Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Ўзбекистонда пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий сони ва ундаги аёллар улушини маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳудудий туман (шаҳар) бўлимларида ҳисобга олинган пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий сони 2021 йил 1 апрель ҳолатига кўра, 3 миллион 877 минг 200 нафарни ташкил этмоқда.
Шундан 3 миллион 464 минг 800 нафари пенсия олувчилардир. Уларнинг 2 миллион 10 минг 400 нафари (58,0 фоиз)ни аёллар ташкил этади.
Нафақа олувчилар сони 412 минг 400 нафар бўлиб, уларнинг 192 минг 100 нафари (46,5 фоиз) аёллардир.
Маълумот учун, пенсия ҳисоблашнинг базавий миқдори ойига 262 470 сўмни, ёшга доир энг кам пенсия 513 350 сўмни, болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа 513 350 сўмни, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқораларга бериладиган нафақа ойига 315 030 сўмни ташкил этади.
Аввалроқ Ўзбекистонда пенсия ва нафақаларни тайинлашда фуқаролар учун янада қулай шароитлар яратиш мақсадида 2021 йил 1 июндан бошлаб бир қатор ўзгаришлар бўлиши ҳақида хабар берилган эди.