Ўрмонлар ҳақли равишда сайёрамизнинг ўпкалари деб аталади, чунки улар ҳаётий муҳим экотизим вазифаларини бажарадилар. Бу борада Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамда Глобал Экологик Жамғарманинг “Ўзбекистон тоғ ва водий ҳудудларида ўрмонларни барқарор бошқариш” лойиҳаси доирасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг Миллий ҳамкори Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳисобланади. Лойиҳа 2018 йилдан буён Сирдарё, Поп, Китоб ва Деҳқонобод ўрмон хўжаликларида амалга оширилмоқда. Бунда ўрмон хўжалигини бошқариш ва ўрмон ресурсларидан фойдаланишнинг шундай усулини қўллаш назарда тутилмоқдаки, унга кўра маҳаллий аҳолига ўрмон маҳсулотларидан янада кенгроқ фойдаланиш, ўрмонларни бошқаришда бевосита иштирок этиш, ўрмон ҳосилдорлигини ва шу билан бирга, уларнинг экологик функцияси, эстетикаси ва рекреацион қимматини, биологик ва ландшафт хилма-хиллигини сақлаб қолишга имкони берилади.
“Лойиҳамиз 4 йилдан буён Ўзбекистон ўрмон хўжалигидаги асосий муаммоларга жиддий эътибор қаратиб келмоқда. Ҳар йили ФАОнинг халқаро ва миллий экспертлари қишлоқ аҳолисининг салоҳиятини ошириш мақсадида ўқув семинарлари ўтказадилар, уларга боғ ва дарахтзорларни ривожлантириш, доривор ва қишлоқ хўжалик экинларини етиштириш бўйича илмий тавсиялар берилади”, – деб қайд этди лойиҳанинг техник координатори Олимжон Каҳҳоров.
2021 йил декабрь ойида ФАО кўмагида Деҳқонобод ўрмон хўжалигида деярли 13 гектар майдонда ўтинбоп дарахт плантациялари, тоғ террасалари ва уруғ ва ниҳол қаламчалари ўстириладиган ниҳолхоналардан иборат лойиҳанинг кўргазмали участкалари ташкил этилди. Бунинг учун ФАО томонидан 16 минг донадан ортиқ кўчат, 5 минг дона қаламча ва 880 килограмм уруғ харид қилинди. Бу майдонда томчилатиб суғориш ишлари ҳам олиб борилди. Ушбу майдонлар ўрмон хўжалиги, инновациялар ва гендер мувозанатли барқарор ўрмон бошқарувидаги илғор тажрибаларнинг намунаси бўлиб хизмат қилади. Шу кунларда “Экиш материаллари: лойиҳа майдонлари учун уруғлар, кўчатлар ва қаламчалар” мавзусида семинар бўлиб ўтди ва унда 100 дан ортиқ лойиҳа бенефициарлари иштирок этди. Семинар доирасида ФАО томонидан маҳаллий аҳолига ўз томорқаларида яшил майдонлар яратиш учун 4 минг тупдан ортиқ кўчатлар топширилди.
Лойиҳа доирасида фақат ўтган йилнинг ўзида жами 1220 гектар майдонда ўрмон плантациялари яратилиб, тўртта тажриба участкасига 265 мингдан ортиқ кўчат экилди.