– Кўпчилик одамлар, айниқса, тадбиркорлар ва хусусий сектор вакилларини пандемия ва ундан кейинги даврда солиқ мажбуриятлари ва солиқни қоплаш масаласи қизиқтиради ва шунга оид бўлган бир нечта саволлар таҳририятга келмоқда. Шулардан биринчиси: пандемия ва карантин чекловлари вақтида ишламай турган ҳолатда тадбиркорлар солиқ мажбуриятини қандай қоплайди?
– Биринчи навбатда тадбиркорлар сўзига аниқлик киритиб олиш керак. Агар якка тартибдаги тадбиркор бўлса, президентимизнинг 5978-сонли фармони билан фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорлардан қатъий белгиланган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ олинмаслиги белгиланган. Бундай жараён улар томонидан электрон тарзда хабардор қилиш орқали амалга оширилади. Агар тадбиркорлик субъекти ЯТТ бўлса, www.soliq.uz сайтида электрон имзо билан кирган ҳар бир тадбиркор учун имконият яратилган. Хабардор қилинган ойдан бошлаб қатъий белгиланган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ ҳисобланмайди.
Айтайлик, мана шу ЯТТ буюм бозорида ишлайди. Биламизки, буюм бозори ёпиқ. Лекин, унинг электрон имзоси мана шу бозордаги дўконида қолган. Ўзининг уйи ундан 40-50 км узоқликда жойлашган. Бундай ҳолатларда нима қилиш керак, деган савол туғилади. Бу пайтда, биз шундай тавсияни берар эдикки, ЯТТ карантин очилганидан кейин ҳам хабарномасини, айтайлик, май ойида жўнатса, бундай тадбиркорлик субъектлари солиққа тортилмайди.
– Фақатгина ЯТТ бўлмасдан, МЧЖ ёки юридик шахс мақомидаги тадбиркорлик субъектлари қандай йўл тутади?
– Бундай ҳолатларда, юридик шахс сифатида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларини ҳам қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор норма ва меъёрлар белгиланди. Хусусан, бундай корхоналар учун ресурс солиқлари (ер, мулк ва сувдан фойдаланганлик учун солиқ) ва пандемиягача бўлган қарздорликларни ундириш, шунингдек, пеня ҳисоблашни тўхтатиб туриш бўйича норма киритилган.
Яна ҳам аниқроқ тушунтирадиган бўлсак, тадбиркор солиқ идорасига ариза билан мурожаат қилади, шахсий карточкасига ёзув киритилади ва мана шу корхонамизга мавжуд қарздорликни тўхталишини сўрайди. Бунда маҳаллий кенгашлар ва ҳудудий ҳокимлик вакиллари ўрганган ҳолда амалга ошади.
– Бундай пайтда тадбиркорларимиздан ҳужжатларини тақдим этишда бюрократик тўсиқлар кўпайиб кетди, ҳудудий кенгашларни қарори кечикиши оқибатида солиқ органлари томонида инкассация қўйилмоқда ва охир-оқибат солиқ тортиш барибир юз беряпти. Бундай ҳолатда нима қилиш керак?
– Ҳақиқатан ҳам бундай муаммолар бўлмоқда. Бизнинг ўзимизга ҳам шундай мурожаатлар бўляпти. Шунинг учун биз Солиқ кодексига амал қилган ҳолда норматив ҳужжат ишлаб чиқдик. Бунга кўра 25 апрелдан эътиборан, тадбиркорлар мурожаат қилган санадан бошлаб уларга мажбурий ундириш ёки инкассация чораси қўлланилмайди. Лекин, айрим солиқ тўловчиларимиз буни барча солиқ турлари учун деб ўйлашади ва бу фикр нотўғридир. Юқоридаги солиқ имтиёзлари фақатгина ресурс солиғи, даромад, ижтимоий солиқлар учун қўлланилади.
Суҳбат давомида қўмита раиси ўринбосари Фазлиддин Умаров даромади пасайган, карантиндан сўнг, энди фаолиятини қайта тиклаётган тадбиркорлик субъектлари учун айланма маблағдан солиқ тўлашда тақдим этиладиган имкониятлар ҳақида маълумот берди. Интервьюни Youtube орқали тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.
Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди
Манба: Kun.uz