Бугунги кунда “Choithrams” ритейл тармоғи БАА бўйлаб 42 та супермаркетга эга.
Дубайнинг “Choithrams” супермаркетлар тармоғи, “Umer Ali Trading” ва “The house of organic” компаниялари раҳбарлари Фарғона вилоятига сафар қилди, деб хабар қилмоқда «Дунё» ахборот агентлиги.
Вилоят ҳокимлигида дубайлик ишбилармонлар билан учрашув ва музокаралар бўлиб ўтди.
Мулоқотда Фарғонада етиштириладиган мева ва сабзавотлар экспорти географиясини кенгайтириш, Дубай супермаркетларига вилоят мева маҳсулотларини етказиб бериш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Меҳмонлар вилоят деҳқонларининг мева-сабзавотчилик, хусусан, гилос, ўрик, анор, олма ва бошқа меваларни етиштиришдаги илғор тажрибаси билан танишиш мақсадида Олтиариқ ва Қува туманларига ташриф буюрди.