Президент Шавкат Мирзиёев аҳоли орасида касалликка чалиниш динамикаси пасайиб бораётганини инобатга олиб, фуқаролар томонидан шахсий автотранспортдан фойдаланишга чекловларни ҳам секин-аста юмшатиш мақсадга мувофиқлигини айтиб ўтган.
Республика комиссияси тегишли чекловлар ўрнатилган ҳудудларда аҳоли томонидан эрталаб соат 7:00дан 10:00 гача ҳамда кечқурун 17:00 дан 20:00 гача шахсий автомашиналардан фойдаланишга рухсат берилишини таъминлайди.
Бунда шахсий автотранспортдан, биринчи навбатда, фуқароларнинг иш жойига, тиббиёт муассасаларига бориши ва уйига қайтиши, истеъмол маҳсулотлари, дори-дармон ва тиббий буюмларни харид қилиши учун фойдаланиши мумкин.
Шахсий автотранспортлардан фойдаланишга рухсатномага эга бўлган ва етказиб бериш хизматлари билан шуғулланадиган фуқаролар ҳеч қандай чекловларсиз ўз машиналаридан фойдаланишлари мумкин.
Шунингдек, фуқароларнинг кўплаб мурожаатларини инобатга олган ҳолда, шаҳар ва туманлардаги кўп қаватли уйларнинг ички ҳовли ва ҳудудларида ота-оналар ҳамроҳлигида болаларини сайр қилдиришга рухсат берилади. Бунда хавфсизлик чораларига қатъий риоя қилиш талаб этилади.
Манба: Kun.uz