«Навоий кон-металлургия комбинати»нинг 2021 йилдаги соф фойдаси 12,7 фоизга ўсиб, 11,3 трлн сўмни, ишлаб чиқариш ҳажми эса 54,25 трлн сўмни ташкил этди.
«Навоий кон-металлургия комбинати»нинг (НКМК) 2021 йилдаги соф фойдаси 11,3 трлн сўмни ташкил этиши кутилмоқда, дея хабар берди компания матбуот хизмати.
Компания сайтидаги маълумотларга кўра, ушбу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан 12,7 фоизга кўпроқ ҳисобланади. Аввалги йилда комбинат соф фойдаси 10,1 трлн сўмга тенг бўлган.
Компаниянинг 2021 йилдаги ишлаб чиқариш ҳажми 54,25 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 10,3 фоизга ўсди. Хусусан, маҳаллийлаштириш дастурлари доирасида 442 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди.
НКМК инвестиция дастури доирасида 621 млн доллар ўзлаштирилди, бу ўтган йилга нисбатан бир оз камроқдир. Бироқ 2021 йилда кўпроқ янги иш ўринлари яратилди — 3423 та. 2020 йилда эса бу кўрсаткич 3286 тани ташкил қилган.
2022 йил 1 январдан бошлаб завод учта корхонага бўлинган — «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ (қимматбаҳо металларни қазиб олиш ва ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи), «Навоийуран» давлат корхонаси (табиий уран ва нодир ер металларини қазиб олиш ва қайта ишлаш) ҳамда «Навоий кон-металлургия комбинати жамғармаси».
2021 йил сентябрь ойида бош вазир ўринбосари, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров ҳукумат НКМКни хусусийлаштиришга тайёргарлик кўра бошлаганини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, 2022 йилда компания акцияларининг 10−15 фоизигачаси сотилиши мумкин.