Главная |
Новости |
Дастлаб тўрт ойда қарийб 60 мингта янги автомобиллар рўйхатдан ўтказилди
Дастлаб тўрт ойда қарийб 60 мингта янги автомобиллар рўйхатдан ўтказилди
Мамлакатимизда 2021 йилнинг январь-апрель ойларида 59,6 мингта янги автомобиль рўйхатдан ўтказилди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу даврда автомобиль бозорларида талаб ошган. Бу эса, Ўзбекистонда иқтисодий фаоллик тикланганидан далолат.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази бош илмий ходими Халилуллох Ҳамидовнинг маълум қилишича, апрель ойида автомобиль бозорида аҳоли талаби март ойига нисбатан 14,1 фоизга ошган. Автомобиллар савдосининг ўсиши 2020 йил апрель ойига нисбатан 355,9 фоиз, 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 19,6 фоизни ташкил этди.
Мутахассиснинг таъкидлашича, 2020 йил апрель ойида ушбу кўрсаткич февраль ойига нисбатан 75,8 фоиз, март ойига нисбатан 63,1 фоизга камайган эди. Ҳисобот даврида рўйхатга ва қайта рўйхатга олинган автомобиллар сони Тошкент шаҳри (28,9 фоиз), Бухоро (31,4 фоиз), Сурхондарё (18,8 фоиз), Самарқанд (17,8 фоиз) вилоятларида тез суръатларда ўсган бўлса, Жиззах (6 фоиз), Хоразм (3,9 фоиз) вилоятларида пасайиш кузатилди.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, январь-апрель ойларида рўйхатдан ўтказилган янги автомобилларнинг 2,9 мингтаси (4,9 фоизи) – иномаркалар. Чет элда ишлаб чиқарилган автомобиллар энг кўп сотилган ҳудудлар Тошкент шаҳри (янги автомобилларнинг 11,8 фоизи), Тошкент (5,6 фоизи), Самарқанд (3,3 фоизи) ва Хоразм (2,7 фоизи) вилоятлари бўлди.
Коронавирус пандемияси 2020 йилда автомобиллар савдосига маълум даражада таъсир кўрсатди. Автомобилларга талаб катта бўлган бир пайтда, ишлаб чиқариш корхоналарининг ёпилиши ва микросхемалар етишмаслиги захиралар яратишни қийинлаштирди, бу глобал муаммога айланди.
Дунё миқёсида иқтисодиётларда коронавирус пандемиясидан кейин тикланишнинг аниқ белгилари намоён бўлмоқда. Масалан, Японияда 2021 йил апрель ойида янги автомобиллар бозори бир йил аввалги 270,4 минг донадан 349,9 минг донагача ёки 29 фоиздан кўпроқ ўсди. Сўнгги икки ойда ҳукумат томонидан яқинда яна кучая бошлаган COVID-19 инфекцияси тарқалишининг олдини бўйича янги чоралар кўрилганига қарамай, ишбилармонлик кайфияти сезиларли даражада яхшиланди, ушбу даврда саноат ишлаб чиқариши ва экспорт кескин тикланди.
Хитойда 2021 йил апрель ойида янги автомобиллар бозори ўтган йилнинг шу даври билан таққослаганда 8,6 фоизга ўсиб, 2,07 миллиондан 2,25 миллионга етди. Кечиктирилган талаб ва паст фоиз сабабли мамлакатнинг автомобиль бозори пандемиядан олдинги даражага қайтди.
COVID-19 вакцинасининг кенг татбиқ этилиши ва апрель ойида енгил автомобилларнинг юқори даражада сотилиши 2021 йилнинг қолган қисмида оптимизмга сабаб бўлмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш жоиз, Ўзбекистонда кўчмас мулк ва автомобиллар бозорида кейинга қолдирилган талаб билан белгиланадиган ўсиш кутилмоқда. Олди-сотди шартномалари сони ўсишда давом этади ва маҳаллий рекордлар ўрнатилиши мумкин, лекин нархларда кескин ўсиш бўлмайди.
Манба: uza.uz
DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING