Айни пайт Самарқанддаги Конгресс марказида ШҲТ кузатувчи давлатлар раҳбарлари ва фахрий меҳмонлари иштирокида саммитнинг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев ШҲТ таркиби янада кенгайиб, шериклик муносабатлари тобора ривожланиб бораётганини таъкидлади.
Эрон Ислом Республикасининг Ташкилотга тўлақонли аъзо сифатидаги мажбуриятлари тўғрисидаги
Меморандум имзоланди. Миср Араб Республикаси ва Қатар Давлатига мулоқот бўйича шериклар мақоми берилди.
Беларус Республикасига ШҲТнинг тўлақонли аъзоси, Баҳрайн Подшоҳлиги, Кувайт Давлати, Малдив Республикаси, Бирлашган Араб Амирликлари ва Мянма Иттифоқи Республикасига мулоқот бўйича шериклар мақомини бериш жараёнлари бошланади.
“ШҲТнинг географик қамрови кенгаяётгани ўз мисолида самарадорлик, ўзаро бир-бирини тушуниш ва амалий саъйҳаракатларни намойиш этаётган Ташкилотимиз фаолиятининг долзарблигини яна бир тасдиқламоқда”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ташкилотнинг блокларга қўшилмаслик мақомини ва унинг очиқлигини сақлаб қолиш муҳим эканини қайд этди. Жумладан давлатимиз раҳбари: “Биз хавфсизликнинг яхлитлик тамойилига қатъий риоя қиламиз. ШҲТнинг фаолияти кенг ҳамкорликка йўналтирилган бўлиши лозим. Марказий Осиё ШҲТнинг “географик ядроси” мақомини сақлаб қолиши кераклигига ҳам ишончимиз комил”, деди.