Бу Kari ва «Oʻzcharmsanoat» уюшмаси вакиллари ўртасидаги музокаралардан сўнг маълум бўлди.
Kari 2012 йилда ташкил этилган бўлиб, Россияда пойабзал савдоси билан шуғулланадиган энг йирик бешта чакана савдо тармоғидан биридир. 2020 йил охирига келиб, компания Россия, Белорусь, Украина, Қозоғистон, Польша ва бошқа мамлакатларнинг 300 дан ортиқ шаҳарларида 1300 дан ошиқ чакана савдо шохобчаларига эга бўлди.
Шундай қилиб, Kari ID Retailer рейтингида энг самарали ривожланаётган чакана савдо тармоқлари қаторига киради ва Россиянинг ўзида у энг ривожланган чакана савдо тармоғи ҳисобланади. Шунингдек, компания учта мамлакатда франчайзинг асосида ишлайди. 1000 дан ортиқ Kari дўконларида йилига 25 миллион жуфт пойабзал сотилади.
Музокаралар давомида Kari компанияси вакиллари ўзларининг маркали пойабзалларини ишлаб чиқарадиган янги заводни Ўзбекистонда очишни режалаштираётганлигини таъкидлади. Меҳмонлар қулай ишбилармонлик муҳити ва мамлакатимиздаги хорижий инвесторларга давлат томонидан кўрсатилаётган амалий ёрдам туфайли бир йил ичида янги заводни ишга туширишларига ишонч билдирди.
Биринчи босқичда Ўзбекистонда очиладиган завод 10 миллион жуфт пойабзал ишлаб чиқаришни йўлга қўяди. У экспорт қилинади. Корхона тўлиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига қурилади. Натижада 1000 дан ортиқ иш ўринлари яратилиши кутилмоқда. Ишга тушириш жараёнлари билан бир қаторда завод маҳаллий мутахассисларни тайёрлашни ташкил этади. Шунингдек, ишларга тажрибали дизайнерлар ва ҳунармандлар жалб қилинади.
Kari Ўзбекистонда нафақат асл чармдан пойабзал, балки юқори сифатли сунъий теридан тикилган классик ва спорт моделларини ҳам ишлаб чиқаришни мақсад қилган. Корхона энг замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланади.