ФАО Ўзбекистонда “АкваКроп” суғориш моделини жорий қилишга кўмаклашмоқда

     Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан Бухорода экинларни суғоришни янада мақбуллаштириш мақсадида “АкваКроп” моделини жорий этиш бўйича ўқув семинари ташкил этилди. Семинар Кордоба университети (Испания), Левен католик университети (Белгия) ва Барқарор қишлоқ хўжалиги институти (Испания) халқаро экспертлари томонидан олиб борилди. Семинар Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари мутахассислари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Сув хўжалиги вазирлиги, Халқаро сув ресурсларини бошқариш институти, Ўзгидромет ходимлари, шунингдек, БМТТД ва Швецария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлигининг “Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш Миллий лойиҳаси” вакиллари учун ўтказилди. Тадбир Глобал Экологик Жамғарма (GEF) томонидан молиялаштирилаётган ФАОнинг “Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш” (CACILM-2)  минтақавий лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
     Таъкидлаш жоизки, яқин кунларда лойиҳа доирасида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Сув хўжалиги вазирликлари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида “АкваКроп”  ўқув марказини очиш ҳам режалаштирилган. Янги марказ Ўзбекистонда “АкваКроп” моделини янада кенг татбиқ қилиш ва сув сарфини мақбуллаштириш, шунингдек, ушбу соҳадаги маҳаллий мутахассислар салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
     Кун тартибида қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришни режалаштиришда табиий-иқлим омилларини ҳисобга олиш масаласи кўрилди. Бунда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, атроф-муҳит шароитлари ва ресурсларни бошқаришнинг экинлар ҳосилдорлигига таъсирини баҳолаш мақсадида ФАОнинг Ер ва сув ресурслари бўлими томонидан ишлаб чиқилган “АкваКроп” моделидан фойдаланиш таклиф этилади. Дастур тупроқ ва иқлим омиллари асосида ўсимликларнинг ўсишини компьютер симуляциясини яратади ва ҳосилдорликни максимал даражада ошириш учун  зарур бўлган сув миқдорини ҳисоблаш имконини беради. Шундай қилиб, “АкваКроп” сув истеъмолига қараб ўсимликларнинг ҳосилдорлигини прогноз қилади. Бу, айниқса, қурғоқчилик хавфи бўлган ҳудудларда жуда муҳимдир.
     “ФАОнинг сув масалалари бўйича олиб бораётган ишлари қишлоқ хўжалигида сувдан самарали ва экологик хавфсиз фойдаланишга қаратилган. Биз сув ресурслари ва уларга боғлиқ экотизимлар ҳолатига зарар етказмасдан ишлаб чиқаришни таъминлашга интиламиз. “АкваКроп” моделининг амалда қўлланилиши қишлоқ хўжалиги экинлари турларини мақбуллаштириш ва уларнинг ҳосилдорлигини ошириш, шу билан бирга, сув ресурсларини сезиларли даражада тежаш имконини беради. Бу қурғоқчиликка мойил ҳудудларда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳамизнинг мақсад ва вазифаларига тўла жавоб беради”,-деди CACILM-2 миллий лойиҳа бошқарувчиси Муҳаммаджон Қосимов.
     Семинарда Бухоро вилоятида суғорма деҳқончиликнинг ўзига хос хусусиятлари кўриб чиқилиб, пахта, буғдой ва беда етиштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Қурғоқчилик ва шўрланиш хавфига қарши курашиш, суғориш технологияларини такомиллаштиришга оид алоҳида тақдимотлар ўтказилди. Суғориш ва суғоришнинг техник томонлари, суғориш ва коллектор-дренаж тизимларидан фойдаланишни режалаштириш схемалари, сув таъминоти стандартлари ва ҳисоби ҳамда бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинди. Семинар дастурига далаларга ташрифлар ҳам киритилган.
     Семинарнинг амалий қисмида иштирокчилар Бухоро вилоятида “АкваКроп” моделини синовдан ўтказиш имкониятига эга бўлдилар. Иштирокчилар халқаро экспертларнинг тавсияларини инобатга олган ҳолда ҳарорат, ёғингарчилик, шамол тезлиги ва бошқа кўрсаткичлар бўйича маълумотларни электрон тарзда қайта ишлашни амалга оширдилар, тупроқ ва барглардан намликнинг буғланиш коеффициенти бўйича маълумотлар олиб, сўнгра баъзи қишлоқ хўжалиги экинлари мисолида суғориш режимлари ва ҳосилдорлик башоратларини ишлаб чиқдилар.
     Ўзбекистонда сувдан фойдаланиш ва қишлоқ хўжалиги экинларини мақбуллаштириш соҳасида ФАОнинг “АкваКроп” модели каби қулай тизимларни кенг кўламда амалга ошириш қурғоқчиликка мойил ҳудудларда қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигини атроф-муҳитга зарар етказмасдан оширишга ёрдам бериб, бу ўз навбатида қишлоқ аҳолиси ҳаётида энг қимматли ва муҳим омили бўлган сув ресурсларини тежаш имконини беради.
 
 

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.