Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари Ўзбекистоннинг фрилансни ривожлантириш ва онлайн-аутсорсингга ўтишга тайёрлигини таҳлил қилди.
Иқтисодий ривожланишнинг бугунги босқичида бандлик муаммоларини бандликнинг янги, илғор шакли — масофадан туриб ишлаш орқали ҳал этиш мумкин. Замонавий бандликнинг ушбу тури ҳар хил номлар билан номланади: интернет-ишлаш, масофадан туриб ишлаш ёки фриланс. Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти Ўзбекистонда қонунчилик базасига эга бўлган фринланс ривожланишининг жаҳон тенденцияларини ўрганди ва мамлакатимизнинг Жаҳон банки методикаси асосида ҳисобланган 2015—2020 йилларда фриланс бозорига киришга тайёрлиги индекси ўзгаришларини баҳолади.
2015—2020 йиллар давомида Ўзбекистоннинг фриланс бозорига киришга тайёрлиги индекси 45,7 дан 56,6 га ошган. Бунга 3-бўлим кўрсаткичлари бўйича яхшиланишлар катта таъсир кўрсатди. Масалан, «Инфратузилма» бўлими бўйича ўртача кўрсаткич 40,5 дан 61,6 га ўсган.
Энг катта ўсиш даражаси халқаро маълумотлар узатиш тармоғининг ўтказиш қобилияти (74,7 баробар ўсган), масофавий банк хизматларидан фойдаланувчилар (жисмоний шахслар) сони (14 баробар), белгиланган кенг полосали интернетдан фойдаланувчи абонентлари сони (2,4 баробар), аҳолининг интернет билан таъминланганлиги (2,2 баробар) каби кўрсатгичлар бўйича қайд этилган.
2017—2020 йиллар давомида мамлакатимизда фрилансни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш учун шарт-шароитлар яратиш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинди: ўзини ўзи банд қилган шахслар (фрилансерлар) фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларга имтиёзлар бериш бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди; ёшлар ўртасида компьютер саводхонлигини ошириш ва IT соҳалар бўйича малака ошириш дастурлари қабул қилинди.
Экспертлар баҳолашни ўтказишда Бутунжаҳон банкининг «Мамлакатнинг онлайн-аутсортингга тайёргарлиги ҳақида»ги (Assessing Country Readiness for Online Outsourcing) услубиётидан фойдаланишди. Бу усул бугунги кўрсаткичларга мослаштирилган.
Шу тариқа Ўзбекистоннинг фриланс бозорига тайёрлигини баҳолашда 27 та кўрсаткичдан фойдаланилди. Бу кўрсаткичлар 4 бўлимга ажратилган бўлиб, иқтидорлиларнинг мавжудлиги ва сифати, харажатлар, инфратузилма ҳамда қулай имкониятлар яратишга эътибор қаратилди.
Маълумотларни яхлит форматга ўтказиш мақсадида Z-ўзгартириш усули воситасида стандартлаштириш жараёни ўтказилди. Бироқ, ўзгартирилган маълумотлардаги салбий кўрсаткичлар ҳисоб-китобларнинг талқин қилинишида қийинчилик яратмоқда. Шу сабабли Z талқинидаги яхлит ижобий рақамларни қайд этишда махсус тўғридан-тўғри ўзгартирувчи усулларни қўллаш мумкин.
Мисол учун, Т-шкалага ўзгартиришда шундай қилиш мумкин. Мазкур шкала z-кўрсаткичлар -5 дан +5 оралиғида бўлганда касрли ва салбий кўрсаткичлардан воз кечишга ёрдам беради.
Стандартлаштириш жараёнидан сўнг ҳар йили ҳар бир кўрсаткич бўйича бўлимга киритилаётган ўртача даража ҳисобга олинади. Фриланс бозорига киришда тайёргарликни баҳоловчи индекс 4 та бўлимдаги барча натижаларни ифода этувчи ўртача арифметик кўрсаткичдир.
Мазкур услубни қўллаш ёрдамида Ўзбекистоннинг 2015—2020 йилларда фриланс бозорига киришида мамлакат тайёргарлик Индекси ҳисоблаб чиқилди.
Маълумот учун, бугунги кунда Ўзбекистонда «фрилансер» термини қонунчилик даражасида мавжуд эмас. Бироқ, ушбу терминнинг маъносини ҳисобга олганда (фрилансер – бандлик тури бўлиб, бунда мутахассис ўзини ўзи иш билан таъминлайди) «ўзини ўзи банд қилган фуқаролар» атамаси бунга кўпроқ мос келади.
Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар — меҳнат даромади олишга йўналтирилган, жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш, ишларни бажариш бўйича шахсий меҳнати билан иштирок этишга асосланган фаолиятни мустақил амалга оширадиган, якка тартибдаги тадбиркорлар сифатида рўйхатга олинмаган, ўз фаолиятида ёлланма ишчилар меҳнатидан фойдаланмайдиган жисмоний шахслар.