Президент қарори билан Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш учун Германия тараққиёт банкидан 29,8 млн евро кредит жалб этилади. Лойиҳа 4 йил давомида амалга оширилиши кўзда тутилган.
Президент «Германия тараққиёт банки иштирокида «Кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги [ПҚ-9-сон] қарорни имзолади.
Ўзбекистон ва Германия ўртасида тузилган молиявий ҳамкорлик келишувига асосан Германия тараққиёт банки (КfW) «Кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш» лойиҳасини молиялаштириш учун йиллик 2 фоизли ставкада (10 йиллик имтиёзли давр билан) 30 йил муддатга кредит ажратмоқда.
Лойиҳанинг умумий қиймати 29,8 млн еврони ташкил қилади, шундан:
KfW кредити — 26,8 млн евро;
Лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ консультация хизматлари учун KfW гранти — 3 млн евро.
Лойиҳа Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида 4 йил — 2021−2024 йиллар мобайнида амалга оширилади. Лойиҳани ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилиши, мониторинг ва ҳисоботини юритиш Қишлоқ хўжалиги вазирлигига юклатилди.
Бир ой муддатда лойиҳа доирасида иштирок этувчи молиявий ташкилотларни танлаб олиш мезонлари, бериладиган кредитни молиялашнинг муддатлари ва шартлари, сублойиҳаларни танлаш ва уларни баҳолаш мезонларини белгилаган ҳолда KfW кредитидан фойдаланиш тартиби тўғрисида нозим ишлаб чиқилади.
Молия вазирлиги қарз маблағларини лойиҳада қатнашувчи ташкилотларга Ўзбекистон валютасида қайта кредитлашда МБнинг асосий ставкасидан кам бўлмаган ставкада беради. Еврони қайта кредитлашда эса жалб қилинаётган кредит ставкасининг 25 фоизидан ошмайдиган миқдорда Ўзбекистон маржаси билан тақдим этилади.
Валюта курси ўзгариши билан боғлиқ йўқотишлар республика бюджетидан қопланади.