатларининг ўсиш суръатлари ўртасида ўзаро номуво­фиқлик вужудга келган. Фоиз даромадлари 1,4 фоизга қис­қарган бир пайтда фоиз харажатлари, аксинча, 0,5 фоизга ортган. Бунинг натижасида, банкнинг соф фоиз даромадлари 747,3 млн сўмга ёки 2,5 фоизга камайган. Ҳолбуки, улар ўртасида ўсиш суръатлари мутаносиб­лиги таъминланганда ҳисоб-китоб­лар кўрсатишича, банкнинг соф фоиз даромадлари юқоридаги суммага камаймас­дан, аксинча, 140,9 млн сўмга ортган бўлар эди.
     Худди шунингдек, банк фаолиятида фоизсиз даромадлар ва харажатларнинг ўсиш суръатларидаги но­мутаносибликка ҳам барҳам беришнинг иложи бўлмаган, яъни фоизсиз даромадларнинг ўсиш суръатлари (15,5 %)га нисбатан харажатларнинг ўсиш суръатлари (17,6 %) 2,1 фоизли пунктга ёки 13,5 фоизга юқо­ри бўл­ган. Бу ерда ҳам юқоридаги тартибда мутаносиблик таъминланганда банкнинг соф фоизсиз даромадлари 630,1 млн сўмга ортган бў­лар эди. Биз томонимиздан тажриба тартибида амалга оширилган ҳисоб-китоблар­нинг натижаси шуни кўрсатмоқда.
     Юқоридаги мулоҳазалардан кў­риниб турибдики, фақат юқоридаги ана шу икки ҳолат инобатга олинганда ва улар ўртасидаги ўзаро мутаносиблик таъминланганда, бошқа шароитлар тенг бўлган тақдирда, «Сав­догар» АТБнинг соф фойдаси 771 млн сўмга ортиб, унинг даражаси 2015 йилдаги 15974,4 млн сўмга эмас, балки 16745,4 млн сўмга тенг бўлар эди.
     Умуман олганда, юқорида амалга оширилган таҳлил натижаларига таянган ҳолда қуйидаги хулосани шакллантириш мумкин: ялпи даромадни оқилона шакллантириш ва ундан самарали фойдаланиш ҳар бир тижорат банки фаолиятининг марказий масаласидир. Бунда уни шакл­лантириш ва фойдаланишда муҳим аҳамиятга эга бўлган фоиз даромади, фоиз харажатлари, фоизсиз даромадлар ва амалиёт харажатларининг таркиби, тузилмаси ва ундаги содир бўлаётган ўзгаришларни ҳисобга олиш зарур. Бу жараёнда тегишли кўрсаткичларнинг ўзгариши ўртасида ўзаро мутаносибликни таъминлаш банк ялпи даромадини оқи­лона шакллантириш ва самарали сарфлашга хизмат қилади.
 
Қаҳрамон ҲУСАНОВ,
ТМИ мустақил тадқиқотчиси

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.