«Инвестиция лойиҳаларини ташқи инфратузилма билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақида Адлия вазирлиги хабар бермоқда.
2021 йил 1 октябрдан инвесторнинг қиймати 200 миллиард сўмдан ошадиган, унинг ўз маблағлари улуши 25 фоиздан кам бўлмаган, инвестиция дастурларига киритилган лойиҳаларини зарур ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Қиймати 200 миллиард сўмдан ошадиган инвестиция лойиҳалари доирасида бюджет ссудаси маблағлари:
электр энергияси тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари учун – «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖларга;
табиий газ тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари учун – «Ўзтрансгаз» АЖ ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖларга ажратилади.
Автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар молия бош бошқармалари ҳузуридаги автомобиль йўлларини ривожлантириш жамғармалари ҳисобидан амалга оширилади.