Ўзбекистонда қурилиш-бунёдкорликнинг ўзига хос хусусиятлари халқимизнинг азалий анъаналари ва шарқий менталитетини акс эттиради. Қадимий шаҳарлар, қалъа, сарой, мадраса, масжид, миноралар архитектураси ана шундан далолат бериб турибди. Ўзбекистон шаҳарларининг тарихий марказлари, машҳур меъморчилик ва архитектура ёдгорликлари ҳақли равишда ЮНЕСКОнинг бутунжаҳон мероси объектлари рўйхатидан жой олган бўлиб, ҳозирда улар сўлим зиёратгоҳларга ва туризм марказларига айланган. Қурилиш борасидаги асрлар мобайнида тўпланган катта тажриба, қуриш ва яратиш истаги авлоддан-авлодга ўтиб сайқал топиб келмоқда. Бугун қурилиш соҳаси мамлакатимиздаги етакчи тармоқлардан бири ҳисобланади.
Cифатли, чиройли, қулай ва замонавий иншоотлар қуриш учун сифатли қурилиш материаллари зарур. Бу масалада энг асосийси, ҳарбий тил билан айтганда: «сафда қадам ташлай олиш»: замон талабларидан ортда қолмаслик, илғор технологияларни қўллаш орқали тарихий анъаналарни уйғунлаштириш лозим. Айнан шу боис, ҳукуматимиз мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ мазкур соҳани ривожлантириш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва уларга бўлган талабни қондиришга алоҳида эътибор қаратди.
Қурилиш материаллари саноати тузилмасини янада ривожлантириш ва диверсификациялаш, тармоқ корхоналарини модернизация қилиш, технологик ва техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш учун хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, унинг экспорт салоҳиятини ошириш, халқаро талаб ва стандартларга мувофиқ замонавий корпоратив бошқарув усулларини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 25 октябрдаги «Республика қурилиш материаллари саноатини бошқаришни ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамияти ташкил этилди. Ҳозирда жамият таркибига 120 тадан ортиқ йирик, ўрта ва кичик бизнес корхоналари киради.
Агар 1991 йилда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхоналар томонидан жами 1,3 млрд сўмлик ёки валюта эквивалентида 36,7 млн долларлик 48 номдаги маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, ўтган чорак аср мобайнида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми ҳам, маҳсулот ассортименти ҳам бир неча марта ошди. Бундан ташқари, қўшимча равишда қурилиш материалларининг замонавий, энергия тежовчи, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп турларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Биргина 2015 йилда истеъмолчиларга 2,2 трлн сўмлик ёки 760,1 млн долларлик маҳсулот етказиб берилди. Шу тариқа, мустақиллик йилларида қурилиш материаллари саноатидаги ишлаб чиқариш ҳажми 20,7 мартага оширилишига муваффақ бўлинди.
Замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни такомиллаштириш, шу жумладан, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, корхоналарни техник ва технологик жиҳатдан янгилаш – давр талаби, бу борада мустақиллик йилларида юздан зиёд лойиҳани амалга ошириш учун ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, қайта жиҳозлаш бўйича катта ҳажмдаги ишлар бажарилди. Маҳсулотнинг импорт ўрнини босувчи кўплаб турлари: сендвич-панеллар, полистирол асосидаги қоплама панеллар, газ-бетон, том усти материаллари, пластик профил, намга чидамли гипсокартон, қуруқ қурилиш аралашмалари, цемент, клинкер, оқ ва портланд цемент, керамик плиталар, майоликалар, йўлак плиталари каби қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.
«Ўзқурилишматериаллари» АЖнинг хусусий, қўшма ва шуъба корхоналари қурилиш объектларини зарур қурилиш материаллари: цемент, оҳак, гипс, деворбоп, том усти учун, пардозлаш ва декоратив материаллар, ойна, мармар ва гранит маҳсулотлари билан таъминлайди. Шунингдек, гидроизоляцион ва теплоизоляцион материаллар ҳам ишлаб чиқарилмоқда. Корхоналар томонидан асосий қурилиш маҳсулотларининг жами 100 дан ортиқ тури ишлаб чиқарилмоқда.
Ҳозир мамлакатимизда олти мингдан ортиқ корхона қурилиш материаллари ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Улардан энг йириклари: «Кварц» АЖ – бир йилда 10 млн м2 ойна, «Бухорогипс» АЖ ҚК – 60 минг т қуруқ қурилиш аралашмалари, «Кнауф гипс Бухоро» МЧЖ ХК – 20 млн м2 гипсокартон, «Moderna Ceramic Industries Fergana» МЧЖ ҚК – 3,5 млн м2 керамик плитка, «Grand Art Ceramics» МЧЖ ҚК – 75 минг дона санитария-техник маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга.
Бундан ташқари, 900 дан ортиқ корхона 3,6 млрд дона деворбоп материаллар ишлаб чиқармоқда. Керамик плита ишлаб чиқариш йиллик ҳажми олти млн донадан 11 млн донагача, цемент ишлаб чиқариш 3,6 млн тоннадан 8,2 млн тоннагача оширилди.
Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижасида акциядорлик жамиятлари, масъулияти чекланган жамиятлар, хусусий, қўшма, хорижий корхоналар ташкил этилди. Мазкур субъектлар қарорлар қабул қилишда эркин бўлиб, ўз фаолиятини бозор эҳтиёжларидан келиб чиқиб амалга оширади ва унинг конъюнктурасига тезда мослашиш имкониятига эга. Шунинг эвазига мавжуд қувватлар ортиб, зарур ҳолларда ишлаб чиқариш инфратузилмаси янгидан шакллантирилади.
Ҳозирги пайтда «Ўзқурилишматериаллари» АЖ таркибига кирувчи «Қизилқумцемент», «Бекободцемент», «Кварц», «Оҳангарон-шифер» акциядорлик жамиятлари томонидан давлат улуши сотувга қўйилган бўлиб, хорижий инвесторларни жалб қилиш ишлари давом эттирилмоқда.
Эътиборлиси, мустақиллик йилларида тўлиқ тикланган қурилиш материаллари саноати ҳозирда жадал ривожланиб, хорижий инвесторлар учун энг жозибали тармоққа айланди. Охирги ўн йилда тармоққа жалб этилган маблағлар ҳажми 270 млн доллардан ошиб, ўртача ўсиш суръати 49,2 фоизни ташкил қилмоқда.
Бозорни республикамизда ишлаб чиқарилган рақобатбардош қурилиш материаллари билан тўлдириш, импортнинг ўрнини босишни чуқурлаштириш ва экспорт ҳажмини ошириш мақсадида «Ўзқурилишматериаллари» АЖ томонидан доимий асосда бозор эҳтиёжлари ўрганилиб, қурилиш материалларини экспорт ва импорт қилиш операцияларининг мониторинги ва таҳлили олиб борилмоқда.
Сўнгги йилларда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми икки мартадан кўпга ошди. Мисол учун, гипсокартон ишлаб чиқаришнинг умумий қуввати 60 млн м2 ни ташкил қилади, мамлакатимизнинг ички эҳтиёжи тўлиқ қондирилиб, истеъмолдан ортиқчаси четга экспорт қилинмоқда.
Керамик плитка ишлаб чиқариш «ТошКСМ» АЖ томонидан 2,0 млн м2 ва «Moderna Ceramic Industries Fergana» ҚК томонидан 3,5 млн м2 ҳажмда амалга оширилмоқда. Ишлаб турган барча қувватлар ҳажми тахминан 13 млн кв. метрни ташкил қилмоқда. Жорий йил ҳам керамик плита ишлаб чиқариш бўйича янги қувватларни ишга тушириш кутилмоқда. Лойиҳада белгиланган қувватларга эришилгач, «Prime Ceramics» МЧЖ Самарқандда бир йилда 2,75 млн м2, «Ehsan Maybod Manufacturing Group» МЧЖ ХК Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида бир йилда 2,1 млн м2 керамик плиталар ишлаб чиқариш имконияти туғилади.
Майолика ишлаб чиқариш «Art Mosaic» МЧЖ, «Azia Mosaic» МЧЖ, «Bill Tosh» МЧЖ ва «Fiammata» МЧЖ томонидан ўзлаштирилган. Шиша-пластик арматура ишлаб чиқариш «Boston Tekstil» МЧЖ ва «ARM Composite» МЧЖда йўлга қўйилган бўлиб, улар 2015–2019 йилларда Маҳаллийлаштириш дастурига киритилган. Бундан ташқари, «Мега инвестиндастриал» МЧЖ томонидан Жиззах вилоятида 2,5 минг тонна узлуксиз базальт толаси ва базальт-пластик арматура ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган корхонани ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. 2016-2018 йилларга мўлжалланган мазкур лойиҳанинг инвестиция қиймати 51,8 млн долларни ташкил қилади.
«Ўзметкомбинат» АЖ 2015 йили дастлабки минг тонна базальт толаси ишлаб чиқарди. Корхона 10 минг тоннагача базальт толаси ёки бир йилда 120 минг м3 дан ортиқ базальт асосидаги теплоизоляцион материаллар ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Маҳсулот истеъмолчилари – қурилиш, кимё, нефть-газ ва электр қуввати корхоналари бўлиб, лойиҳа қиймати 16 млн АҚШ долларидан зиёдроқни ташкил қилади.
«Ecoclimat» МЧЖ шиша толаси асосидаги теплоизоляцион материалларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. «Жиззах» ЭИЗда фаолият кўрсатувчи мазкур корхонада ҳар йили 10 минг тоннагача маҳсулот ишлаб чиқарилади.
Ҳозирги вақтда республикамиздаги иккита корхона санитария-техник керамика ишлаб чиқармоқда, булар: Тошкент вилоятининг Чиноз туманидаги йиллик 75 минг дона маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга «Гранд арткерамикс» ҚК ҳамда Ангрендаги йиллик 25 минг дона маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга «Kapsantex» УК.
«Кнауф Интернационал Гмбх» (Германия) компанияси томонидан йиллик 120 минг тонна қуруқ қурилиш аралашмалари ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган корхонани қуриш ва гипсокартон ишлаб чиқиш ҳажмини ошириш режалаштирилган бўлиб, бунинг учун 52,5 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилиши кўзда тутилган.
Мамлакатимизда цемент маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни тўлиқроқ қондириш мақсадида «Бекободцемент» АЖда ишлаб чиқариш линиялари модернизация қилиниб, «қуруқ усулда» цемент ишлаб чиқариш бўйича йиллик 750 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга янги линия фойдаланишга топширилди. Натижада, 180 га яқин янги иш ўрни барпо этилди.
Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида оқ ва портланд цемент ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхонанинг ишга туширилиши натижасида 340 та янги иш ўрни яратилди.
Тармоқ корхоналарининг рақобатбардошлиги ва экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида халқаро талабларга жавоб берувчи сифатни бошқариш тизимларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда компаниянинг 30 та корхонасида ISO 9001:2008 халқаро сифат менежменти тизими йўлга қўйилган бўлиб, келажакда «Jahongir Servis» МЧЖ, «Оҳангаронцемент» ва «Қувасойцемент» акциядорлик жамиятларида ҳам жорий этиш режалаштирилган. «Бухорогипс» АЖ ҚКда ISO 50001 энергетик менежмент тизими жорий этилади.
Бугунги кунда нафақат ички бозорнинг қурилиш материалларига бўлган талаби қондирилаяпти, балки уларнинг катта қисми экспортга ҳам жўнатилмоқда. Масалан, 1991–2016 йиллар мобайнида тармоқнинг 50 та корхонаси 885 млн доллар қийматидаги маҳсулотни четга етказиб берди.
«Ўзқурилишматериаллари» компанияси раҳбарияти экспорт имкониятларини янада ошириш мақсадида Россия, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон каби мамлакатларда ўзининг дилерлик тармоғи ва ваколатхоналарини очиш юзасидан фаол иш олиб бормоқда.
Шундай қилиб, ўтган 25 йил мобайнида қурилиш материаллари саноати ўз олдига қўйилган аниқ мақсад ва устувор вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаган ҳолда замонавий – модернизация қилинган, техник ва технологик янгиланган, иқтисодий барқарор ва рақобатбардош тармоққа айланиб улгурди. Буни эса тармоқда эришилаётган, кўплаб чет эллик мутахассис ва экспертлар томонидан эътироф этилаётган салмоқли ютуқлар яққол тасдиқлайди.
Тимур МУҲАММАДЖОНОВ,
«Ўзқурилишматериаллари» АЖ матбуот хизмати раҳбари