Сардоба иши бўйича 9 киши қамоққа олинган, тергов муддати 5 ойга узайтирилди

Тергов Сардобадаги сув тошқинига табиий офат сабаб бўлгани ҳақидаги тахминни истисно қилди. Экспертиза хулосасига кўра, сув омбори тўғонининг ўпирилишига лойиҳа ҳужжатларидаги хато ва камчиликлар, қурилишдаги хато ва камчиликлар ҳамда эксплуатациядаги хато ва камчиликлар сабаб бўлгани аниқланган. Иш бўйича бир гуруҳ шахслар қамоққа олинган, тергов муддати 5 ойга узайтирилган.

Бош прокуратура Сардобадаги сув тошқини оқибатлари текширув ишлари юзасидан қўшимча маълумот берди. Маълум қилинишича, ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг 207 ва 258-моддаларида назарда тутилган жиноятлар аломатлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Экспертиза хулосасига кўра, сув омбори тўғонининг ўпирилишига қуйидаги омиллар сабаб бўлган:

  1. Лойиҳа ҳужжатларидаги хато ва камчиликлар;
  2. Қурилишдаги хато ва камчиликлар;
  3. Эксплуатациядаги хато ва камчиликлар.

Ҳозирги вақтда йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатларига дахлдор 9 нафар шахс, жумладан буюртмачи «Сирдарё сув қурилиш инвест» ДУК, лойиҳачи «UzGip» МЧЖ, бош пудратчи – «Ўзтемирйўлқурилишмонтаж» УК, пудратчи ташкилот «Резаксой сув қурилиш» УК, «Тўпаланг Шеробод» ШК, Сув хўжалиги вазирлиги, Эксплуатация дирекцияси мансабдор шахсларининг бир гуруҳига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли (167, 205, 207, 209, 258) моддалари билан жиноий иш қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.

«Аввал хабар қилинганидек, жорий йил 1 май куни юз берган Сардоба сув омбори тўғони ўпирилиши ва бунинг оқибатида катта ҳажмдаги ер майдонларини сув босиши бўйича Жиноят кодексининг 207 ва 258-моддаларида назарда тутилган жиноятлар аломатлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аниқланишича, сув омбори 2010-2017 йилларда қурилган бўлиб, лойиҳага буюртмачи сифатида «Сирдарё сув қурилиш инвест» ДУК (Сув хўжалиги вазирлиги), бош лойиҳачи – «UzGip» МЧЖ, бош пудратчи – «Ўзтемирйўлқурилишмонтаж» УК («Ўзбекистон темир йўллари» АЖ) танланган. Сув омбори қурилишига давлат бюджетидан 1,2 трлн.сўм сарфланган.

Сув омборидан фойдаланиш «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга қарашли «Сардоба сув омбори объектларидан фойдаланиш ва ривожлантириш дирекцияси» томонидан амалга оширилган.

Дастлабки терговнинг ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона олиб борилишини таъминлаш мақсадида қуйидаги асосий тахминлар текширилди. Лойиҳалашдаги хатоликлар, қурилиш жараёнида меъёрларга риоя қилмаслик, эксплуатация жараёнидаги хатоликлар, табиий офат.

Мазкур 4та тахмин тегишли экспертиза муассасаси экспертларидан ва гидротехник иншоотларни лойиҳалаш, қуриш, эксплуатация қилиш, қурилиш экспертизаси, тупроқ ва сувнинг хоссалари ва бошқа бир қатор масалага дахлдор соҳаларга мансуб 30 нафар мутахассисдан иборат Комиссия ёрдамида текширилди.

Экспертиза хулосасига кўра, сув омбори тўғонининг ўпирилишига қуйидаги омиллар сабаб бўлган:

1. Лойиҳа ҳужжатларидаги хато ва камчиликлар.

Лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари тегишли экспертизадан ўтиб, тасдиқланганидан кейин ишчи-лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш вақтида конструкцияга (қияликларнинг баландликка нисбати, ҳимоя ва фильтрловчи қопламаларнинг характеристикаларига) лойиҳачи томонидан ўзбошимчалик билан, асослантирилмаган ҳолда, тўғоннинг ишончлилиги ва турғунлигини таъминламайдиган даражага олиб келган ўзгартиришлар киритилган.

2. Қурилишдаги хато ва камчиликлар.

Тўғоннинг танасини ташкил қилган тупроқнинг зичлиги лойиҳавий талабдагидан паст ва тупроқ ёт жисмлардан тозаланмаганлиги оқибатида улар чириб, бўшлиқлар ҳосил қилган, ҳимоя қатламига ётқизилган харсанг тошларнинг диаметри лойиҳадаги ўлчамлардан бир неча бор катта бўлган ҳолда, харсанг тош қопламаси лойиҳа ҳужжатида белгиланган қалинликдан кам, тошлар нотекис, сифатсиз жойлаштирилган ва катта диаметрли тошлар ўртасидаги бўшлиқлар майда тошлар билан тўлдирилмаган.

3. Эксплуатациядаги хато ва камчиликлар.

Эксплуатация жараёни билан боғлиқ жиддий моддий ва номоддий камчиликларга йўл қўйилган. Жумладан, тўғонга хизмат кўрсатувчи “Сардоба сув омбори объектларидан фойдаланиш ва ривожлантириш дирекцияси”нинг бевосита тўғонга хизмат кўрсатувчи таркиби зарурий моддий-техник воситалар билан таъминланмаган. Боз устига, ўтказилган малака аттестацияси эксплуатацияга жалб этилган ходимларнинг 56% зарурий билимга (ихтисос), 82 фоиз малака ва тажрибага эга эмаслигини ва бунинг оқибатида тўғонга сифатли хизмат кўрсатишга, ўпирилиши каби фавқулодда ходисаларга олиб келувчи омилларни ўз вақтида аниқлашга қодир эмаслигини кўрсатди.

Юқорида аниқланган ҳолатларни инобатга олган ҳолда, экспертиза сув омборини лойиҳалаш, қуриш ҳамда эксплуатация қилиш жараёнидаги қайд этилган хато ва камчиликлар, сув омбори қурилиши 2-босқичи давлат комиссияси томонидан қабул қилинмаган бўлсада, тўла ҳажмда сув тўпланганлиги якка тартибда ёки уларнинг мажмуи тўғон ўпирилишига сабаб бўлганлиги ҳақида хулосага келган.

Ҳозирги вақтда тергов органи томонидан тўғон қурилиши, эксплуатация қилиниши, давлат комиссияси томонидан қабул қилинган ҳажмда сув тўпланиши жараёнларида йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатларига дахлдор 9 нафар шахс, жумладан буюртмачи «Сирдарё сув қурилиш инвест» ДУК, лойиҳачи «UzGip» МЧЖ, бош пудратчи – «Ўзтемирйўлқурилишмонтаж» УК, пудратчи ташкилот «Резаксой сув қурилиш» УК, «Тўпаланг Шеробод» ШК, Сув хўжалиги вазирлиги, Эксплуатация дирекцияси мансабдор шахсларининг бир гуруҳи Жиноят кодексининг тегишли (167, 205, 207, 209, 258) моддалари билан жиноий жавобгарликка тортилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Жиноят иши доирасида қурилишга сарфланган бюджет маблағларининг асослилигини текшириш мақсадида ҳужжатли тафтиш ва бажарилган ишлар ҳажмларининг назорат ўлчови тайинланиб, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси мутахассислари раҳбарлигида мутасадди идораларнинг малакали мутахассисларидан иборат комиссия томонидан ўлчов ва тафтиш ишлари олиб борилмоқда.

Тергов органи томонидан жиноятнинг сабаблари, унга имкон берган шарт-шароитларни, айбдор шахслар доирасини аниқлаш билан бирга, етказилган зарарнинг қопланишини таъминлашга қаратилган чора – тадбирлар амалга оширилмоқда.

Дастлабки терговни ҳар томонлама ва тўлиқ ўтказилишини таъминлаш мақсадида ҳамда жиноят ишининг мураккаблиги ва катта ҳажмдалигини инобатга олиб, дастлабки тергов муддати Бош прокуратура томонидан 5 ойга узайтирилди», дейилади Бош прокуратура матбуот хизмати баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, 1 май куни соат 05:55да Сирдарё вилоятида жойлашган Сардоба сув омбори тўғонининг 6-пикет деворида сув чиқиши юзага келганди. Сув тошқини оқибатида 4435 та хонадон талафот кўрган. Улардан 2390таси яроқсиз ҳолга келган, 2045 таси эса таъмирталаб ҳолатда.

Май ойида Бош прокуратура Сардоба фожиаси юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича 4та тергов версияси текширилаётгани, иш доирасида икки киши қамоққа олингани ҳақида маълум қилганди.
Манба: Kun.uz

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.