Комбинат ривожига ҳисса қўшиш биз учун шараф

     Навоий кон-металлургия комбинати бошқармаси турли бўлинмалардан таркиб топган. Улар ичида «Харидларни ташкил этиш ва методологиясини такомиллаштириш» бош бошқармасининг алоҳида ўрни бор. Айни пайтда мазкур бошқарма ва унинг таркибида 100 нафардан зиёд соҳа мутахассислари фаолият юритмоқда. Ҳамкасбларимиз зиммаларига олган вазифаларни сидқидилдан бажариб, Навоий кон-металлургия комбинатининг 65 йиллигини ёруғ юз, ютуқлар билан қарши олишди. Жамоамиз дунёга машҳур корхонанинг равнақи йўлида хизмат қилаётгани, унинг ривожига ҳисса қўшаётганларидан мамнун.
 
     Жаҳон иқтисодиётида кечаётган кескин рақобат муҳити, инновацион та­раққиёт, глобаллашув, технологиялар ривожланиши натижасида давлат ва корпоратив харидларни амалга ошириш бўйича муҳим талаблар қўйилмоқда. Ривожланган мамлакатларда харидларни самарали ташкил этишга ало­ҳида эътибор қаратилиб, уни тўғ­ри ва самарали ташкил этиш муваффа­қиятлар гаровидир. Шу боис, мус­тақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қо­нуни ва бошқа қатор ҳужжатлар қа­бул қилиниши соҳада ўзгаришлар ясаб, ривожланиш сари мустаҳкам замин яратди.
     Айниқса, сўнгги йилларда янги Ўзбекистонда харидлар жараёнини такомиллаштириш борасида жуда катта, ижобий ўзгаришлар амалга оширилдики, бунинг натижасида барча субъектлар учун қулай муҳит­ни шакллантириш, шунингдек, харидларни амалга оширишда шаффофлик таъминланиб, коррупция ва ҳуқуқбузарликлар олди олиншига эришилмоқда. Бу, бизнинг фаолиятимизга ҳам тааллуқли эканлиги қу­вонарлидир.
     Таъкидлаш жоизки, харидларни амалга ошириш бўйича йўлга қўйил­ган электрон савдолар, саноат ко­операциялари ва ярмаркалар, тендер савдолари нафақат буюртмачилар ва етказиб берувчилар ўртасида мустаҳкам кўприк вазифасини ўтаб, балки, ишончли ҳамкорлар топишга ҳам хизмат қилмоқда.
     Бошқармамиз асосан комбинат эҳтиёжи учун 35 минг турдан ортиқ керакли моддий-товар маҳсулотлар­ни зарурий етказиб бериш билан шуғулланади ҳамда комбинатнинг бош таъминотчиси ҳисобланади. Бугун харид қилинаётган маҳсулотлар орасида замонавий кон техника ва автотранспортлари, эҳтиёт қисмлар, кимёвий моддалар, ҳар хил турдаги ускуна ва жиҳозлардан тортиб, оддий деталгача бўлган бойликлар мавжуд. Кейинги йилларда ишлаб чиқа­риш ҳажми кенгайиши, янги ишлаб чиқариш заводлари барпо этилиши эвазига бизнинг бошқарма иш кўлами янада ортди.
     Бу борада нафақат республикамиздаги ишлаб чиқарувчилар, балки нуфузли хорижий компаниялар билан ҳам яқин ҳамкорлик ўрнатилган. Эътиборлиси, улар билан кўп қирра­ли мустаҳкам алоқалар кўлами янада кенгайиб бормоқда. Комбинат раҳбарияти ҳар доим бизни қўллаб-қувватлаб келаётгани, тиргак бўлаётгани ҳар бир ишимизни самарали ташкил этишга хизмат қилмоқда.
     Халқимизда: «Ҳамкорликда ҳик­мат кўп», деган мақол бор. Бунга амал қилган ҳолда кўплаб маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик қилиб келаяпмиз ҳамда улар ишончли ҳамкор сифатида бизнинг ҳар бир буюртмамизни ўз вақтида етказиб бермоқда. Американинг «Caterpillar», Япониянинг «Komatsu Limited» ва «Hitachi Ltd» компанияларидан ҳар хил техникалар, юк машиналари, «Liebherr» заводидан экскаваторлар харид қила­ётганимиз бунга яққол мисолдир.
     Давлатимиз томонидан шаффофлик асосида харидларни ташкил этиш бўйича яратилаётган имкониятлар, кооперицион ярмаркалар ташкил этилганлиги ишимизни янада самарали олиб боришга хизмат қилмоқда. Биргина, шу йилнинг ўтган даврида савдо корперациясида махаллий ишлаб чиқарувчилар билан умумий қиймати 3,8 трлн. сўмлик 3,5 мингдан ортиқ шартномалар тузил­ганлиги ҳам фикримизни тасдиқ­лайди.
     Айни пайтда «Uzelektroapрarat», «RWS», «Автотракторрадиатор», «Stalmet group service», «Gidro stanko servis» МЧЖ, «Aziya Gormash» МЧЖ ҚК, «Ёғду» ХК, «Navpromlitmash» МЧЖ, «Chilon Lubricants» сингари ҳамкорлар билан ҳам ҳамкорлик алоқалари яхши йўла қўйилган.
     Бугунги олдимизга қўяётган режалар албатта эртага ўз натижасини беради. Бизнинг бошқармамиз ходимлари эришилган ютуқларга қа­рамай, бундан-да яхшироқ ишлаш, янада улкан ютуқларга эришиш, ишлаб чиқариш ҳажми ва сифатини ошириш тарафдорларидир.
     Олтмиш беш йил, албатта, қу­вончли ва шунинг билан барчамиз фахрланишга арзигулик санадир. Сабаби, биз шу азиз корхонада ишлаб, ўз ўрнимизни топиб, орзу-мақсад­ларимизга эришаяпмиз. Шу боис, Навоий кон-металлургия комбинати равнақи учун сидқидилдан хизмат қилиш, унинг ютуқларига ўз ҳисса­мизни қўшиш бошқармада фаолият юритаётган ҳар биримиз учун бурч ва фахрдир.
     Фурсатдан фойдаланиб, барча ҳамкасбларни ушбу қутлуғ сана билан чин қалбдан табриклаймиз ва келгусида унинг янада гуллаб-яшнашига камтарона меҳнатимиз билан ҳисса қўшамиз, деб айта оламан.
 
 
Маъруфжон АМОНОВ,
«Харидларни ташкил этиш ва методологиясини такомиллаштириш» бош бошқармаси бошлиғи

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.