Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг Kun.uz’га маълум қилишича, республика солиқ тушумлари жорий йил 1 январидан 30 апрелигача бўлган даврда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 29,5 фоизга ўсди. Тушумлардаги сезиларли ўсиш Навоий (37,6 фоиз), Қашқадарё (34,2 фоиз), Хоразм (32,2 фоиз), Жиззах (31,8 фоиз) вилоятлари ҳамда Тошкент (35,4 фоиз) шаҳрида кузатилган.
Таҳлил қилинаётган даврда божхона тўловларидан тушумлар 44,6 фоизга юқорилади. Даромад ҳажмининг энг катта ўсиши Жиззах (3 баробар), Сирдарё (2,3 баробар), Фарғона (2,1 баробар), Наманган (95,8 фоиз) вилоятларида ва Қорақалпоғистонда (78,8 фоиз) қайд этилди.
«Ушбу даврда импорт таркибида машинасозлик ва транспорт ускуналари, ундан кейин ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, кимёвий моддалар, озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар устунлик қилди», дейилади манба маълумотида.
Давлат божхона қўмитаси маълумотларига кўра, йил бошидан буён ўтган йилнинг шу даврига нисбатан товарларни экспорт қилиш ҳажми 36,3 фоизга ошди. Маҳсулотлар экспорти ҳажмининг юқори ўсиши Жиззах (2 баробар), Сирдарё (93,5 фоиз), Андижон (78,4 фоиз), Бухоро (69,4 фоиз) ва Тошкент (53 фоиз) вилоятларига тўғри келди.
«Ҳозирги вақтда импортнинг аксарият қисми ишлаб чиқариш объектларини яратиш ва модернизация қилиш учун фойдаланиладиган машина ва ускуналардан иборат бўлиб, улар узоқ муддатда иқтисодий ўсишга, шу жумладан, тайёр маҳсулотлар экспортининг ўсишига ёрдам беради. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, саноат моллари, озиқ-овқат маҳсулотлари ва кимёвий моддалар экспорти жадал ўсиб бормоқда.
Таҳлил қилинган давр учун тижорат банклари томонидан берилган кредитлар ҳажми 25,3 фоизга ўсди. Берилган кредитлар ҳажмининг энг катта ўсиши Сурхондарё (71,7 фоиз), Навоий (70,3 фоиз), Хоразм (45,6 фоиз), Бухоро (44,4 фоиз) вилоятлари ва Қорақалпоғистонда (34,1 фоиз) кузатилмоқда.
Ўзбекистонда кредитларга бўлган талаб аста-секин тикланмоқда. Ўз навбатида, ички талабнинг ортиши ва бизнес тузилмасининг яхшиланиши талабни қондириш учун кредит ресурслари инфузионини талаб қилади. Банклар томонидан ажратилган кредитлар ҳажмининг ўсиши мамлакатда ишбилармонлик фаолияти босқичма-босқич такомиллашиб бораётганидан далолат беради», дея хабар берди манба.