ФАО қишлоқ хўжалиги соҳасида инклюзив ва гендер тенглигини таъминловчи ечим ва чора-тадбирларни шакллантириш бўйича техник ёрдам беради

2021 йил 5-6 апрел, Тошкент – Аёллар қишлоқ хўжалигида ишловчиларининг қарийб ярмини ташкил этади ва улар ўз оилаларини озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш ҳамда фаровонлигини таъминлаш, шунингдек, бутун мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим рол ўйнайди. Шу билан биргаликда, уларнинг бу борадаги ҳиссаси, кўпинча, етарли даражада эътиборга олинмайди. Қишлоқ аёлларининг юқори даражадаги билими ва иқтисодий фаоллигига қарамай кўпроқ улар нисбатан паст иш ҳақи тўланадиган жойларда, оилавий ишчи сифатида ишлайдилар ва камдан-кам ҳолларда фермерлик ва қишлоқ хўжалиги ерларини бошқариш билан шуғулланадилар.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда “Инклюзив қишлоқ хўжалиги сиёсатини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасида мамлакат агросаноат мажмуаси вакиллари учун биринчи семинар-тренингни ташкил этди. Иштирокчиларнинг гендер омили ва “ҳеч кимни ортда қолдирмаслик” тамойилини ҳисобга олган ҳолда қарорларни шакллантириш ва чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича салоҳиятини ошириш семинарнинг асосий мақсади ҳисобланади.
“Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалигида гендер фарқи сезиларли бўлиб, ушбу омил аёлларнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини тўлиқ амалга оширишларига тўсқинлик қилади, бу эса ўз навбатида қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ ҳудудларини ривожланишига путур етказади. Албатта, вазият Европа ва Марказий Осиёдаги турли мамлакатларда бир-биридан фарқ қилади, аммо, одатда, аксарият мамлакатларда қишлоқ ва чекка ҳудудларда яшовчи аёллар катта эҳтимол билан камситиш ва қашшоқликдан азият чекишади” – дейди ФАОнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими катта маслаҳатчиси ва лойиҳа раҳбари Доно Абдуразакова.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2019 йилда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида” ги қонунни қабул қилган эди. Ўз навбатида, ушбу қонун иқтисодиётнинг ҳар бир соҳасида, шу жумладан, қишлоқ ва ўрмон хўжалигида гендер масалаларини ҳисобга олувчи стратегия ва тадбирлар режасини ишлаб чиқишни талаб қилади. Ўзбекистонда мамлакат ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) 32 фоизи қишлоқ хўжалиги ҳиссасига тўғри келади ҳамда соҳа ишчи кучлариининг камида 27 фоизининг бандлигини таъминлайди. Аҳолининг деярли ярми қишлоқларда яшайди, бу эса қишлоқ аёлларининг ҳуқуқ ва имкониятларини янада кенгайтиришни долзарб масалага айлантиради. ФАО Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва мамлакат агросаноат мажмуаси билан боғлиқ бўлган бошқа ташкилотларга ижтимоий заиф гуруҳлар, айниқса, қишлоқ аёлларининг манфаатлари ҳамда эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда чора-тадбирлар ва ечимларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш салоҳиятини ривожлантириш ва кучайтиришда ёрдам беради.
Лойиҳа Ўзбекистон “Аграр соҳа аёллари” уюшмаси иштирокида амалга оширилади.  Семинар иштирокчилари қишлоқ хўжалигида гендер ёндашувларининг асослари, гендер масалаларига оид Ўзбекистон миллий қонунчилиги, Ўзбекистон аҳолисининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда хотин-қизларнинг роли ва бошқа мавзулар билан танишдилар.
“Қишлоқ хўжалигида гендер тенглигини таъминлаш қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш учун ҳам, умуман, жамият учун ҳам сезиларли фойда келтиради. ФАОнинг халқаро тажрибаси шуни кўрсатадики, аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш, уларнинг яшаш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, ресурслардан, шу жумладан, махсус билимлардан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошишига олиб келади. Айнан шунинг учун ҳам, қишлоқ аёлларига сармоя киритиш қашшоқликни тугатиш ва озиқ-овқат хавфсизлигига эришадиган ўзгаришларга сармоя киритиш ҳисобланади, бу эса, ўз навбатида, мамлакатнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишига ёрдам беради”, – дейди ФАОнинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров.
ФАОнинг “Инклюзив қишлоқ хўжалиги сиёсатини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа идораларда ишлайдиган 250 дан ортиқ аёллар ва эркаклар гендер тенглиги тушунчалари ҳамда уларнинг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқлиги, Барқарор ривожланиш мақсадлари ва “ҳеч кимни ортда қолдирмаслик” тамойилини яхшироқ ўрганиш бўйича тренинглардан ўтишлари кутилмоқда. Шунингдек, лойиҳа доирасида услубий қўлланмалар, тармоқ стратегияси ва ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилади.
 
Қўшимча маълумот учун:
 
Гўзал Файзиева
ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси
Жамоатчилик билан алоқалар бўйича мутахассиси
 
guzal.fayzieva@fao.org
Тел.: +998 97 4448709
www.fao.org

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.