Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи юқори октанли AI–98 автомобиль бензинини саноат даражасида ишлаб чиқаришни йўлга қўйди ва ўз маҳсулотлари қаторини яна бир марка билан бойитиб, юқори октанли AI–98 автомобиль бензини билан тўлдирди.
Бунинг учун заводда юқори октанли автомобиль бензини ишлаб чиқаришни йўлга қуйиш бўйича тадқиқотлар ўтказилди ҳамда технологик қурилмаларда режим танланди. Натижада AI–98 юқори сифатли этилланмаган бензин ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.
AI–98 маркали автомобиль бензини, асосан, сиқиш даражаси 12 дан 14 гача бўлган двигателли автомобилларда ишлатилади. AI–98 бензини юқори детонацияга қарши хусусият (октан характеристика)лари туфайли двигатель қувватини оширади ҳамда тезланиш динамикасини яхшилайди, тебраниш, шовқин даражасини пасайтиради, шунингдек, ёнилғи сарфини сезиларли даражада камайтиради.
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги («Ўзстандарт») томонидан AI–98 автомобиль бензинини серияли ишлаб чиқариш учун OʼzDSt 3031:2015 «Автомобиль бензинлари. Техник шартлар» мувофиқлик сертификати олинди.
Қувонарлиси, AI–98 автомобиль бензинининг дастлабки партияси ишлаб чиқарилди ва 380 тонна ҳажмдаги бензиннинг физик-кимёвий хусусиятлари стандартга биноан муваффақиятли синовдан ўтказилди.
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи томонидан жорий йилнинг сентябрь–декабрь ойларида 36,5 минг тонна AI–91, 13,1 минг тонна AI–92 1,4 минг тонна AI–95, шундан 848 тоннаси «QuWatt» русумидаги юқори октанли автобензин ишлаб чиқарилиши кутиляпти. Шунингдек, 14,9 минг тонна Евро–4, 11,4 минг тонна Евро–5 русумидаги дизель ёнилғилари ишлаб чиқарилиши, 2021 йилнинг иккинчи ярим йиллик якунига қадар «Uzbekneftegaz GTL» синтетик керосинини сақлаш учун 5 000 куб метр ҳажмда 2 дона сақлаш сиғимларини қуриш ишларини якунига етказиш режалаштирилган.
Қувонарлиси эса, бугунги кунда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида 19 дан ортиқ маркага эга бўлган 9 та турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилади.