14 февралга ўтар кечаси Brent маркали нефть нархи бир баррель учун 96,05 долларгача кўтарилди. Бу сўнгги 7 йилдаги энг юқори кўрсаткич. Нефть нархи 2021 йилнинг бошидан бери деярли узлуксиз қимматлашмоқда.
13 февралдан 14 февралга ўтар Brent маркали нефть нархи сўнгги 7 йилдаги максимал кўрсаткични янгилади, деб хабар берди Spot РБКга таяниб.
Brent маркали нефтнинг апрелдаги операциялари 2014 йил октябрь ойидан бери биринчи марта бир баррель учун 96,05 долларгача кўтарилди. Ҳозирда котировка бир баррель учун 95,8 долларгача пасайди, лекин барибир жума кунги кўрсаткичдан 1,4 фоизга ўсди.
АҚШ нефтининг нархи ҳам ошиб бормоқда — март ойида етказиб берилаётган WTI нефтининг бир баррели 1,6 фоизга қимматлашиб, 94,6 долларни ташкил қилди. Бундан ташқари, кузатувчилар табиий газ нархининг ошишини қайд этишмоқда.
Углеводородлар талабнинг тикланиши ва бошқа омиллар шароитида 2021 йил бошидан буён деярли узлуксиз қимматлашмоқда. 2022 йил январь ойининг биринчи кунларида унинг нархига Қозоғистондаги вазият, ой ўрталарида — Яқин Шарқдаги кескинлашув таъсир кўрсатди.
Ҳозирда Форс кўрфази минтақасидаги вазиятга Россия ва Украина ўртасидаги кескинлик қўшилди. Ҳар икки томон бир неча ҳафтадан бери чегарада қўшинларини жамлаб, бир-бирини жанговар ҳаракатларга тайёргарлик кўришда айбламоқда.
«Умуман олганда, вазият қалтислигича қолмоқда. Таъминотнинг ҳар қандай узилиши ёки узилиш таҳдиди, табиийки, ортиқча оширилган нархларни янада оширади», — деди JP Morgan Asset Management компаниясининг Гонконгдаги ваколатхонаси таҳлилчиси Марcелла Чоу.
Агар илгари экспертлар мавжуд захираларнинг қисқариши ва соҳага етарлича сармоя киритилмагани туфайли 2021 йил охиригача нефть нархи 100 долларгача бўлишини кутган бўлса, ҳозир ставкалар сезиларли даражада ошди. JP Morgan таҳлилчилари нархларнинг бир баррель учун 150 долларгача ошишини истисно қилмади.
Банк нархларнинг сакраши билан биринчи ярим йилликда глобал иқтисодий ўсиш 0,9 фоизгача секинлашиши ҳақида огоҳлантирмоқда (4 фоиз кутилган эди). Инфляция, аксинча, икки баравар тезлашади. Бу эса марказий банкларни пул-кредит сиёсатини янада қатъийлаштиришга ундайди.
Турли мамлакатларда фонд бозори индекслари қимматли қоғозларни сотиш фонида пасайишни бошлади. S&P 500 деярли 2 фоизга, Токионинг Topix индекси эса 2,5 фоизга тушди.
Нефть ва Ўзбекистон
Қиммат нефть Ўзбекистон иқтисодиётига икки томонлама таъсир кўрсатади. Бундай вазиятдан бир томондан Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари ҳам фойда кўради.
Одатда, қора олтин учун юқори нархларда Россия рубли долларга нисбатан мустаҳкамланади. Бу Ўзбекистон учун асосий хорижий валюта манбаларидан бири бўлган меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмаларига ижобий таъсир кўрсатади (2021 йилда 8,1 млрд доллар).
Аммо 12 февралда кескинлашув фонида доллар курси 77,4 рублгача кўтарилди. Шу билан бирга, 14 февраль куни Россия валютаси бозор очилишида бироз мустаҳкамланди.