Янги 2 000 ва 20 000 сўмлик купюралар 14 июндан муомалага чиқарилади

     Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 2021 йилнинг 14 июнидан бошлаб номинал қиймати 2 000 сўм ва 20 000 сўм бўлган банкнот кўринишидаги янги пул белгиларини муомалага чиқарилиши тўғрисида қарор қабул қилинганлигини маълум қилади.
     Мазкур банкнотлар мавзуси (тематикаси) “Буюк Ипак йўли” ва мамлакатимиз ҳудудидаги қадимий Бухоро шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикаси тарихига бағишланган.
     Банкнотлар ҳимояланган қоғозда чоп этилган.
     2000 сўмлик банкнот:
     Ўлчами 142 х 69 мм.
     Банкнотнинг ўнг тарафидаги оч фонда қадимги “Буюк Ипак йўли” карвон йўлининг рамзи сифатида туя ва “2000” рақами кўринишида сув белгилари жойлашган.
     Банкнотнинг ўнг тарафида қоғоз қатламида кенглиги 1,5 мм. бўлган “UZB” ёзуви мавжуд металлашган ва машинада ўқиладиган ҳимоя ипи ўтказилган.
     Олд ва орқа томонларининг асосий ранглари – қирмизи ва оч яшил ранглардан иборат.
     Банкнот олд томони чап қисмида дастлаб милоддан аввалги I асрда қад кўтарган, эрамизнинг IX-X асрларида қайта қурилган (ҳозирги қиёфаси асосан XVI асрда шаклланган) “Бухоро арки”нинг кўриниши тасвирланган.
     Юқори қисмининг чап тарафида ўзгарувчан рангли OVI бўёғида босилган “2000” рақами жойлаштирилган бўлиб, маълум қиялик бурчаги кўриниши остида тилла рангдан яшил рангга ўзгаради.
     Банкнот юқори ўнг қисмида “O‘ZBEKISTON RESPUBLIKASI MARKAZIY BANKI” матни, юқори ўнг бурчагида Ўзбекистон Республикасининг Герби қирмизи рангда жойлашган.
     Ўнг ва чап томони чеккасида қирмизи рангда жойлашган махсус элемент кўриш қобилияти паст бўлган инсонлар учун мўлжалланган бўлиб, бўёқнинг бўртмалик хусусияти ҳисобига банкнотнинг қийматини аниқлаш имконини беради.
     Банкнотнинг қуйи қисмида нақшинкор безак асосида “латент” (яширин) тасвир “UZ” кўринишида берилган бўлиб, у ёруғлик манбаига нисбатан маълум қияликда кўриниш хусусиятига эга.
     Қуйи қисмнинг чап томонида банкнот қийматини акс эттирувчи “IKKI MING SO‘M” ёзуви ва “O‘ZBEKISTON SO‘MI RESPUBLIKA HUDUDIDA HAMMA TO‘LOVLAR UCHUN O‘Z QIYMATI BO‘YICHA QABUL QILINISHI SHART” матни жойлашган.
     Юқоридаги тасвирлар металлограф босма усулида бажарилган бўлиб, бармоқ учи билан сийпалаганда буёқнинг бўртмалигини сезиш мумкин.
     Банкнот ўнг қисмидаги оч фонда нусха кўчиришга қарши ҳар хил диаметрдаги халқалар жойлаштирилган бўлиб, нусха кўчирилганда ушбу тасвирларда аниқлик йўқолади.
     “Хонатлас” фонида туширилган Ўзбекистон харитаси чизмасида кўк чизиқлар билан “Буюк Ипак йўли”нинг карвон йўллари йўналиши кўрсатилган.
     Юқори чап қисмида Бухоро шаҳрининг рамзи ҳисобланган “икки ўркачли туя” тасвири регистр вазифасини бажаргани ҳолда “олд” ва “орқа” томонларини бир-бири билан мос тушириш учун хизмат қилади. Ёруғликка қаратилганда оқ қисми банкнотнинг орқа томонидаги рангли фон билан қўшилиб тўлиқ тасвир ҳосил қилади.
     Банкнотнинг рақами лотин алифбосидаги икки ҳарфли серия ва етти хонали сондан ташкил топган бўлиб, ўнг қисмида горизонтал ва чап қисмида вертикал кўринишда босилган.
     Банкнот орқа томонида милоддан аввалги IV-III асрларда қадимги карвон йўли ўтган Пойкенд шаҳрининг харобалари, яъни “POYKEND ARXEOLOGIYA YODGORLIGI” тасвирланган.
     Ўнг қисмида Бухоро вилояти ҳудудидаги “Варахша” археология ёдгорликларидан топилган VIII асрга тааллуқли деворий ганчкор безак тасвири ҳамда милоддан аввалги III минг йиллик даврига тегишли рўзғор идиши – археология топилмаси акс этган.
     Юқори чап қисмида “O‘ZBEKISTON RESPUBLIKASI MARKAZIY BANKI” матни ва банкнот муомалага чиқарилган йил “2021” чоп этилган.
     Банкнотнинг пастки қисми чап ва ўнг бурчакларида банкнот номинал қиймати “2000” рақами оқ рангда бир чизиқда ҳамда юқори ўнг бурчакда “IKKI MING SO‘M” ёзуви туширилган.
     Пастки қисмида “O‘ZBEKISTON SO‘MINI QALBAKILASHTIRISH QONUNGA MUVOFIQ TA’QIB QILINADI” матни огоҳлантирувчи ёзув сифатида қайд этилган.
     20 000 сўмлик банкнот:
     Ўлчами 147 х 69 мм.
     Банкнотнинг ўнг тарафида оч фонда қадимги “Буюк Ипак йўли”нинг рамзи бўлган туя ва “20000” рақами кўринишида сув белгилари жойлашган.
     Банкнотнинг ўнг тарафида қоғоз қатламида кенглиги 3 мм.ли “динамик” эффектига эга бўлган, юқори ҳимояланган, учта тўртбурчак йўл кўринишидаги банкнотнинг устки қатламига чиқувчи ҳимоя ипи жойлаштирилган.
     Ёруғлик манбаида ип тўлиқ кўринишга эга бўлиб, банкнотнинг исталган қиялик кўринишида ипдаги тасвирларда силжиш эффекти пайдо бўлади.
     Олд ва орқа томонларининг асосий ранглари – кўк, бинафша ва жигарранглардан иборат.
     Банкнот олд томони чап қисмида ҳозирги Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида милоддан аввалги IV асрда қурилган, XX асрнинг 30-йилларида топилган “QO‘YQIRILGAN QAL’A” меъморий ёдгорлиги тасвирланган.
     Юқори қисмининг чап тарафида ўзгарувчан рангли OVI бўёғида босилган “20000” рақами жойлашган бўлиб, маълум қиялик бурчаги кўриниши остида қирмизи рангдан яшил рангга ўзгаради.
     Банкнот юқори қисмида “O‘ZBEKISTON RESPUBLIKASI MARKAZIY BANKI” матни, юқори ўнг бурчагида Ўзбекистон Республикасининг Герби сиёҳ рангда жойлашган.
     Ўнг ва чап томони чеккасида жойлашган сиёҳ рангдаги махсус элемент кўриш қобилияти паст бўлган инсонлар учун мўлжалланган бўлиб, бўёқнинг бўртмалик хусусияти ҳисобига банкнотнинг қийматини аниқлаш имконини беради.
Банкнотнинг қуйи қисмида нақшинкор тасвир фонида “латент” (яширин) тасвир “UZ” кўринишида берилган бўлиб, у ёруғлик манбаига нисбатан маълум қияликда кўриниш хусусиятига эга.
     Қуйи қисмининг чап томонидан банкнот қийматини акс эттирувчи “YIGIRMA MING SO’M” ёзуви ва “O‘ZBEKISTON SO‘MI RESPUBLIKA HUDUDIDA HAMMA TO‘LOVLAR UCHUN O‘Z QIYMATI BO‘YICHA QABUL QILINISHI SHART” матни жойлашган.
     Юқоридаги тасвирлар металлограф босма усулида бажарилган бўлиб, бармоқ учи билан сийпалаганда буёқнинг бўртмалигини сезиш мумкин.
     Банкнот ўнг қисмидаги оч фонда нусха кўчиришга қарши ҳар хил диаметрдаги халқалар жойлаштирилган бўлиб, нусха кўчирилганда ушбу тасвирларда аниқлик йўқолади.
     Юқори қисмдаги Ўзбекистон харитаси чизмасида оч чизиқлар билан “Буюк Ипак йўли”нинг карвон йўллари йўналиши кўрсатилган.
     Юқори чап қисмидаги Қорақалпоғистон халқининг каштачилик матоларида қўлланиладиган нақш безаги тасвири регистр вазифасини бажаргани ҳолда “олд” ва “орқа” томонларини бир-бири билан мос тушириш учун хизмат қилади. Ёруғликка қаратилганда оқ қисми банкнотнинг орқа томонидаги рангли элементлар билан қўшилиб тўлиқ нақш ҳосил қилади.
     Банкнотнинг рақами лотин алифбосидаги икки ҳарфли серия ва етти хонали сондан ташкил топган бўлиб, ўнг қисмида горизонтал ва чап қисмида вертикал кўринишда босилган.
     Банкнот орқа томонида милоддан аввалги IV асрга тегишли бўлган, Султон Увайс тоғларидан жанубий шарққа қараб кетган баландликлар тепасида жойлашган “JОNBОS QAL’A ARXEOLOGIYA YODGORLIGI” тасвирланган.
     Ўнг қисмида милоддан аввалги VII-VI асрларда Орол-Каспий денгизи оралиғида яшаган халқларга тегишли сопол идиш ҳамда милоддан аввалги I асрга тегишли қадимий аҳоли томонидан зардўштлик маросимларида фойдаланилган туя кўринишидаги артефакт акс этган.
     Ушбу тасвирлар металлограф босма усулида, икки хил ранг (сиёҳранг ва жигарранг)да аниқ чегараланган ҳолда босилган бўлиб, бармоқ учи билан сийпалаганда буёқнинг бўртмалигини сезиш мумкин.
     Юқори чап қисмида “O‘ZBEKISTON RESPUBLIKASI MARKAZIY BANKI” матни ва банкнот муомалага чиқарилган йил “2021” чоп этилган.
     Банкнотнинг пастки қисми чап ва ўнг бурчакларида банкнот номинал қиймати “20000” рақами оқ рангда бир чизиқда ҳамда юқори ўнг бурчакда “YIGIRMA MING SO‘M” ёзуви туширилган.
     Пастки қисмида “O‘ZBEKISTON SO‘MINI QALBAKILASHTIRISH QONUNGA MUVOFIQ TA’QIB QILINADI” матни огоҳлантирувчи ёзув сифатида қайд этилган.
     Муомалага чиқарилаётган қиймати 2 000 сўм ва 20 000 сўм бўлган пул белгилари айни пайтда муомалада бўлган пул белгилари ва тангалар билан бир қаторда барча хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳоли томонидан ўз қиймати бўйича барча турдаги тўловлар учун ҳеч қандай чекловларсиз қабул қилиниши шарт.
 
 
Манба: cbu.uz

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.