Қишлоқ хўжалигига жалб этилаётган ташқи қарз ва грантлар нималарга сарфланиши ҳақида маълумот берилди

Бугун, 24 июль куни АОКА биносида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Баҳодир Холиқов иштирокида брифинг ўтказилди.

Брифингда Баҳодир Холиқов президент Шавкат Мирзиёевнинг 23 июль куни қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасини ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказган видеоселекторидаги масалалар ҳамда ташқи инвестицияларнинг лойиҳаларга йўналтирилиши борасида маълумот берди.

У ўз сўзида «охирги йилларда соҳани ислоҳ қилиш, унга бозор механизмларини жорий этиш, резерв ва имкониятларни тўлиқ ишга солиш, ишлаб чиқаришни илмий асосда ташкил қилишга жиддий эътибор қаратилаётгани»ни қайд этди.

«Қишлоқ хўжалиги – иқтисодиётнинг асосий ўсиш нуқтаси ва драйвери бўлиши учун соҳани 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясини қабул қилдик.

Стратегияда белгиланган ҳар бир вазифани амалга ошириш учун зарур маблағларни ҳал этиш бўйича ишланяпти.

Жаҳон банки билан қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш бўйича 500 млн долларлик лойиҳани амалга ошириш юзасидан келишувга эришилди.

2020 йилда эса соҳага қўшимча 100 млн доллар маблағларни жалб этиш белгиланган.

Шу йилнинг 6 ойида давомида 85 млн долларлик грант маблағлари жалб қилишга эришилди. Бу маблағлар агротадбиркорлик, ер деградациясининг олдини олиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалигида иқлим ўзгариши таъсирини камайтириш ва ФАО (БМТнинг озиқ-овқат бўйича ташкилоти – таҳр.) орқали чигирткага қарши кураш каби лойиҳаларга йўналтирилади.

Шунингдек, икки ой ичида барча вилоятларда лойиҳалар тақдимоти ўтказилиб, уни амалга ошириш бўйича ўқув семинарлари ўтказилади», – деди вазир ўринбосари.

Холиқовнинг айтишича, қишлоқ хўжалиги йўналишидаги 8та илмий-тадқиқот институти, шунингдек, вазирлик таркибидаги бир қатор ташкилотлар фаолияти ҳам жалб қилинаётган маблағлар эвазига тубдан ислоҳ қилиниб, замонавий лабораториялар ва ускуналар билан жиҳозланади.

Бунинг учун, Жаҳон банкининг 124 миллион доллар ва Европа Иттифоқининг 2 миллион доллар грант маблағи йўналтирилади.

«Иккинчидан, рақамли қишлоқ хўжалигига ўтишимиз зарур ва шарт. Бу борада Ахборот технологиялари вазирининг алоҳида ўринбосарини ҳам бириктирганмиз.

Бугун Бухоро ва Андижон вилоятларида сунъий йўлдош маълумотидан фойдаланган ҳолда, ерлар ва экинлар ҳолатини ҳамда агротехник тадбирларни тезкор баҳолаш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Шунингдек, Белоруссиянинг «Ван соил» компанияси Тошкент ва Қашқадарё вилоятларида экинлар ҳолатини сунъий йўлдош тасвирлари орқали таҳлил қилиш ва мониторинг юритиш бўйича тажрибани ўтказди.

Бундай лойиҳалар ва стартаплар қишлоқ хўжалиги учун жуда зарурлигини бугунги пандемия шароити исботлади», – деди у.

Баҳодир Холиқовнинг қўшимча қилишича, 2020 йил бошида ҳокимларнинг таклифлари асосида 88та мева-сабзавотчилик кластерлари фаолияти йўлга қўйилган. Аммо айрим кластерларда қайта ишлаш ва сақлаш қувватларини етарли эмаслиги уларни тўлақонли ишлашига салбий таъсир қилмоқда.

«Замонавий агрологистика марказлари ва комплексларини ташкил қилиш ҳисобига мева-сабзавотчиликда қўшилган қийматни яратиш бўйича вазифа олгандик.

Бугунги кунда Андижон, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида йирик комплексларни ташкил этиш учун Осиё тараққиёт банкининг 197 миллион доллар имтиёзли маблағларини жалб қилиш масаласи ҳам ҳал қилинди.

Туманлар ҳудудларини аниқ бир турдаги маҳсулотни етиштиришга босқичма-босқич ихтисослаштириш ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири бўлиши керак.

Жиззах вилояти мисолида буни биз намуна сифатида кўрсатиб бердик. Кейинги уч йилда Жиззахда қарийб 120 минг гектарга яқин фойдаланилмаётган ерлар ўзлаштирилиб, туманлар ҳудудлари ихтисослаштириляпти.

Шу йилнинг ўзида 25 минг гектарга яқин ерлар ўзлаштирилиб, боғ ва токзорлар ташкил қилинаяпти, мойли экинлар экиляпти.

Бунда, ҳар бир туманда кўпи билан 3-4та экспортбоп ва юқори даромад берувчи маҳсулот етиштиришни йўлга қўйиш лозим.

Яна бир масала, лойиҳа доирасида аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини кўпайтириш мақсадида интенсив боғлар ташкил этишни тижорат банклари кредитисиз янгича молиялаштириш механизми жорий қилиняпти.

Бунинг учун жалб этилган маблағлар ҳисобидан 65 миллион доллар ажратилади», – дея вазир ўринбосарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Манба: Kun.uz

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.