2021 йил15-16 декабрь кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Ўзбекистон «Аграр соҳа аёллари» уюшмаси билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикасининг Бўзатов туманида боғдорчилик бўйича иккита тренинг ўтказди. Тренинглар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик Жамғармаси ва ФАОнинг Оролбўйи минтақасидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларининг иқтисодий муаммоларини ҳал этиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Қўшма лойиҳанинг йўналишларидан бири аҳолисининг асосий қисми қишлоқ хўжалигида банд бўлган ҳудуд иқтисодиётининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, қишлоқ хўжалигидаги инновацион тажрибаларини уй хўжаликлари даражасида тарғиб қилишдан иборат.
«Тренинглар Бўзатов тумани аҳолисининг ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан заиф қатламлари вакиллари салоҳияти, билим ва кўникмаларини ошириш, улар ер ресурсларидан самарали фойдаланишлари ва шу орқали ўз оилаларининг даромадларини оширишига кўмаклашиш мақсадида ўтказилди», – дейди ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Шерзод Умаров.
Тренингларда 60 нафарга яқин, асосан, хотин-қизлар ва ёшлар иштирок этишди. Деградацияга учраган ер майдонларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш, ерларнинг унумдорлигини ошириш, минерал ва органик ўғит турлари, ишлатиш меъёрлари каби масалалар кўриб чиқилди. Шу билан бирга, асосий эътибор томорқа ер майдонларида шўрланган тупроқларга мос бўлган уруғли мевали боғларни ташкил этиш ва томорқаларда кичик ҳажмдаги иссиқхоналарда цитрус меваларни етиштириш агротехнологиясига қаратилди. Бундан ташқари, иштирокчилар боғларни кимёвий ва биологик ҳимоя қилиш усуллари, етиштирилган маҳсулотларни саралаш, қадоқлаш ва сақлаш технологияларини ўрганиб, томорқа ерларида боғлар ташкил этишга давлат томонидан берилган имконият ва имтиёзлар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдилар.
«Аҳолининг таълим, ахборот ва консалтинг хизматларидан фойдаланиш имконияти чекланган шароитда бундай тренингларни ўтказиш жуда муҳимдир. Олинган билимлар хотин-қизларга ўз томорқасида янада самарали меҳнат қилиш, даромад топиш ва шу орқали оила фаровонлигини ошириш, шунингдек, Оролбўйи минтақасининг ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиш имконини беради, деган умиддамиз», – дейди Ўзбекистон «Аграр соҳа аёллари» уюшмаси раиси Адиба Ахмеджанова.
Умуман олганда, лойиҳа доирасида ФАО миллий ҳамкорлар билан биргаликда Қорақалпоғистоннинг Бўзатов, Қўнғирот ва Мўйноқ туманлари қишлоқ жамоалари учун тупроқни ҳимоя қилиш, балиқчилик ва чорвачиликни ривожлантириш усуллари бўйича ҳам шу каби тренинглар ўтказади. Бундан ташқари, фермер хўжаликлар питомниклар ва балиқ боқиш ҳавзаларини яратиш учун зарур ускуна ва жиҳозлар билан таъминланади. Буларнинг барчаси қишлоқ ёшлари ва хотин-қизлари даромадларини ошириш учун қулай шароитлар яратади.