Зироат Мирзиёева раислигидаги фонд ўз фаолиятини 5 минг аёлга моддий ёрдам беришдан бошлади

Ўзбекистонда очилган Zamin халқаро фонди мамлакатдаги ёрдамга муҳтож аёлларни қўллаб-қувватлаш учун 5 млрд сўм маблағ ажратди.

Карантин сабабли қийин аҳволга тушиб қолган ўзбекистонлик аёлларга ёрдам бериш ташаббуси Зироат Мирзиёева раислигидаги фонд васийлик кенгаши томонидан илгари сурилган.

Маълум қилинишича, Zamin фонди фаолияти узоқ муддатли, стратегик аҳамиятга эга ва барқарор лойиҳаларга қаратилган. Хусусан, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, эшитиш қобилиятида нуқсони бўлган болалар таълимини ривожлантириш, ижтимоий соҳага инновацион технологияларни жорий этиш бўйича қатор лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирган. Аммо ҳозирги вазият ўз ҳукмини ўтказмоқда.

«Бугун кўмак беришнинг айни вақти эканини англаган ҳолда, фонд васийлик кенгаши аъзолари хайрли ишга ҳисса қўшишга қарор қилдилар.

Шу боис лойиҳаларга жалб қилинган маблағлар оғир аҳволда қолган аёллар ва оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилди. Беш миллиард сўм миқдоридаги хайрия маблағи Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги ёрдамга муҳтож беш минг нафар аёлга йўналтирилди», – дейилади фонд хабарида.

«Хавфсиз ва ўз вақтида берилган ушбу ёрдам қийин кунларда умидсизликка тушиб қолганларга умид бахш этсин, меҳр ва мурувват ойи бўлмиш муқаддас Рамазон ойида уларнинг оилалари ва яқинларига илиқлик, қувонч ва табассум ҳадя қилсин», — дея изоҳ берди фонд васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева.

Қайд этилишича, коронавирус пандемияси ҳукм сураётган бир вазиятда муҳтожларга ёрдам ва мурувват кўрсатиш ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ аҳамият касб этиб, Ўзбекистон халқини янада жипслаштириш ва барча синовлардан ёруғ юз билан ўтиш имконини беради.

«Фақат шу тарзда, меҳр-оқибатли одамларнинг кўмагида, биргаликда ва ҳамжиҳатлик билангина қийинчиликларни енга оламиз», дейилади фонд ахборотида.

Маълумот учун, Zamin халқаро жамоат фондига нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида Ўзбекистонда асос солинган. Фонднинг мақсади — мамлакатнинг барқарор ривожланишига ҳисса қўшиш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия бадаллари, шунингдек, халқаро ташкилотларнинг грантлари – фонд маблағини шакллантиришнинг асосий манбалари ҳисобланади.

Фонд фаолияти ҳақида батафсил маълумотни www.zaminfoundation.ngo расмий веб-сайтидан олиш мумкин.
Манба: Kun.uz

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.