Барчамизга маълумки, истиқлол шарофати билан мамлакатимизда барча соҳалар шу жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор ҳам ўзининг кутилган самараларини бермоқда. Жорий этилаётган имтиёзлар эса тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга, унинг кафолатини кучайтиришга замин яратмоқда.
Юртимиз тараққиётининг кўзгусига айланаётган иқтисодий юксалишлар ҳамда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва жаҳон андозаларига мос рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш такомиллаштирилиши натижасида «Leasing bonus» МЧЖ фаолияти ҳам кундан-кунга ривожланиб бормоқда. Шунингдек, кенг қамровли молиявий хизматлар кўрсатаётган, тадбиркорлар билан мустаҳкам алоқа ўрнатаётган банкларнинг кўмаги боис ушбу жамиятда ҳам бозорларни сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва шу каби яна бошқа бир қатор муҳим ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур МЧЖ қурилиш бозорида мустаҳкам ўринга эга эканлиги билан ички бозорнинг импорт ўрнини босувчи маҳсулотларга бўлган эҳтиёжларини тўлиқ таъминлашга самарали ҳисса қўшмоқда. Янги ташкил этилаётган иш ўринларига биринчи навбатда касб-ҳунар коллежининг битирувчилари жалб этилмоқда. Пировардида, ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича кўрилаётган чоралар самараси маҳсулот тури, сифати ва ҳажмининг ортишида ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда. Бугун бу ерда ишлаб чиқарилаётган юқори сифатли маҳсулотларга талаб ва эҳтиёж тобора ортмоқда. Албатта, бу борада амалиётда қўлланилаётган ҳар бир ташаббус, илгари сурилган илғор ғоялар, эътиборга лойиқ янгиликлар юртимиз тараққиёти, аҳоли турмуш даражаси ва сифатининг ортишига хизмат қилиши шубҳасиз.
2005 йилда ташкил этилган ушбу корхона тарихига назар ташласак, ўтган давр мобайнида унинг юксалиш пиллапояларидан дадил юқорилаётганига гувоҳ бўламиз. Дастлаб рубероид ишлаб чиқариш билан фаолият бошлаган корхонада олти нафар ишчи-ходим жалб қилинган ҳолда жами 180 млн сўмлик рубероид маҳсулоти ишлаб чиқаришга эришилади. Дастлабки қадамданоқ бундай самарали фаолият кўрсатишга эришишнинг ўзи бўлмайди. Энг аввало, жамият раиси Рашид Муратовнинг интилишлари, яъни, илғор технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этиши, қобилиятли бошқарувчи эканлиги ҳамда ташаббускорлиги энг зарурий омиллар сифатида ўзини кўрсатди. У ёш бўлишига қарамай, иқтисодий самарага эришиш йўллари ҳақида кенг тасаввур ва билимга эга тадбиркор эканлигини намоён қилди.
Қўлга киритилган ютуқ, эришилаётган натижалар корхонанинг қаддини янада кўтарди, олинган даромадлар ҳисобидан эса янги маҳсулотлар тайёрлаш ўзлаштирилди. Бунинг нечоғлиқ муҳим эканлигини эса биргина битумни қайта ишлаш ва сотиш йўлга қўйилгани мисолида кўриш мумкин. Муҳими, мавжуд қувватлар тўла ўзлаштирилиб, маҳсулот харидорлар эътиборини қозониб улгурди. Натижада, ишлаб чиқариш ҳажми ортиб, 2012 йилда 240 млн сўмлик маҳсулот сотилди. Зеро, бугунги кунда ишлаб чиқарувчи томонидан тайёрланаётган сифатли ва замон талабига жавоб берувчи ҳар қандай маҳсулот нафақат ички балки ташқи, бозорда ҳам ўзининг харидоргирлиги билан ажралиб туради.
Қолаверса, маҳаллийлаштириш жараёнларига саноатни ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири сифатида эътибор берилаётгани, бу борада барча меъёрий-ҳуқуқий асослар яратилганлиги ҳам бежизга эмас. «2015–2019 йилларга мўлжалланган тайёр маҳсулот, бутловчи қисмлар ва материалларни маҳаллийлаштириш ва ишлаб чиқариш дастури» ички бозорни зарур истеъмол товарлари ҳамда бутловчи маҳсулотлар билан тўлдиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур жамият ҳам маҳаллийлаштириш давлат дастури асосида ўз фаолиятини кенгайтиришга интилмоқда.
Бу борада банк кўмаги жуда қўл келганини алоҳида таъкидлаш лозим. Яъни, ОАТБ «Ҳамкорбанк» Наманган филиалидан 195 минг евро миқдорида кредит олиб, Хитойдан янги шифер ишлаб чиқариш линиясини сотиб олди. Қурилиш-монтаж ишлари якунлангач, шифер ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Шундай қилиб, жамият 2013 йилда 2,2 млрд сўмлик шифер, рубероид ва битум БНК-5 маҳсулотлари ишлаб чиқарди. Албатта, айнан истиқлол шарофати туфайли халқ хўжалигининг барча тармоқларида туб янгиланиш ва ўзгаришлар илдиз отиб, ижтимоий-иқтисодий натижаларга эришилмоқда. Сўнгги йилларда юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ривожлантиришга, уларни ҳуқуқий ҳимоя қилишга, турли тўсиқларни бартараф этишга йўналтирилган фармон ва қарорлар қабул қилинаётгани ҳам тадбиркорлар фаолиятининг ривожида яққол намоён бўлмоқда.
Хусусан, мазкур корхона фаолиятига назар солсак, кейинги икки йилда ишлаб чиқариш салмоғи янада ортганини кузатиш мумкин. Айтайлик, 2014 йилда корхона Фарғона, Андижон, Наманган, Тошкент, Самарқанд, Хоразм, Навоий ҳамда Қашқадарё вилоятлари бозорларида 3,1 млрд сўмлик маҳсулотларини сотган бўлса, 2015 йилга келиб, республикамизнинг барча вилоятларига маҳсулот етказиб бермоқда. Мос равишда йиллик савдо ҳажми 5,5 млрд сўмни ташкил этди.
Корхонада ишнинг тўғри йўлга қўйилиши, пухта ва режали фаолият олиб борилиши қўлга киритилаётган ютуқлар асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Албатта, бизда ҳамма нарса инсон ва унинг бахту саодати учун қаратилган. Тараққиётнинг «ўзбек модели» эса мустақил юртимизнинг йил сайин барқарор ривожланиб, гуллаб-яшнашига хизмат қилмоқда.
– Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожига қаратилаётган юксак эътибор, соҳа вакилларига яратилаётган кенг имкониятлар бизни янада ғайрат ва шижоат билан фаолият юритишга ундамоқда, – дейди Р. Муратов. – Ҳозир ишлайман, ўз ақлим ва меҳнатим орқали турмуш фаровонлигимни таъминлайман, деган одамга барча шарт-шароитлар яратиб берилган. Бунинг учун фақатгина кишида ўзига нисбатан ишонч, ҳукуматимиз юритаётган ижтимоий-иқтисодий сиёсатни теран англаш, узоқни кўра олиш, қийинчиликлар ва муаммолардан чўчимаслик талаб этилади, холос. Айни шу жиҳатларга амал қилган тадбиркорларнинг мўлжаллаган ишлари амалга ошади, десам янглишмаган бўламан. Фаолиятимиз давомида бунинг қанчалик ҳақиқат эканлигини чуқур ҳис этаяпмиз. Муаммоларни бартараф этишга интилиш кишини тоблантиради, деганларидек борган сари муваффақиятларимиз мустаҳкамланиб бормоқда. Жамиятнинг ўз маблағлари ҳисобидан 2015 йилда лойиҳа қиймати 1,8 млрд сўм бўлган шифер ишлаб чиқариш цехи қурилиб, фойдаланишга топширилди. Жорий биринчи ярим йиллик давомида ички бозорга 5,023 млрд сўмлик рубероид маҳсулотлари етказиб беришга эришдик.
Экспорт салоҳияти корхона ривожланишида муҳим ўрин тутади. «Leasing bonus» томонидан бу борада дадил қадамлар қўйилди. Хусусан, ўтган йили қўшни Қирғизистон Республикасига 65 000 АҚШ долларига тенг бўлган рубероид маҳсулоти экспорт қилинди. Айни пайтда, ташқи бозор билан мустаҳкам алоқа ўрнатиш йўлида изчил изланиш олиб борилиб, хорижий шериклар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича самарали чора-тадбирлар амалга оширилаяпти.
Ишлаб чиқариш тури ва ҳажмининг ортиши корхонада иш билан банд бўлганлар сони кўпайишида муҳим ўрин тутади. Аниқроқ айтганда, ўтган давр мобайнида жамиятда 60 та янги иш ўрни яратилди. 27 та иш ўрни коллеж битирувчилари ҳисобига тўлдирилди. Уларнинг самарали меҳнат қилиши ва дам олиши учун барча шароит яратилган. Меҳнатга муносиб рағбат кўрсатилиши, ҳордиқ чиқариш шароити, ювиниш, кийиниш жойларининг мавжудлиги шундан далолат. Бу эса, ўз навбатида, иш унумдорлиги ортишига хизмат қилмоқда.
Энг муҳими, иқтисодий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳар бир тадбиркорни жамиятда янада фаол бўлишга ундамоқда. Бу борада бир жойда тўхтаб қолиш, эришилган муваффақиятлар билан кифояланиш жоиз эмас, албатта. Чунки, ташаббускор, тадбиркор, ишбилармон инсон мустақил Ўзбекистонимизнинг бундан-да гуллаб-яшнашига муносиб ҳисса қўша олади. Шунинг учун ҳам корхонада истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш ва ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш борасида муттасил изланиш олиб борилмоқда.
Ҳозирда жамият активларининг умумий қиймати 4 млрд сўмдан ортади. Келгусида жамият шифер тайёрлашда асосий хомашё бўлган цемент маҳсулотини ишлаб чиқаришни режалаштирган. Айни дамда ушбу лойиҳа устида қизғин иш олиб борилмоқда. Кўзланган мақсадга эришилгач, корхонанинг ишлаб чиқариш салоҳияти яна бир поғона юксалиши шубҳасиз.
Иш билганга – минг танга, деган гап бежизга айтилмаган. Рашид Муратов бошчилик қилаётган «Leasing bonus» МЧЖ жамоаси айни шу тамойилга амал қилиб кам бўлаётгани йўқ. Ишнинг кўзини билиб ҳарақат қилиш натижасида корхона республикамизда кўзга кўринган ишлаб чиқариш субъектларидан бирига айланди. Юксалиш йўлида қўйилаётган дадил одимлар жамият истиқболи бугунгидан-да, чароғон бўлишига ишончни янада орттиради.
Саодат ҒОЙИПОВА,
«O‘zIA» мухбири