Ўзбекистон иқтисодиётида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда енгил саноат марказий ўринда туради, чунки, ушбу тармоқ аҳоли истеъмол товарлари ишлаб чиқариш давомида бозор эҳтиёжларининг катта қисми тўйинишига таъсир қилади. Бундан ташқари, кўп миқдордаги иш ўринлари билан таъминлашда, асосан аёлларнинг банд бўлиши саноат районларида демографик балансни ушлаб туриш имконини беради. Энг асосий ва муҳим омиллардан бири, бу – экспорт салоҳиятининг ўсишидир. Бу жиҳат республика иқтисодий салоҳияти ва турмуш даражаси ўсишига тўғри мутаносибликда ривожланмоқда.
Ўзбекистон кўп йўналишларни ўзига қамраб олган енгил саноат тизимига эга бўлиб, унинг ҳиссасига саноат маҳсулотининг 25 фоизи, ишлаб чиқариш асосий фондларининг 13 фоизи тўғри келади. Шу билан бирга, мазкур тармоқда саноат ходимларининг 32 фоизи меҳнат қилмоқда.
Шунингдек, енгил саноатнинг барча тармоқларини ривожлантириш ва таъминлаш учун бой хомашё базалари (пахта, жун, қоракўл, ипак, нефть, газ ва ҳоказо)га, бундан ташқари, иқтисодиётни тез суръатларда ривожлантириш учун етарли даражадаги шарт-шароитлар (табиий-иқлим, ҳудудий ва меҳнат ресурслари)га ҳам эгадир. Агар 1991 йилда республикада етиштирилган пахта толасининг етти фоизи қайта ишланган бўлса, ҳозирги кунда енгил саноат корхоналари томонидан 40 фоиз пахта хомашёси қайта ишланмоқда. 2030 йилга бориб, республикамизда етиштириладиган пахта хом ашёсининг 100 фоизи қайта ишланиб, ишлаб чиқариш ҳажмини 5,6 мартага оширишнинг устувор йўналишлари амалга оширилади.
2016 йилда «Ўзбекенгилсаноат» ДАК таркибидаги 315 та корхонадан 142 таси тўқимачилик, 135 таси тикув-трикотаж ва 38 таси ипакчилик тармоғи корхоналари ҳисобланади. Ташкил этилиш шаклига кўра, олтита корхона АЖ корхонаси бўлиб, жами корхоналарнинг икки фоизини, 277 та МЧЖлари жами корхоналарнинг 88 фоизини, 24 та хусусий корхона етти фоизни ва саккизтаси бошқа хуқуқий шаклдаги корхона ва ташкилотлар бўлиб, уч фоизни ташкил этади. Меҳнат унумдорлигини ошириш, ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, экспорт салоҳиятини ошириш ва қўшимча иш жойларини бунёд этиш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бир қаторда ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турларини кўпайтириш, янги техника ва технологияларни жорий этиш ҳисобига жаҳон бозорида рақобатлаша оладиган маҳсулотларни ишлаб чиқариш бугунги куннинг долзарб масалаларидан ҳисобланади.
Маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда чет эл инвестицияларини жалб этиш, қўшма корхоналар ташкил этиш чора-тадбирларига ҳам катта эътибор берилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2011–2015 йилларга мўлжалланган тўқимачилик ва енгил саноат корхоналарини ривожлантириш концепциясига кўра, республика ҳудудида чет эл инвестициясини жалб этиш, тижорат банклари қарзи ва ўз маблағи ҳисобига 70 дан зиёд объектларни техник қайта жиҳозлаш, реконструкция қилиш, янги корхоналар барпо этиш ишлари амалга оширилди. Натижада, 2015 йилда 410 минг тонна калава-ип, 281,8 млн м2 тайёр ип газлама, 81,8 минг тонна трикотаж матолари, 256 млн дона трикотаж маҳсулотлари, 71300 минг жуфт пайпоқ маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. 2015 йилда жами 29 та корхона ишга туширилиши натижасида тайёр маҳсулот турларини 1,8 марта, ип газламаларини 1,26 марта, трикотаж буюмларини 1,2 марта, пайпоқ маҳсулотларини 2,5 марта ва тайёр тикувчилик маҳсулотларини 2,9 марта ўсишига эришилди. Қайд этилган рақамлар юртимизнинг енгил саноат соҳасига хомашё етказиб берувчи эмас, балки тайёр маҳсулотлар экспорт қилувчи давлатга айланиши учун барча шарт-шароитлар яратилганлигини яққол намоён қилади.
Айни пайтда енгил саноат тармоғини ривожлантиришнинг яна бир муҳим омили бу экспортга мўлжалланган, рақобатбардош ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш, республика валюта захираларини тўлдирувчи тармоққа айланиши учун етарли даражада замин ҳозирлашдан иборат. Компания корхоналарида импорт ўрнини босувчи 50 дан ортиқ маҳсулот турлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди ва четдан келтириладиган маҳсулотлар ҳажми 93 фоизга қисқарди. Шу жумладан, фақат трикотаж маҳсулотларидан 1300 дан ортиқ тури ўзлаштирилди. Аҳолининг тайёр маҳсулотларга нисбатан эҳтиёжини қондириш мақсадида 400 тадан ортиқ кичик ва ўрта бизнес корхоналарининг ҳар бири кичик партияларда, ўртача 1350,2 млн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқаришга эришди.
Мамлакатимизда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг таркибий тузилишини белгилашда ҳал қилувчи ўринлардан бирини эгаллаб турган енгил саноат тармоғи кейинги йилларда бу борада ўз мавқеини бошқа саноат тармоқларига бўшатиб бермоқда. Албатта, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг таркибий тузилишида машинасозлик ва ёқилғи саноати улушининг ортганлигини ижобий баҳолаш лозим. Лекин, бу ҳолат енгил саноат тармоғи улушининг пасайиши ҳисобига амалга оширилиши керак эмас. Айниқса, бу ерда ёқилғи ресурсларининг чекланганлиги ва уларнинг қайта тикланувчанлик тавсифига эга эмаслиги ҳисобга олинса масала янада ойдинлашади. Шунингдек, электроэнергетика, қора ва рангли металлургия, кимё, ўрмон ва ёғочни қайта ишлаш, қурилиш материаллари ва озиқ-овқат каби саноат тармоқлари бу жараёнда ўз мавқеини сақлаб қолган бир пайтда енгил саноатда аксинча вазият юзага келганлиги бирқадар тушунарсиз ҳолатдир.
Тўғри, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг таркибий тузилишлари хусусида гап кетганда, умумий кўринишда бирон саноат тармоғи улушининг ошиши бошқасининг камайиши ҳисобига юз беради. Бу, ўз-ўзидан кечадиган табиий жараёнлар ҳисобланади. Асрлар давомида таркиб топган ҳақиқий ҳолат (жумладан, иқтисодий ҳолат ҳам), енгил саноат тармоғининг юқори суръатларда ривожланишига хизмат қилувчи хомашё базаси ва малакали ишчи кучининг мавжудлиги, ички ва ташқи бозорда ишлаб чиқарилаётган енгил саноатнинг табиий маҳсулотларига талабнинг юқорилиги каби омиллар ҳисобга олинса ва мазкур таркибий тузилмалардаги ўзгаришлар енгил саноат ҳиссасига амалга оширилиши, мақсадга мувофиқ эмаслиги аён бўлади.
Мамлакатимиз саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш таркибий тузилмасида енгил саноат ҳиссаси 2001–2009 йиллар давомида муттасил равишда пасайиш тенденциясига эга бўлиб, 20 фоиздан 12,1 фоизгача пасайди, 2010 йилдан бошлаб эса вазият ўзгара бошлади. Яъни, мазкур йилда – 13,1 фоизга, 2011 йилда – 13,4 фоизга, 2013 йилда – 13,9 фоизга ва 2014 йилда 15,5 фоизга тенг бўлди. Бу рақамлардан кўриниб турибдики, яқин келажакда ва истиқболда енгил саноат тармоғи саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг таркибий тузилмасида ўз мавқеини қайта тиклаб олиши шубҳасиз. Бундай шароитда мамлакатимиз енгил саноати тараққиётининг, жумладан, молиявий жиҳатларини тадқиқ этиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал қилиш йўлларини илмий-амалий жиҳатдан асослаш талаб этилади.
Бир вақтнинг ўзида шуни ҳам таъкидлаш лозимки, саноатнинг мазкур тармоғида ЯИМнинг 7–10 фоизи яратилмоқда. Асосий капиталга киритилган инвестицияларнинг 9–10 фоизи ҳам енгил саноат улушига тўғри келиб, мамлакатимиз экспортидаги салмоғи 4–5 фоизни ташкил этмоқда. Бундай шароитда Ўзбекистонда енгил саноат бўйича ишлаб чиқариш дастурларининг бажарилиш ҳолатини таҳлил қилиш муҳим аҳамият касб этади:
2001–2014 йилларда сотилган маҳсулотлар ҳажми қарийб 14,2 баробарга ортган. Тармоқ корхоналарида 2001 йилда 567,2 млрд сўмлик маҳсулотлар реализация қилинган бўлса, 2014 йилда ушбу кўрсаткич 8069,1 млрд сўмга тенг бўлган;
2001–2014 йилларда ишлаб чиқариш ва реализациянинг ўсиш суръатлари 111,6 фоиздан 154,5 фоизгача (2001–2013 йй.) ўзгарганлигини кўрсатмоқда.
Қисқача хулоса қилиб айтганда, енгил саноат корхоналари ривожланишига таъсир кўрсатаётган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози оқибатларига қарамасдан, ушбу соҳа зиммасига юклатилаётган вазифалар босқичма-босқич муваффақиятли равишда амалга оширилмоқда. Бу эса, албатта, мамлакатимизда ишлаб чиқилаётган ва самарали татбиқ этилаётган давлат дастурларининг оқилона тарзда қабул қилинаётганлиги ҳамда амалга оширилаётганлигидан далолат беради.
Шерзод МАҲМУДОВ,
ТДИУ тадқиқотчиси