Тошкент шаҳрининг 2022 йилги бюджети тасдиқланди. Маблағлар қаерларга йўналтирилади?

     Пойтахт Кенгаши томонидан 2022 йилги Тошкент шаҳри ва унинг туманлари бюджети 6,04 трлн сўм миқдорида тасдиқланди, бу ўтган йилга нисбатан 48,5 фоизга кўпроқ. Бюджет даромадларининг асосий манбаи юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқдан тушумлар бўлиб, 2,3 баробарга ошади. Иссиқлик энергияси ишлаб чиқарувчиларнинг йўқотишларини субсидиялашга 732,2 млрд сўм, «Обод маҳалла» дастури учун 500 млрд сўм йўналтирилади.
     30 декабрь куни Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгаши томонидан 2022 йил учун шаҳар ва унинг туманлари бюджети 6,04 трлн сўм миқдорида тасдиқланди, бу 2021 йил учун қабул қилинганидан 1,97 трлн сўмга (+48,5 фоиз) кўпдир. E-Qaror порталида Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев имзолаган асосий молиявий ҳужжат эълон қилинди.
     Прогнозга кўра, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 7,5 фоизга — 120 триллион сўмгача, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми — 6,3 фоизга, хизмат кўрсатиш соҳаси — 30,1 фоизга, чакана савдо ҳажми — 8,5 фоизга ўсиши кўзда тутилмоқда.
     Пойтахт бюджети туманларни ҳисобга олмаганда 4,43 трлн сўмни ташкил этади, бу ўтган йилга нисбатан 52,3 фоизга кўпдир. Бюджет даромадларининг асосий қисми юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи бўйича тушумлар ҳисобига — 728,8 млрд сўм ёки 16,4 фоизга (ўтган йили 313,5 млрд сўм) тўғри келади.
     2022 йилда солиқ ставкаси 2 фоиздан 1,5 фоизга камайтирилганига қарамай, солиқ солинадиган база учун минимал қиймат (Тошкент шаҳрида — 1 квадрат метр учун 2,5 миллион сўм) жорий этилиши ҳисобига тушумлар 2,3 баробарга ошади (ДСҚ раҳбари бунинг қандай амалга оширилишни тушунтирди).
     Бюджет даромадларининг иккинчи асосий манбаи айланма солиғи ташкил этади — 586,8 млрд сўм (662,3 млрд сўм), тушумлар ҳажми 11,4 фоизга камаяди. Кейинги ўринда юридик шахслардан олинадиган ер солиғи — 567,7 млрд сўм (419,7 млрд сўм), 35,2 фоизга ўсиши кутилмоқда.
     Бундан ташқари, давлат божлари тушумларининг 513,9 млрд сўмгача (+36,6 фоиз) ва жарималарнинг — 256,1 млрд сўмгача (+69 фоиз) ўсиши прогноз қилинмоқда.
     Якуний истеъмолчиларга бензин, дизель ёқилғиси ва газ сотишдан бюджетга 374,4 млрд сўм ёки 2021 йилга нисбатан 4 баробар кўп акциз солиғи тушиши режалаштирилган.
     Жорий йилда яна бир тушум манбаси — хусусийлаштириш бўлиб, 100 млрд сўм даромад келтириши кутилмоқда.
2022 йилда шаҳар бюджетининг (туманлардан ташқари) харажатлари 4,43 трлн сўм миқдорида прогноз қилинмоқда.
     Хусусан, Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонаси кредитини қоплаш учун тўловлар давом эттирилади. Бунинг учун 2020 йилда 66,4 млрд сўм, 2021 йилда 71,3 миллиард сўм ажратилган бўлса, жорий йилда 69 млрд сўм йўналтирилиши режалаштирилган. Меҳмонхона қурилишига 205 млн доллар, жумладан, Халқ банкининг жамғариб бориладиган пенсия тизими ҳисобидан 100 млрд сўм кредит ажратилган. Меҳмонхонани хусусийлаштириш режалаштирилган.
     Пенсионерларнинг метрополитенда соат 10:00 дан 16:00 гача ва максимал тарифларда (президентнинг 2021 йил 16 октабрдаги ПҚ-5260-сон қарорида назарда тутилган харажатларни ҳисобга олган ҳолда) текин ҳаракатланишидан кўрилган зарарларни қоплаш учун 116,5 млрд сўм ажратилади. 2021 йилда пенсионерлар учун бепул ҳаракатланиши атиги 9,7 млрд сўмни ташкил этган.
     Жамоат транспортининг йўқолган даромадларини (транспорт карталаридан фойдаланиш ҳисобига), шунингдек, максимал тарифлар ва юкларни ташиш ва хизматлар кўрсатиш бўйича йўқотишларни қоплаш учун 150 млрд сўм (259 млрд сўм) ажратилди.
     «Обод маҳалла» дастурига Ўзбекистон президенти томонидан 500 млрд сўм тақсимланиши кўзда тутилган. Ушбу дастурга яна 500 млрд сўм йўналтирилади.
     Иссиқлик энергиясини ишлаб чиқарувчиларнинг аҳолига иссиқлик таъминоти хизматлари учун пасайтирилган тарифларни қўллаш натижасида кўрган йўқотишларини субсидиялаш учун 732,2 млрд сўм йўналтирилди, бу 2021 йилга нисбатан 68,5 фоизга кўпдир. Эслатиб ўтамиз, эндиликда Тошкент шаҳридаги истеъмолчиларга иссиқлик таъминоти хизматларининг тартибга солинадиган тарифлари Франциянинг Veolia компанияси тақдим этган ҳисоб-китобларга кўра, халқ депутатлари шаҳар кенгаши қарори билан 1 майга қадар тасдиқланади.
     Кўп қаватли уйлардаги лифтларни таъмирлаш ва янгилаш учун 85,5 млрд сўм маблағ сарфланиши режалаштирилган. 2021 йил бошида Монополияга қарши курашиш қўмитаси кўп қаватли уйларда лифтларни таъмирлаш ва ўрнатишда «Технопарк»нинг (таъсисчиси Тошкент ҳокимлиги) монополияcига қарши чиққан эди.
     Ҳужжат билан давлат солиқларидан ҳудудий бюджетларга ажратмаларнинг янгиланган стандартлари тасдиқланди. 2022 йилда деярли барча солиқлардан ажратмалар улуши камаймоқда.
Манба: gazeta.uz

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.