Жисмоний шахслар томонидан эквиваленти 70 миллион сўмга тенг ёки ундан ошмайдиган сумма доирасидаги нақд валюта маблағларини Ўзбекистонга олиб киришда ва мамлакатдан олиб чиқиб кетишда мажбурий ёзма декларациялаш 2020 йил 1 сентябрдан бекор қилинган.
Кўрсатилган сумма доирасидаги нақд валюта маблағларини йўловчи божхона декларациясида кўрсатмай олиб кириш ва олиб чиқиб кетиш мумкин бўлади. Ушбу суммадан ортиқ миқдордаги нақд валюта маблағларини олиб кириш ва олиб чиқиб кетиш чоғида жами сумма ёзма равишда декларацияланади.
Жисмоний шахсларга божхона назорати қоидаларига риоя қилган ҳолда нақд валюта маблағларини чекланмаган миқдорда олиб киришга, эквивалентда 100 миллион сўмга тенг ёки ундан ошмайдиган сумма доирасида олиб чиқиб кетишга рухсат берилган («Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуннинг 22-моддаси).
Фақат қуйидаги шахслар кўрсатилган суммадан ортиқ миқдордаги нақд валюта маблағларини республика ташқарисига олиб чиқиб кетишлари мумкин:
• резидентлар – хорижий давлатларга хизмат сафарига кетаётган Ҳукумат делегацияси аъзолари учун Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши асосида;
• норезидентлар – республикага кириш чоғида расмийлаштирилган йўловчи божхона декларацияси асосида декларация қилинган маблағлар доирасида, шунингдек, республикада белгиланган тартибда ташкил қилинган халқаро мусобақалар (танловлар, олимпиадалар) совриндорлари ёки қатнашчилари томонидан маблағларнинг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида.