ФАО Оролбўйи тадбиркорлари ва фермерларини қўллаб-қувватламоқда

     Яқинда Қорақалпоғистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури (UNDP), Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) ва Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) нинг самараси узоқ йиллар давом этадиган қўшма лойиҳаси якунланди. 2021 йилдан 2023 йилгача амалга оширилган қўшма дастур Оролбўйи минтақасининг шароити оғир ҳудудларида иқтисодий ва озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоларини ҳал қилиш учун мослашувчан салоҳиятини кучайтириш орқали ёшлар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ижодий ва инновацион имкониятларини оширишга қаратилган эди. Ушбу ташаббус БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст жамғармаси томонидан молиялаштирилган.
     UNDP, UNFPA ва FAO томонидан амалга оширилган қўшма лойиҳанинг йўналишларидан бири қишлоқ аҳолисининг салмоқли қисмини ташкил этувчи ёшлар ва аёллар қишлоқ хўжалигида банд бўлган минтақа иқтисодиётининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда қишлоқ хўжалигидаги инновацион тажрибаларни уй хўжаликлари даражасида тарғиб қилиш эди. Хусусан, деҳқончиликнинг инновацион усуллари ва янги ташаббусларни синаб кўриш орқали қишлоқ жамоаларида даромад олиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилди.
     Оролбўйи минтақасидаги маҳаллий тадбиркорларнинг бизнесини ривожлантиришда FAO томонидан кўрсатилаётган ёрдам бунга мисол бўла олади. Жумладан, 2023 йил июнь ойида Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманидаги лойиҳа бенефициарлари Саламат Ержанов ва Махсет Тўқсанбоев ўз томорқаларида товар балиқ етиштириш ва кейинчалик сотиш мақсадида балиқ ҳовузларини модернизация қилиш учун зарур жиҳоз ва техникалар олдилар. FAO тадбиркорларга барча зарурий ёрдамни кўрсатди, шу жумладан, аэраторлар, автоматик озиқлантирувчилар ва бошқа жиҳозлар, шунингдек, балиқ озуқаси ва кўпайтириш учун балиқлар етказиб берилди. Бугунги кунга қадар янги балиқ ҳавзаларида балиқ етиштириш ва кейинчалик сотиш бўйича ишлар амалга оширила бошланди.
     Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Қорақалпоғистоннинг Бўзатов туманида ушбу тижорат ғоясини муваффақиятли амалга оширган ва шу орқали ўз хонадонининг даромадини кўпайтиришга муваффақ бўлган лойиҳанинг яна бир бенефициари Содиқ Дуйсенбаев учун худди шундай балиқ ҳавзаси ташкил этилган эди. Бунда FAO томонидан лойиҳа бенефициарлари учун ташкил этилган тренинглар ҳам муҳим рол ўйнади. Уларда балиқ етиштиришни ташкил этиш, сув ҳавзаларини яхшилаш ва ўғитлаш, балиқларни озиқлантириш, сув ҳавзалари ва ҳовузларнинг гидрокимёвий режимининг хусусиятлари ва бошқа кўплаб масалалар ўрганилди.
     Лойиҳани амалга ошириш жараёнида FAO қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг долзарб масалалари бўйича 30 дан ортиқ тренинглар ташкил этди, уларда 816 киши, шу жумладан, 552 нафар аёллар иштирок этди. Тренинг иштирокчилари чорвачилик, боғдорчилик, қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш, тупроқни муҳофаза қилувчи қишлоқ хўжалиги ва балиқчилик соҳаларида илғор хорижий тажрибани ўрганишди. Машғулотларни ўтказишда Балиқчилик илмий-тадқиқот институти, Шўрхок тупроқли ҳудудлардаги қишлоқ хўжалиги халқаро маркази (ICBA) ва Ўзбекистон «Аграр соҳа аёллари» уюшмаси ФАОнинг асосий ҳамкорлари бўлдилар.
     Бундан ташқари, FAO лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ, Қўнғирот ва Бўзатов туманларидаги учта хонадонда мевали дарахт кўчатхоналари қурилди. Ҳаммаси бўлиб 3000 дан ортиқ кўчатлар экилди. Бенефициарлар боғдорчиликни янада ривожлантириш ва даромадни ошириш учун зарур асбоб-ускуна ва техникалар билан таъминланди.
     Шундай қилиб, Қўшма дастур доирасида FAO мақсадли гуруҳларнинг ер ресурсларидан самарали фойдаланиш ва қишлоқ оилалари даромадларини ошириш бўйича кўникма ва малакаларини шакллантиришга, шу билан аҳолининг заиф қатламларини қўллаб-қувватлашга ва БМТнинг “ҳеч кимни ортда қолдирмаслик” тамойили асосида иқтисодий ва озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоларини ҳал қилишга ҳисса қўшди.
 

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.