Ўзбекистонда Tracker ва Onix автомобилларини ишлаб чиқариш 427 миллион долларни ташкил қилади. Бу ҳақда 2024 йилгача бўлган инвестиция дастури лойиҳасига асосланган ҳолда мухбиримиз хабар бермоқда.
Келтирилган маълумотларга қараганда, автомобилларни ишлаб чиқариш 2022 йилда бошланиши режалаштирилган ва иккита модель учун умумий йиллик қуввати йилига 190 мингтани ташкил этади.
Жорий йилнинг 15 июлидан 21 августига қадар Асака автомобиль заводида янги моделларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш бўйича ягона платформага ўтиш учун монтаж ва ишга тушириш ишлари амалга оширилган, улардан биринчиси Tracker ва Onix бўлади. Натижада компания ҳаттоки Lacсetti ва Spark чиқаришни тўхтатишга мажбур бўлган.
Ўтган ҳафта UzAuto Motors машҳур моделларни ишлаб чиқаришни қайта тиклаш ва кенгайтириш ҳақида маълум қилди. Асака заводидаги модернизациядан сўнг ишлаб чиқариш кунига ўртача 800дан ортиқ автомобилни ташкил этади.
Яна бир муҳим жиҳат шуки, Тошкент яқинидаги UzAuto Powertrain Uzbekistan заводида янги двигателлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш учун 190 миллион долларга тенг маблағ сарфланиши режалаштирилган. Эҳтимол, янги авлод бензинли двигател ишлаб чиқариш ҳақида гап бораётгандир. Ушбу двигател энг тежамкор, экологик тоза ва кучли бўлиб, бутун дунё бўйлаб GM моделларини ишлаб чиқаришда кенг қўлланилади.
Бу лойиҳа 2023 йилда якунланади, ишлаб чиқариш қуввати эса бир йилда 185 мингта двигателни ташкил этади.