“Ўзчармсаноат” уюшмаси томонидан “2016-2020 йилларда чарм-пойабзал ва мўйначилик тармоғининг ривожланиш босқичи” мавзусида ташкил этилган матбуот анжуманида йўналишда эришилган ютуқлар ҳамда галдаги вазифалар ҳақида маълумот берилди.
Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларида 2016 йилда атига 15,7 миллион долларлик инвестиция жалб этилган, бу кўрсаткич 2020 йилда коронавирус пандемияси бўлишига қарамай, 187,6 миллион долларга етди.
Сўнгги йиллар мобайнида тайёр чарм-пойабзал, чарм-атторлик маҳсулотлари, мўйна ва қоракўл териси, маҳаллий корхоналар хомашёси асосида жундан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли даражада кўпайди. Миллий чарм-пойабзал ва мўйначилик маҳсулотларимизнинг сифати ва тури ортди. Ўтган йил якунларига кўра соҳа корхоналари томонидан 3 триллион 647 миллиард cўмлик махсулотлар ишлаб чиқарилди ва 2016 йил билан таққосланганда ўсиш сурати 8 маротабадан ошган.
Ўзбекистонда хомашё етарли. Фақат авваллари уни қайта ишлаш орқада қолганди. Мана шу камчиликни тўлдириш мақсадида сўнгги йилларда тизим корхоналари Италия, Германия, Туркия, Хитой каби саноати ривожланган давлатларнинг етакчи компанияларида ишлаб чиқарилган энг яхши дастгоҳлар билан жиҳозланди. Маҳаллий тадбиркорлик субъектларини хом ашёни чуқур қайта ишлаш жараёнига жалб этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
— Бугунги кунда олдимизда маҳаллийлаштиришни таъминлаш, ички ва тармоқлараро кооперацияни жадал ривожлантириш, маҳсулот сифатини кўтаришдек бир қатор устувор вазифалар турибди, дейди, “Ўзчармсаноат” уюшмаси раисининг ўринбосари Акбар Султонов. — Буни рақамларда ҳам кўриш мумкин. Агар 2016 йилда хорижий давлатларга сотилган тайёр чармнинг фақат бир фоизи иккинчи ва учинчи марта қайта ишланган чарм, қолгани яримтайёр маҳсулот бўлган бўлса 2021 йил якунига келиб, юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулотларнинг экспортини 420 миллион долларга етказишни мўлжаллаганмиз.
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ёрлиғи остидаги чарм-пойабзал ва мўйнали маҳсулотлар дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатлари бозорида ўз харидорини топиб улгурган. Уюшма таркибидаги корхоналар билан биргаликда ҳар йили хорижий давлатларда ўтказиладиган “Aymod”, “Aysaf”, “China International Export & Import”, “APLF Leather & Materials”, “MICAM Milano International Footwear Exhibition”, “Linipelli”, “Pure London”, “India International Leather Fair”, “Mosshoes”, “Shoes Star-Asia”, “Биот”, “Мягкое золото” ва бошқа бир қатор Халқаро чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларига мўлжалланган кўргазмаларда муносиб иштирок этиб келмоқда.
Соҳада амалга оширилаётган ишлар аҳолини арзон, сифатли, замонавий ва чиройли пойабзал ҳамда чарм-атторлик буюмлари билан таъминлашга хизмат қилади.