Йирик шаҳарларда, вилоят ва туман марказларида 1 сентябрга қадар савдо ва кўнгилочар кўчалар яратилади. Тадбиркорлар уларда кун-у тун фолият олиб боришлари мумкин бўлади.
Йирик шаҳарларда, вилоят ва туман марказларида 1 сентябрга қадар савдо ва кўнгилочар кўчалар яратилади. Тадбиркорлар уларда кун-у тун фолият олиб боришлари мумкин бўлади. Бу ҳақда 11 май куни эълон қилинган «Хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарорида келтирилган.
Ҳужжатга кўра, барча тадбиркорлик субъектларига жамоат хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда 24 соат мобайнида тун-у кун фаолият юритиш ҳуқуқи берилиши белгиланган.
Вилоятлар ҳокимликлари ҳамда Туризм ва спорт вазирилигига тадбиркорлар билан ҳамкорликда савдо ва кўнгилочар кўчалар яратиш вазифаси топширилди. Кўчма савдо объектлари учун жойлар тадбиркорлик субъектларига электрон онлайн-аукцион асосида сотилиши белгилаб қўйилди.
Шунингдек, ушбу қарорга асосан ҳокимиятларга 2021−2023 йиллар давомида ташаббускор тадбиркорлик субъектлари томонидан туман ва шаҳарларда деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари барпо этилишига кўмаклашиш топширилган. Шу билан бирга, янги ташкил этиладиган деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари устав капиталида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мажбурий иштироки бекор қилинади.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йил октябрь ойидан бошлаб умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар муассасаларига, талабларга кўра, ҳисобга олган ҳолда тун-у кун ишлаш ҳуқуқи берилди. Бунинг учун бир қатор талаблар, жумладан, видеони 30 кунгача сақлаш қобилиятига эга видеокузатув тизими, бино ва автотураргоҳ ҳудудининг етарли даражада ёритилган бўлиши, хонадаги шовқин меъёрларига риоя қилиш, ёнғинга қарши ускуналар ва тиббий жиҳозлар билан таъминлаш каби бошқа талабларга риоя қилиниши лозим қилиб қўйилган эди.
Манба: gazeta.uz