“Forbes Real-Time” рейтинги маълумотларига кўра, АҚШдаги электромобиллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Tesla” компанияси акциялари ўтган душанба куни 4,4 фоизга қимматлашган. Бу эса “SpaceX” ва “Tesla” компанияларининг асосий акциядори ҳисобланган, миллиардер Элон Маскнинг бойлигини бир кунда 6 миллиард долларга кўпайтирди.
Энди Маскнинг бойлиги 169,8 миллиард долларга баҳоланмоқда. У дунё бойлари рейтинги бўйича Amazon асосчиси Жефф Безосдан (унинг бойлиги 188,6 миллиард доллар) кейин иккинчи ўринда бормоқда.
“Forbes” берган маълумотга кўра, Маск бойликларининг катта қисми “Tesla” акцияларига (21 фоизи унга тегишли) тўғри келади.
Сўнгги маълумотларга кўра, “Tesla” электромобиллар ишлаб чиқариш ва етказиб беришни жорий йилнинг биринчи чорагида аввалги йилнинг шу даври билан солиштирганда қарийб икки баробарга оширган.