Ислом тараққиёт банки Бошқарувчилар Кенгашининг Тошкентда бўлиб ўтган 46-йиллик анжумани банкка аъзо 57 та давлат вакилларини бирлаштирувчи тадбир бўлишидан ташқари қатор музокаралар ўтказиш ва турли томонлар учун фойдали бўлган шартномалар имзолаш учун ҳам ўзига хос платформа вазифасини бажарди.
Анжуманнинг 4-куни давомида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов, Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад Сулаймон ал-Жассир ҳамда бошқа масъуллар иштирокидаги матбуот анжумани давомида «Трастбанк» ХАБ Бошқаруви раиси Сардор Нормуҳамедов «Islamic Corporation for the Development» (ICD) – Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси бош директори жаноб Айман Амин Сежини билан 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ ажратилиши тўғрисида битим имзолади.
Ушбу маблағ соғлиқни сақлаш, жумладан, фармацевтика соҳаси, озиқ-овқат саноати каби соҳаларни ривожлантириш учун йўналтирилиши режалаштирилган. Қолаверса, мазкур исломий дарча орқали «Трастбанк» мижозларига ислом молияси тамойиллари асосидаги молиявий хизматларни таклиф этиш кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 9 июлида «Трастбанк» делегациясининг Жидда шаҳрига (Саудия Арабистони) ташрифи доирасида «Трастбанк» хусусий акциядорлик банки ва Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси (ХСРИК) ўртасида имзоланган Битим бўйича 7 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит линияси ажратилган.
2019 йил 10 июнь санасида «Трастбанк» хусусий акциядорлик банкида Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси вакиллари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланган эди.
Маълумот тариқасида: Хусусий тармоқни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси (ICD) халқаро молия муассасаси бўлиб, Ислом тараққиёт банки (IsDB) гуруҳи таркибига киради. ICD 1999 йил ноябрь ойида хусусий тармоқ лойиҳаларини молиялаштириш, рақобат ва тадбиркорликни ривожлантириш, ҳукуматлар ва хусусий компанияларга маслаҳат хизматларини кўрсатиш ва ташқи инвестицияларни рағбатлантириш орқали аъзо мамлакатларнинг иқтисодий ривожланишини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган. Ўзбекистон Республикаси 2004 йилнинг 14 сентябрида ICD’га аъзо давлатлар қаторига қўшилган.